Madaniyat

НАМАНГАНДА АБАДИЙ ДВИГАТЕЛЬ КАШФ ҚИЛИНДИ...МИ?

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги 10.08.2018 йилда «Янги инновацион ихтиро» сарлавҳали мақола эълон қилди. Мақолада наманганлик отахон Рашидхон Иброҳимов турғун сувдан электр энергияси олишга мўлжалланган янги ускуна ихтиро қилганлиги хабар қилинган. Мақолада Сарф қилинган энергия миқдоридан бир қанча кўп энергия олиш имкониятини берадиган ушбу ускуна яратилганлиги ҳақида расмий хабар берган.

Лекин ўрта мактабнинг физика фанидан бизга маълумки ҳар қандай двигателнинг фойдали иш коэффиценти 100% ортиқ бўлиши мумкин эмас. Энг юқори фойдали иш коэффиценти 90-96%га етадиган двигателлар асинрон электро двигателларидир. Физикавий қонунларга кўра сарфланган энергиядан ортиқ энергия олиб бўлмайди, яъни абадий двигател бўлиши мумкин эмас.

1775 йилда Париж фанлар академияси абадий двигателлар лойиҳаларни кўриб чиқмаслик ҳақида қарор қабул қилган эди, бунинг сабаби абадий двигателлар яратиш имкони йўқлигидадир.

Агар муаллиф хабар берганидек сарф қилинган энергия миқдоридан бир қанча кўп энергия олиш имконини берадиган ускуна яратилса, бутун дунёда энергия муаммоси ҳал бўлар эди ва ҳеч қандай АЭС, ТЭС ёки ГЭСларга эҳтиёж қолмасди.  Бир  турдаги энергияни бошқа турдаги энергияга айлантириш учун жуда катта маблағлар сарфланмоқда. Шунда ҳам сарфланган энергиянинг бир қисми бошқа энергияга айланади, яъни натижа 100 фоизга етмайди.

Агар 1000 киловатт энергия сарфлаб 1001 квт энергия олиш имконияти бўлганда ҳам бу абадий двигател яратилди дегани. Бунинг эса назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам имкони йўқ. Чунки энергия бир турдан бошқа турга ўтиши мумкин, лекин энергия йўқолмайди ҳам, пайдо бўлмайди ҳам.

Энди юқоридаги мақола тўғрисидаги фикримни айтмоқчиман, аввал синовдан ўтган ва фойдаланишга яроқли бўлган лойиҳалар мутахассислар томонидан ўрганилгандан сўнг оммавий ахборот воситаларида ёритилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Оловжон

Related Articles

Close