O`zbekiston

ЎТГАН 3 ҲАФТАДА 117 КИШИ ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИ ТУФАЙЛИ ВАФОТ ЭТДИ

ИИВ хабарларидан: «Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида 19 август куни Денов туманида яшаган А.Ю. ўзининг бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасини М-39 “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз” йўлининг 1334-км.да ҳайдаб кетаётиб шу йўналишда ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган, Э.Т. бошқарувидаги “КаМАЗ-53212” русумли юк автомашинасини орқа томонига бориб урилган.

Натижада “Нексия” автомашинаси ҳайдовчиси А.Ю. ва бир нафар йўловчиси воқеа жойида, ҳамда икки нафар йўловчилари касалхонага келтирилганларида вафот этганлар. Шунингдек, автомашинанинг қолган уч нафар йўловчилари  турли даражадаги тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилганлар.»

«Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида 19 август куни  Термиз шаҳрида яшаган И.Қ. ўзининг “Нексия” русумли  автомашинасини Охунбобоев маҳалласидан ўтувчи 4Р-102-йўлининг 31-км.да ҳайдаб кетаётиб бошқарувни йўқотиб, қаршисидан келаётган Р.Ж. бошқарувидаги “МТЗ-952”  русумли трактори йўлига чиқиб кетиши натижасида тракторнинг иккинчи тиркамасига бориб урилган.

Натижада “Нексия” автомашинаси ҳайдовчиси И.Қ. ва йўловчиси олган жароҳатларидан воқеа жойида вафот этганлар.»

«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабарига кўра ўтган ҳафтада (30 июлдан 5 августгача) республикамиз автомобиль йўлларида жами 160 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди.

Ушбу ҳодисаларда 44 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 142 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган.»

«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабарига кўра ўтган ҳафтада (6 августдан 12 августгача) республикамиз автомобиль йўлларида жами 180 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди. Ушбу ҳодисаларда 27 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 177 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган.»

«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабарига кўра ўтган ҳафтада (13 августдан 19 августгача) республикамиз автомобиль йўлларида жами 173 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилди. Ушбу ҳодисаларда 46 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 166 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган.»

Юқоридаги хабарларнинг ҳар бирида инсон ўлими билан тугаган ҳалокатлар тўғрисида хабар берилган. Бунинг сабаби таҳлил қилинганда барчасида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги маълум бўлади.

Тасаввур қилинг,  30 июлдан 20 августгача Ўзбекистон бўйича 117 киши йўл-транспорт ҳодисаси туфайли вафот этишган. Шуниям назарда тутиш керакки, Ўзбекистон аҳолисининг автомобил билан таъминланганлиги даражаси бошқа саноати ривожланган давлатлар билан солиштирилганда анча орқада.  Масалан, АҚШда ҳар 1000 кишига 802, Германияда 579, Россияда 317 автомобил тўғри келишини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда 2017 йилда ҳар 100 та оилага 44 та автомобил тўғри келганлиги эълон қилинди, лекин расмий маълумотларда Ўзбекистонда ҳар 1000 кишига 100 тадан кам автомобил  тўғри келиши ҳақида айтилади.

Жаҳон  соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига қараганда йўл-транспорт ҳодисаси туфайли кунига 3  мингдан ортиқ киши ҳалок бўлади, 100 мингга яқин киши жароҳат олади. Ҳар йили 20-50 миллион киши жароҳат олиб, 1,25 миллион киши(шулардан 186 минг нафари болалар) ҳалок бўлмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисасида асосан 15-29 ёшдаги кишилар кўпроқ вафот этишган.

Автомобиллар ҳаётимизда оғиримизни енгил қилиш билан бирга, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасак кўпгина кўнгилсизликлар олиб келишини яхши биламиз. Лекин барибир  “Отлиқнинг ризқи олтита бўларкан ва ҳаммаси нақд бўларкан, пиёданинг ризқи битта бўларкан, уям насия бўларкан” деган ақидага амал қилиб машина олишга ҳаракат қиламиз.  Ризқимиз югургандан эмас, “буюрган”дан эканлигига ишонгимиз келмайди, сабр қилмаймиз. Яхши ният билан йўлга чиққанларни Ўзи сақласин.

Оловжон

Related Articles

Close