Madaniyat

БОЙСУН ТОҒЛАРИДА ТАБИИЙ АРЧАЛАРНИ НОҚОНУНИЙ КЕСИШ ҲОЛАТИ ФОШ ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманини ривожлантириш ва турар жой соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилишда Президентимиз: “Энг катта хавф — ички душман. Ким ички душман? Бефарқ одам! Худо бефарқликдан сақласин. Худо таоло ўша бефарқ одамга ҳам инсоф бериб, ўзининг эртанги кунини фарзандларининг эртанги кунини фаровон қилишга белини маҳкам боғлаб ишласа, албатта натижа бўлади. Сизлар ишонинглар — биз тўғри йўлдамиз", — деди.

Таҳририятимизга Бойсун тумани “Ўрта мачай” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Дўстқобилов мурожаат этиб, маҳалла ҳудудидаги “Газа” фермер хўжалиги раиси қариндошлари фермер хўжалиги ҳудудидаги ноёб арча дарахтларини кесиб олишганини, бу ҳолатдан фермер хўжалиги раҳбари хабардор бўлсада воқеанинг олдини олмаганлиги ва агар тегишли чора кўрилмаса тез кунда тоғдаги арчаларга қирон келтирилиши мумкинлигини айтди.
Биз Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва уларни назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудий инспекцияси Сурхондарё вилоят оператив гуруҳи инспектори М.Иноятиллаев ва “Ўрта мачай” МФЙ раиси Ж.Эшқобиловлар биргаликда ушбу мурожаатни ўрганганимизда ҳақиқатан ҳам мурожаатда келтирилган важлар ўз исботини топди.


“Ўрта мачай” МФЙ Газа қишлоғида яшовчи фуқаролар томонидан 9 дона «Зарафшон арчаси» дарахтлари таги билан кесилганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва қарор қабул қилиш учун тегишли органларга юборилди.
Энг ачинарли томони шундаки, бу ҳолатдан фермер хўжалиги бошлиғи хабардор бўлган, у воқеанинг олдини олмаган ва тегишли идораларга хабар бермаган. Демак, фуқаро ўз вақтида хабар бермаганда бу ҳолат яна давом этаверар эди.
Маҳалла раисининг айтишича, маҳалла аҳолисининг кўпчилиги ишсиз ва қишлоқ аҳлининг асосий даромад манбаи чорвачилик ва қисман деҳқончиликдан иборат. Қишлоқ аҳли орасида моддий ёрдам ва кам таъминланган оилалар учун тайинланадиган нафақа сўраб мурожаат этиш ҳолати жуда юқори. Иш сўраб мурожаат этувчиларга асосан бошқа туманлардан ишга таклиф этишмоқда. Қишлоқдагилар эса оиласидан узоқда ишлашни истамаслиги иш билан таъминлаш масаласини янада қийинлаштирмоқда.
Биз маҳалла идорасидан Газа қишлоғи томон борар эканмиз йўлда икки марта тоғдан эшакда ўтин олиб қайтаётган кишиларга кўзимиз тушди. Меҳмон сифатида биз улардан сўрашни ўзимизга эп билмадик, маҳалла раиси эса эътибор бермади, чамамда тоғдан ўтин йиғиш одат тусига кирган.
Йўл ёқалаб борар эканмиз, йўл четида шохлари кесилган арчаларга кўзимиз тушди, баъзилари таги билан кесилиб кетилган. Бу арчаларни ким томонидан қачон кесилганлигини аниқлаш имкони йўқ.

Тоғда инсон қадами етган жойда жониворлар қолмади ҳисоб, энди арчаларни ва бошқа муҳофаза этиладиган дов-дарахтларни шу ерда яшовчилар ўзлари қўриқламаса, ким қўриқлайди?.
Фермер бефарқ бўлса, қишлоқдаги оқсоқоллар бефарқ бўлса, маҳалла фаоллари бефарқ бўлса, бефарқликка чидай олмай юқори давлат органларига мурожаат этганни “ёзувчи” деса, келажак авлодимизга тоғдаги тошу-тупроқни мерос қолдирамизми?

Оловжон

Related Articles

Close