O`zbekiston

МИЛЛИАРД-МИЛЛИАРД СЎМ МАБЛАҒЛАР ҚАЁҚҚА САРФЛАНМОҚДА?

2018 йил 27 сентябр куни Тошкентдан Сурхондарёга қайтаётганимизда 4Р87 йўлида мудҳиш йўл транспорт ҳодисаси устидан чиқиб қолдик. Йўл четида трактор тележкаси орқа тарафидан “Нексия” келиб урилган. Воқеа жойида икки нафар киши машинадан олиниб йўл четига ётқизиб қўйилибди. Мудҳиш воқеа рўй берган жойда ЙПХ ходимлари ва “Тез ёрдам” машинаси кўринмади, афтидан биз воқеа содир бўлган заҳотиёқ етиб борганмиз. Тележканинг орқа тарафида ҳеч қандай огоҳлантирувчи қизил чироқ йўқ, ҳаттоки орқа тарафдан келаётган транспорт воситаларига кўринадиган қилиб қизил латта ҳам илинмаган. Икки нафар кишининг аҳволи қанчалик оғирлигини билмаймиз, орадан сал ўтиб “Тез ёрдам” машинаси етиб келди. Машинадаги шикастга қараганда олд ўриндиқдаги кишиларнинг омон қолишига ишонч йўқ. Йўлни давом этар эканмиз, чорраҳада икки машина йўлдан чиқиб кетганлигининг гувоҳи бўлдик. Бир вақтда икки йўл транспорт ҳодисаси рўй берган.

-Мана иккита авариянинг гувоҳи бўлдиларингиз, биринчисида инсонлар ҳалок бўлганга ўхшайди,-йўлдаги воқеага изоҳ берди ҳайдовчи,-чунки бундай кучли зарбдан ҳайдовчи ва ёнидаги йўловчи кўп жароҳат олади. Кўпинча олд ўриндиқдаги йўловчилар ҳалок бўлишади. Бу авариянинг сабабчиси трактор ҳайдовчиси, агар тележка орқасидаги қизил чироқ ёниб турганда “нексия” ҳайдовчиси сезарди. Иккинси сабаби “нексия-1” машинасининг йўлни ёритадиган фаралари жуда хиралиги, айниқса яқинни ёритувчи фаралари  жудаям кучсиз. Тажрибали ҳайдовчи бўлмаса олдида кетаётган пиёда ёки орқа чироғи ёнмайдиган тележкаларга урилиши аниқ. Бундан ташқари йўлларимизнинг аҳволи жуда ёмон. Катта маблағ ҳаражат қилиниб йўл таъмирланади, 2-3 йил ўтмасдан йўл “тўлқинсимон” бўлиб қолади. Бунга оғир юк машиналарини айбдор қилиб кўрсатишади, лекин таъмирлаш жараёнида булар ҳисобга олиниш керак-ку.

Ҳайдовчининг фикрига қўшиламиз, ҳақиқатан йўлларимиз таъмирланишига қарамасдан, нари борса икки-уч йилда яроқсиз аҳволга келиб қолади, йўлдаги йўл транспорт ҳодисалари учун бирон марта йўлсозлар жавоб бергани йўқ. Узоқ йўлга чиқувчилар эса тунги пайтда йўлга чиқишади, сабаби ҳаммамизга маълум-йўлда радар кам бўлади, қолаверса пиёдалар ҳалақит қилишмайди.
Аммо деярли ҳар куни одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган йўл транспорт ҳодисаси рўй бермоқда, ҳаттоки тунги “онлайн радар”лар ишлаётган бўлишига қарамасдан йўл транспорт ҳадисалари туфайли одамлар ҳалок бўлиши камаймаяпти.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллари давлат қўмитаси раиси Абдувалиев Абдураҳмон Абдулҳаевичга саволимиз бор, ҳурматли Раис, қачон автомобил йўллари талаб даражасида таъмирланади, йўлларни таъмирлаш учун давлатимиз томонидан ажратилаётган миллиард-миллиард сўм маблағлар қаёққа сарфланмоқда?

Оловжон

Related Articles

Close