O`zbekiston

ШЎРЧИЛИК ТАДБИРКОР АЁЛ: «МЕНИНГ ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИМ ИНҚИРОЗИГА ФАҚАТ ОЛИЙ СУД СУДЬЯЛАРИ АЙБДОР!!!»

2017 йил июн ойида Шўрчи туманидаги “Шўрчи Деҳқон (Озиқ-овқат) бозори” МЧЖ ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлар орасида “Бозор ҳудудидаги ҳамма дўконлар бузилиб, жойи бошқа кишига бериб юборилар экан. Дўкон эгаларига бузилган дўкон учун товон пули тўланмас эмиш, дўкон қуриш учун бошқа ер ҳам ажратилмас эмиш” деган совуқ  хабар тарқалди. Аввалига бу ҳам ҳар доимгидек миш-миш бўлса керак, Президентимиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб турганда бундай ноқонуний ишга йўл қўйилмаса керак деб ўйлагандек. Афсуски миш-миш ҳақиқатга айланди-2017 йил Шўрчи тумани ҳокимияти мансабдор шахслари томонидан “Шўрчи Деҳқон (Озиқ-овқат) бозори” МЧЖ ҳудудида 60 яқин тадбиркорларнинг хусусий мулки бўлган биноларнинг бузилиш сабаблари ва ким томонидан қандай ҳужжатларга асосан бузилиши ҳақида ҳужжатлар тақдим этилмасдан ва ҳаттоки дўкон эгаларини расмий огоҳлантирилмасдан 2017 йил 9 июн куни (жума куни тунда) бузиб ташланди.

Шундан сўнг тадбиркорлар бу бедодликка чидамасдан юқори давлат органларига мурожаат этавергач, 2017 йил 17 июн куни Шўрчи тумани ҳокими “Шўрчи Деҳқон (Озиқ-овқат) бозори” МЧЖ ҳудудида тадбиркорларнинг дўконларига тегишли ер майдонлари ажратиш ҳақидаги  бир неча йил аввалги туман ҳокими қарорларини бекор қилди. Бу орада тадбиркорларга Шўрчи туман ҳокимияти томонидан “Шўрчи Деҳқон (Озиқ-овқат) бозори” МЧЖ ҳудудида дўкон эгаларига уларга тегишли дўкон қарорлари Шўрчи туман ҳокимининг 2017 йил 17 июндаги 1181-сонли қарори билан бекор қилинганлиги сабабли дўконларни ўз ихтиёри билан бузиб олиш ҳақида огоҳлантириш хати тарқатилди.

Энди тадбиркорларга тегишли дўконларни ноқонуний эмас, қонунга мослаб бузиш учун Шўрчи туман ҳокимияти Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлаларо судига “Бозор ҳудудидаги савдо дўконини жавобгар ҳисобидан буздириш мажбуриятини юклаш ҳақида” даъво ариза киритди. Ҳокимият мансабдор шахсларинику Худо урган экан, салкам 200 тадбиркорнинг қонуний ва ҳамма ҳуқуқий ҳужжатлари бўлган дўконларини “ноқонуний” деб судга берди,  лекин фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судьяси ундан баттар масъулиятсиз ва қонунни ҳам ва ҳаттоки Конституцияни ҳам тан олмайдиган киши экан. У бир кунда 100 дан ортиқ фуқаровий ишни кўрмасдан кўрдим деб, жавобгарларни судга чақирмасдан, чақирдим келмади деб, дўконларни бузиш ҳақида қарор қабул қилиб туман ҳокимияти вакилларига тақдим этди.

Бу ноқонуний ишлардан норози бўлган тадбиркорлар фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляция ҳайъатига апелляция аризаси билан мурожаат этишди, лекин “Карвон боши не келса, охири ҳам шу келар”деганидек, вилоят суди раиси 2017 йил 28 ноябр куни номигагина суд мажлиси ўтказиб, тадбиркорларга ҳамдард бўлгандек “Энди сизларга янги дўкон қуриш учун ер ажратилади, лекин ҳокимиятнинг сизларга тўлагани пули йўқ-да!”деб ФИБ Денов туманлараро судининг 2017 йил 19 октябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирди ва тадбиркорларга “Туман ҳокимининг 17.06.2017 йилдаги 1181-сонли қарорини судга бериб бекор қилдиринглар, шунда дўконларинг бузилмайди” деб чалғитди.

Биз “адолатпарвар” судьянинг гапига ишонмай, адолат излаб Тошкентга бордик. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ё.Холиёровга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари А.Тошқуловнинг қабулида бўлдик, улар ҳам ҳамдардлик билдиришган киши бўлишди, лекин иш судда кўрилаётгани учун аралаша олмаслигини айтишди.

2017 йил 6 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий судига протест келтириш тўғрисида ариза ёздик, аризамизни олиб қолди ва “…Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 352-моддасига асосан, Олий судда иш назорат тартибида кўрилгунга қадар суд қарорларининг ижросини ТЎХТАТАМАН.”деб ижрочиларга хат юборди. Лекин ушбу иш судда кўрилмади ва туман ҳокимияти вакиллари тадбиркорларга тегишли дўконларни буза бошлади.

Биз Олий судда ишимиз адолатли кўриб чиқилишига умид қилиб кутдик ва охри Тошкентга бордик, Фуқаролик ишлари бўйича Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоровга учрашдик, у киши бизнинг қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб қайтарди.

2018 йил 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари Ш.Аҳадованинг имзоси билан қуйидагича жавоб берилди:“Суд қарорларидан норози бўлиб ёзган шикоятингиз юзасидан қуйидаги маълум қилинади.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 28 ноябрдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Денов туманлараро судининг 2017 йил 19 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Шўрчи туман ҳокимиятининг Н.Ишмуродовага нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган савдо дўконини буздириш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантирилган.

Унга кўра, Шўрчи туман “Деҳқон озиқ-овқат” бозори ҳудудидаги Н.Ишмуродовага тегишли, умумий ер майдони 59.11 кв.м.дан иборат савдо дўкони унинг ҳисобидан буздирилиши белгиланган.

Ҳозирги кунда Денов туман хокимияти томонидан бузилиши белгиланган савдо дўконлари эгаларига имтиёзли асосда савдо дўконлари ажратиш белгиланганлиги сабабли амалдаги ФПКнинг 362-моддаси талабларига риоя қилган  ҳолда суд қарорини янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигингиз тушунтирилади.

Биз Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига қайтиб келдик. Деновда эса “Олий суддагилар Сизларни алдабди, янги очилган ҳолат бўйича иш очиш учун асос йўқ. Майли ариза беринглар, барибир рад қиламан.”деди.

Шўрчи туман ҳокимлиги мансабдор шахслари бозор ҳудудидаги ҳамма дўконларни ер билан яксон қилди. Бозор бузилиш арафасида сотиладиган маҳсулотларимизни уйга олиб бордик ва улар сифатини йўқотиб, бутунлай яроқсиз бўлиб қолди. Биргина бизнинг оиламиз сотилиш учун олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини йўқотганлиги туфайли салкам 20 миллион сўмлик зарар кўрдик.

Биз имтиёзли асосда савдо дўконлари олиш учун Шўрчи туман ҳокимига ариза билан мурожаат этдик, лекин дўкон берилмади ва бизнинг бузилган дўконларимиз ўрнига қурилиш қураётган “Шўрчи Шакаркўл” МЧЖ раҳбари вақтинча дўконда савдо қилиш учун 3х4 метр ҳажмдаги учта дўкон учун 15 миллион сўм пул талаб қилишди. Бизнинг эса тўлашга пулимиз йўқ, товаримиз бузилиб қолди. Шу тариқа бутун умр бўйи тўплаган мол-мулкимиз йўқ бўлиб, бутунлай хонавайрон бўлдик.

2018 йил 8 август куни Олий судга қайта ариза юбордик, бу аризамизга 2018 йил 24 сентябрда Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судьяси Н.Рахманов кўриб қуйидаги мазмунда Ажрим юборибди: «Жавобгар Н.Ишмуратовага тегишли савдо дўкони  давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан бузилган.

Ер участкасини қайтариб олиш жараёнида етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмаган.

Амалда савдо дўкони бузилганлиги туфайли суд қарорини бекор қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Низоли иморат бузилганлиги натижасида жавобгарнинг ҳуқуқларини тиклаш талаб этилади…

А  Ж  Р  И  М     Қ  И  Л  Д  И  М  :

Фуқаро Н.Ишмуратованинг шикояти бўйича суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас деб топилсин.

Жавобгар Н.Ишмуратовага етказилган зарарни қоплаш борасида судга мурожаат этиш тушунтирилади. » дейилган, яъни Олий суд биз 2017 йил 6 декабрда назорат тартибида топширган аризамизни қонуний кўриб чиққанда эди, бизнинг хусусий мулкимиз бўлган дўконларимиз бузилмас эди.

Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича раиси Х.Ёдгоров бизни алдаб ишимизни қонуний кўрмади ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раисининг ўринбосари Ш.Аҳадова эса бизни алдаб ФИБ Денов туманлараро судига янги очилган ҳолат бўйича мурожаат қилишни “тушунтирган.”

Бу фақат менинг оилам кўрган зарар, Шўрчи туманида мендек яна 200 га яқин тадбиркорларнинг дўконлари бузилди ва уларнинг кўпчилигининг тадбиркорлик фаолияти тўхтаб, мулки хонавайрон бўлди. Мен эса эрим билан уйда ўтирибмиз. Уйдаги бор мол-мулкимизни сотиб банкдан, олинган кредитимизни тўлаяпмиз.

Дўконимиз 230 миллион сўмга баҳоланган эди, агар Олий суд судьяси Н.Рахманов “тушунтирган”идек моддий зарарни ундириш учун яна фуқаролик судига мурожаат этсак, яна судга 9 миллион 200 минг сўм давлат божи тўлашимиз керак экан. Агар яна шу фуқаролик судига мурожаат этсак, ишимиз адолатли кўриб чиқилишига ким кафолат беради, яна шу Х.Ёдгоров ёки унинг ўринбосарларими?

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, йиллар давомида тўплаган маблағимизга сотиб олиб уни таъмирладик. Қонуний рўйхатдан ўтказдик ва талаб қилнгандек давлатга солиқ ва бошқа тўловларни тўлаб фаолият  юритдик, энди эса ҳаммасини йўқ қилишди, бизнинг қонуний дўконларимизни “ноқонуний” қилиб бузиб ташлашди, суд эса адолатли қарор қабул қилмасдан бизни сарсон қилишди…

Шунча воқеадан кейин кимга ишонайлик: эртадан кечгача тадбиркорликни қўллаб-қувватлаб қарор қабул қилаётган ҳукуматимизгами ёки ўша қонунларни оёқ ости қилаётган ҳокимлар ва судьяларгами?

Ижроси таъминланмаган қонунлар кимга керак?…

Аввал тадбиркор бўлган ва ҳозирда уйда хонавайрон бўлиб ишсиз ўтирган

Н.Ишмуратова

2018  йил 12-октябр

 

Related Articles

Close