O`zbekiston

“ТЕРМИЗ-ДУШАНБЕ” ҲАМДА “ДЕНОВ-ДУШАНБЕ” АВТОБУСЛАР ҚАТНОВИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Ўзбекистон ва Тожикистон бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлардир. Бизнинг динимиз бир, анъаналаримиз ва турмуш тарзимиз ҳам бир-бирига ўхшаш. Ўзбек ва тожик халқи азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик, қуда-андачилик ришталари билан мустаҳкам боғланган. Шу боис, бизни “икки тилда гаплашувчи бир халқ” дейишади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Давлатларимиз ўртасида автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатнови йўналишларининг қайта тикланиши, чегарадаги барча назорат-ўтказиш постларининг очилиши, турли соҳаларда ўзаро алоқаларнинг тобора кенгайиб бораётганлиги икки мамлакат раҳбарларининг одилона сиёсати самарасидир.

Жорий йилнинг 8 cентябрдан бошлаб “Термиз-Душанбе” ҳамда “Денов-Душанбе” йўналишларида халқаро автобуслар қатновининг йўлга қўйилиши бу икки давлат чегараолди минтақалари ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради.

Шу муносабат билан Термиз ва Душанбе шаҳарларида ўтказилган тадбирларда автобуслар қатновининг йўлга қўйилиши аҳолига қатор қулайликлар яратиши, ўзаро ҳамкорликнинг янги имкониятларини очиши таъкидланди. Ўзбекистон делегацияси аъзолари янги йўналишда илк қатновни амалга оширган, барча қулайликларга эга автобусда Душанбе шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар. Қўшни мамлакат ҳукумати ҳамда Душанбе шаҳри раҳбарияти вакиллари билан чегараолди минтақалар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш борасида эришилган келишувлар ижроси юзасидан мулоқотлар ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, “Термиз-Душанбе” халқаро автобус йўналишининг масофаси 251 км, бўлиб қатновга сарфланадиган умумий вақт 5 соат-у 39 дақиқани ташкил этади. Йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Термиздан Душанбегача — 70 минг сўм. Душанбедан-Термизгача эса 70 сомоний қилиб белгиланган.
Йўналиш масофаси 107 км. бўлган “Денов-Душанбе” халқаро автобус йўналишида йўловчилар 2 соат 25 дақиқада ўз манзилига етказилади. Йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Деновдан Душанбегача 40 минг сўм. Душанбедан Деновгача эса 40 сомоний этиб белгиланди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Related Articles

Close