Kasbim-faxrim

ИШИНГИЗ ҲАЛ БЎЛМАСА ПОРТАЛГА ЁЗИНГ, ЛЕКИН ТАСЛИМ БЎЛМАНГ!

Шўрчи туманида яшовчи икки нафар фуқаро таҳририятимизга келди, уларнинг айтишича, ҳар иккаласи «Агробанк» Шўрчи филиалидан ўзларига тегишли томорқага иссиқхона қуриш учун энг кам иш ҳақининг 50 бараварида кредит олиш учун мурожаат этишганини ва улар банкка талаб қилинган ҳужжатлар ва учинчи шахс кафиллиги ҳужжатларини тақдим этганини айтишди.
-Энди банк кредит бўлими ходимлари бизнинг ва кафил ўтувчининг солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), ҳамда кафилнинг пенсия фондига 1 фоизли ажратмалари тўғрисида маълумот талаб қилмоқда,-дейишди.
Шу масалага аниқлик киритилиши учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 21 февралдаги 6/1-сон қарорига илова қилинган “Аҳоли бандлигини таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 7-бандида «Микрокредит олиш учун қарз олувчи томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
тегишли мақсад бўйича микрокредит олиш учун сўралган ариза;
тавсиянома;
шахсий томорқа участкаларида маҳсулот етиштиришни кенгайтириш мақсадлари учун микрокредит сўралган ҳолларда қарз олувчида томорқа участкаси мавжудлиги кўрсатилган ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотнома;
микрокредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат.» дейилган қисмига аниқлик киритилишини сўраб «Агробанк»нинг бош офисига қўнғироқ қилдик, у ёқдан жавоб берган ходим, «Банк қўшимча ҳужжатлар талаб қилишга ҳаққи бор.» деб жавоб берди. Биз «Нега унда бу ҳақда низомда кўрсатилмаган?» деган саволимиз жавобсиз қолди.
Кредит олувчи фуқароларга сабр тилаб хайрлашдик, кечга яқин улар яна банкдан ҳужжатларини қайтариб олиб келишди.
-Ҳамма ҳужжатларни олиб борсак банк кредит бўлими ходими “Энди ресурс қолмади”-деб ҳужжатни қабул қилишдан бош тортди,-деди улардан бири.
Худди шундай яна бир «Халқ банки» Шўрчи филиалидан кредит олувчининг айтишича, у энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида кредит олиб иссиқхона қурмоқчи бўлганда банк ходимлари у таклиф этган учинчи шахс кафиллигини қабул қилмасдан, мулк гарови сифатида харидоргир мулк гарови таъминланишини талаб қилибди. У ўғлининг 2014 йилда ишлаб чиқарилган “Нексия” русумли автомашинасини гаров сифатида ҳужжатлаштирибди.
-Гаровга қўйилган автомашина суғурта қилиниши керак экан, суғуртага, нотариус ҳужжатларига, югур-югурга 1,5 миллион сўм ҳаражат қилдим. Энди эса банк ходимлари айтишича, банкнинг Тошкентдаги бош офиси кредит ажратиш учун ресурс йўқ дебди, ўзи менга ким қўювди иссиқхона қуришни,-дея куюнади бўлажак тадбиркор.
-Ака, сиз Америкада яшаяпсизми, банкка бугун бориб, шу куни кредит олиб тадбиркорлик қилгани. Одамлар ойлаб югуриб зўрға кредит олади-ку! Сиз ахир имтиёзли кредит олмоқчисиз, ҳали кўраверасиз!-гапга аралашди яна бир кредит олган тадбиркор,-мана биз ўша кредитни олиб иссиқхона қурдик, лимон, мандарин, помидор, бодринг пишиб турибди. Югураверинг, сал асабингиз бузилса ҳам охири чарчоқларингиз чиқади. Ишингиз ҳал бўлмаса порталга ёзинг, бошқа иложи йўқ. Лекин таслим бўлманг!

Оловжон

Related Articles

Close