Bu qiziq

ТОҒЛАРДАГИ ТАБИИЙ АРЧАЛАР ЯНА НЕЧА ЙИЛДАН СЎНГ БУТУНЛАЙ ЙЎҚОЛИБ КЕТАДИ?

(фотолавҳалар)

Яқинда Тошкентга йўлга чиқдик, Бойсундан ёши юзни қоралаб қолган отахон йўлдош бўлди. Йўлда отахон Бойсун тоғларига термулиб суҳбат бошлади:

-Ёдимда, болалигимда Бойсун тоғлари бағридаги қирларда қўй боқардик. Шунгаям саксон йилдан ошибди, унда тоғларда арчазорлар орасига киришга қўрқардик. Тоғда айиқ, бўри каби йиртқич ҳайвонлар жуда кўп бўларди. Энди эса ҳамма томон қишлоқ бўлиб кетди. Айиқни  кўрмаганимга кўп йиллар бўлди, энди бўри билан тулкилар ҳам ноёб бўлиб қолди. Агар шу ҳолда аҳоли кўпайиб, тоғдаги арча ва буталар кесилиши ва чорва моллари боқилиши давом этаверса, кейинги эллик йилда тоғда бирон гиёҳ қолмайди,-тоғларга тикилганча сўзини давом эттирди бойсунлик отахон,-уруш йиллари тоғда қишлоқлар жуда кам, боридаям 10-15 хўжалик яшашарди. Тоғликлар асосан кўчиб юришарди. Ҳозир эса тоғдаги қишлоқлар ҳам шаҳардек бўлиб кетди. Энг ёмони аҳоли қурилиш учун тоғдаги арчаларни кесиб юбормоқда. Истаган уйингизни бориб кўринг, ҳаттоки ҳожатхона, молхоналарига арча дарахтларини кесиб  ишлатган.

-Тоғда кесилган арча ўрнига янги кўчат экса бўлмайдими, ҳарқалай кесилган дарахт жойларини қопларди,-суҳбатга аралашди яна бир йўловчи.

-Қийин, жудаям қийин. Биринчидан, тоғда арча жуда секин ўсади, кўчатларнинг тутиб кетишига кўп йиллар керак. Иккинчидан чорва моллари кўп, ўсаётган кўчатларни пайхон қилаверади. Учинчидан, тоғдаги катта арчалар кесилгандан сўнг ер тагида намлик камайиб кетади, булоқлар қурийди, сувсиз кўчатлар барибир қуриб қолади.

Отахоннинг гапида жон бор, шу суҳбатдан сўнг Бойсун туманида яшовчи фаоллардан тоғдаги табиий ҳолда ўсувчи дов-дарахтлар ноқонуний кесилиш ҳолати ҳақида сўраб суриштирдик.

-Яхшиси суратга тушириб суратларини юбораман, ўзларинг хулоса чиқариб олаверасизлар.-гапни қисқа қилди тоғлик фаолимиз.

Орадан кўп ўтмай Бойсун тумани “Ўрта мачай” маҳалласида фаолият олиб бораётган чорва фермер хўжалиги раҳбарининг  уйи ва оғилхонаси қурилишида ишлатилган арча дарахти тасвирланган суратларни юборибди.

Суратларни кўрар эканмиз бойсунлик отахон айтганидек, шу ҳолда давом этаверса тоғдаги дарахтлар эллик йилга ҳам етмаслигига амин бўлдик.

Агар тез орада давлатимиз томонидан арчазорларни сақлаб қолиш чоралари кўрилмаса, унда  тоғларимизда қўриқлаш зарур бўлган ноёб арча дарахтлари ва бошқа гиёҳлар  қолмайди.

 

Оловжон

Related Articles

Close