O`zbekiston

ИЛГАРИ ПАХТА ТЕРИМИ ДЕГАНДА ХАЛҚИМИЗ АЗОБЛИ МЕҲНАТНИ ТУШУНИШАРДИ, БУ ЙИЛ ЭСА...

Бу йил қўлда терилган бир килограмм пахта учун 650 сўмдан 1000 сўмгача ҳақ тўланиши белгиланди. Хўш, бу йил пахта теримига ҳашарчилар жалб қилинадими? Биз шу савол билан вилоятдаги бир қанча фермаерларга мурожаат этдик, вилоятнинг шимолий ҳудудларидаги кўпгина фермерлар пахта йиғим-теримига ҳашарчиларни жалб этиш нияти йўқлигини билдирди.
-Ўзимизнинг ишчи кучимиз етарли, биринчи теримдаёқ контрактация шартномасидаги режани бажара оламиз. Бундан ташқари йил бўйи даламизда меҳнат қилган ишчиларимиз ўз кучлари билан пахта ҳосилини териш ниятида. 1 кг қўлда терилган пахта учун 950 сўмдан ҳақ тўлаш режалаштирилган, агар бир оиладан уч киши пахта терса, биринчи теримда кунига 300 кг теришим мумкин, бу кунига 285000 сўм дегани. Биз ишчиларимиз билан маслаҳатлашиб, пахтамизни ўзимиз териб олишга қарор қилдик,-дейди олтинсойлик фермер.
Бошқа кўпгина фермерлар ҳам иложи борича пахтасини ўзлари териш фикрини билдирдилар. Маҳаллаларимиздаги ишсиз ёшлар ва уй бекалари эса бу йил ҳам Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларига пахта териш учун жўнаб кетишга тайёргарлик кўришмоқдалар.
-Мен ҳар йили Тошкент вилоятида пахта тераман, ётоқ жойи яхши. Ҳамма шароитлар яратилган. Пахта терганимиздан ташқари ойлик иш ҳақи ҳам тўлашади,-деб ҳикоя қилди Шўрчи туманида яшовчи Қизлархон опа,-қизларим билан бир ой пахта терамиз. Ҳар йили пахта теримида икки миллиондан ортиқ пул олиб қайтардик, бу йил мўлжалим уч миллиондан оширамиз. Кунига ҳар биримиз 100-150 килогарммадан ортиқ пахта терамиз. Бир ойда оиламиз учун қишга етгулик маблағ тўплаймиз. Тўғри, қийинчилиги бор, лекин ҳалол меҳнатимиз-да. Оиламиз учун катта ёрдам бўлади. Қолаверса, пахта ҳам ўзимизнинг бойлигимиз, унинг нобуд бўлишига қараб турмаймиз.
Илгари пахта терими деганда халқимиз азобли меҳнатни тушунишарди, бу йил эса пахта теримини қишлоқ аҳли яхши ниятлар билан кутишмоқда. Хирмонингизга барака, азиз деҳқонлар!

Оловжон

Related Articles

Close