Адабиёт

АЙ ҚАЛАМ!

Ай қалам, ҳақ йўлида бўл тўғри,
Эгрилик айлама, бўлма ўғри.

Ай қалам, тўғрини эгри ёзма,
Алданиб оқчаға йўлдан озма.

Тўғри юр, тўғри гапир, тўғри ёз,
Эгрилик қилғувчининг қабрин қаз.

Тўғриликни ўзингга маслак тут,
Тўғри келганда бу йўлда қон ют.

Сени дер бунда биров «тескаричи»,
Бириси дер: «Бу киши миллатчи».

Бири дер «динчи», бири «руҳиячи»,
Бири «нодон», бири «сапсатачи».

Ким на дер, деяберсин сўзини,
Сўзила кўрсатсин юзини.

Илтифот этма аларга, ёза бер,
Сен ҳақиқат чечагин доим тер.

Ай қалам, ҳақни ёзарда ўлғил,
Маслакинг йўлида қурбон бўлғил.

Бу замонда ким эрур ҳаққоний,
Шубҳасиз тўкилур онинг қони.

Ҳожи Муин

«Зарафшон» газетаси, 1923 йил, 25 январ

Related Articles

Close