O`zbekiston

ТОҒДАГИ 800 ЙИЛЛИК АРЧА ДАРАХТИ КЕСИЛИБ ФЕРМЕРНИНГ МОЛХОНА ҚУРИЛИШИГА ИШЛАТИЛИБ ЮБОРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси “Ўрмон тўғрисида”ги қонуни. 5-модда: “Ўрмонлар давлат мулки — умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш лозим ҳамда улар давлат томонидан муҳофаза қилинади.”

Мутахассислар маълумотига кўра Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари тоғларида ўсувчи Зарафшон арчаси ноёб арча турларидан ҳисобланади ва у Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган. Зарафшон арчаси тоғли ҳудудларнинг денгиз сатҳидан 2600 метр баландликларида ўсади. Тоғдаги арчазорлар қор-ёмғир сувларини илдиз остида сақлаши тоғдаги булоқларни сув таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бир дона вояга етган арча дарахти бир метр кубдан ортиқ сувни сақлайди. Бундан ташқари арчазорлар ҳаётимиз учун муҳим бўлган кислород ишлаб чиқариши билан ажралиб туради. Зарафшон арчаси жуда секин ривожаланади, арча кўчати юз йилдан ортиқ вақт мабойнида вояга етади.

Бойсун тумани “Хўжаидод” маҳалласида яшовчи фуқаролар таҳририятимизга мурожаат этиб, маҳалладаги “Шохтути Қўрғончаги” фермер хўжалиги раҳбари томонидан тоғда табиий ҳолда ўсган Зарафшон арчалари ноқонуний кесилиб, хўжалик эҳтиёжи учун молхона қуришга ишлатилганлигини баён этишди.

Биз мазкур ҳуқуқбузарликка оид ҳужжатларни ўрганганимизда ваколатли давлат органлари томонидан “Шохтути Қўрғончаги” фермер хўжалиги ҳудуди кўздан кечирилганда 37 туп арча дарахтлари кесилганлиги аниқланган ва кесилган дарахтларнинг диаметри 10 сантиметрдан 85 сантиметргача эканлиги кўрсатилган. Биз ушбу арчаларнинг ёшига аниқлик киритиш учун Бойсун давлат ўрмон хўжалиги мутахассисига мурожаат этдик.

-Зарафшон арчасининг танаси диаметри 10 сантиметрга етгунча тахминан юз йилга яқин вақт ўтади, танаси диаметри 85 сантиметр бўлган арчанинг ёши тахминан 700-800 йилга тенг. Диаметри 40-50 сантиметрлик арчаларнинг ҳам ёши 300-400 йилдан ортиқ,-деди мутахассис.

Тасаввур қилинг, бундан 800 йил бурун Бойсун тоғида ўса бошлаган арча дарахти бугун фермернинг молхонасига устун сифатида ишлатилган, яъни Чингизхоннинг қўшини юртимизга бостириб келганлигининг тилсиз гувоҳи беаёв кесилган.

Ҳужжатдаги маълумотларга қараганда Бойсун тумани “Шохтути Қўрғончаги” фермер хўжалиги бошлиғи Усмон Абдуллаев 2017 йил декабр ойида 15х8 метр ўлчамдаги молхонаси қурилиши учун 37 дона арчаларни ноқонуний равишда кесиб ишлатган ва яна 18 дона арча дарахтларининг ён шохларини кесиб боғи атрофига тўсиқ қуришда ишлатган ва бу дарахтларни шикастлаган. Албатта фермер хўжалиги раҳбарига тегишли чоралар кўрилган, лекин табиатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаб бўладими?

Бу дарахтлар салкам минг йиллик тарихимизнинг гувоҳи, минг йиллардан буён не-не тарихий воқеалардан бешикаст бизгача етиб келган дарахт арзимаган молхона учун кесиб юборилди, буни ҳар қандай важ билан оқлаб бўлмайди.

Биз Бойсун туманидаги фермерлар ҳудудида Зарафшон арчалари ноқонуний кесилиш ҳолати тўғрисида хабар берган эдик, ушбу долзарб мавзуни давом эттирамиз.

Шу ўринда бир савол пайдо бўлади-тоғдаги табиий ўрмонзорлар билан қопланган майдонларда чорвачилик фермер хўжаликлари ташкил этишдан ким манфаатдор, агар бу ҳол яна давом этаверса тоғдаги ўрмонзорлар яна қанча вақтга етади? Бу хатомизни тузатиш имкони борми, бўлса яна қанча вақт талаб қилинади?
Бу саволларимизга мутахассислар жавобини кутиб қоламиз.

Оловжон

Related Articles

Close