Kasbim-faxrim

ВАФОТ ЭТГАНДАН СЎНГ 10 ЙИЛ ЎТИБ СУДДА ТУШУНТИРИШ БЕРДИ...

Таҳририятимизга Олтинсой туманида яшовчи фуқаро мурожаат этиб, ФИБ Денов туманлараро суди томонидан 2015 йил 28 июнда ўтказилган суд мажлисининг қарорини олиб келди, қарорнинг баён қисмида “…Суд мажлисига манфаатдор шахс сифатида жалб қилинган Т.Т. жавобгар Т.Қ.га ўхшаш тушунтириш берди.” дейилган.

Шу ўринда бир нарсага аниқлик киритайлик: Т.Т.2005 йил 11 июн куни яъни ушбу суд мажлиси ўтказилишидан 10 йил бурун вафот этган. Мурожаат этувчининг ушбу фикрига ҳар қандай киши шубҳаланиши табиий, лекин у марҳумнинг ўлим ҳақида гувоҳномаси нусхасини тақдим этди. Барибир ишониш қийин экан! Марҳум яшаган маҳалладаги кишиларга қўнғироқ қилдик, улар ҳам тасдиклашди.

Суднинг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий Суди томонидан бекор қилинганлиги сабабли унинг мазмуни билан таништиришни лозим топмадик, фақат бир нарса-наҳотки судьялар (Ушбу суд мажлисида У.А.Мамадиев раислик қилган) суд мажлисида иштирок этган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни текширмасдан унинг фикрини суд мажлис баёнига киритган бўлса. Ахир суд адолатли қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган мустақил ҳокимият бўлиб, суд ҳокимияти ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Таҳририятимизга мурожаат этган киши: “Наҳотки судда ютиб чиқиш учун марҳумларнинг руҳини безовта қилади! Мен бу ҳақда ФИБ вилоят судига мурожаат этдим, улар ҳам мени тингламади, лекин Олий судга бормадим, улар ҳам адолатли ажрим қилмаса керак деб уларга ҳам ишонмагандим. Адашибман, Олий суд адолатни тиклабди, аввалги суд қарори ва ажрими бекор қилибди.” деди ва марҳумнинг суд мажлисида тушунтириш берганлиги ҳақидаги жумлани ўқиб берар экан, кўзларига ёш келди.

2015 йил 28 июндаги ФИБ Денов туманлараро суди қарори 2018 йил 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан бекор қилинди, адолат тантана қилди. Фақат фуқаролик ишлар бўйича Денов туманлараро судининг қароридаги 15 сўздан иборат жумла токи Олий суд ажрими чиққунга қадар марҳумнинг яқинларининг қалбида 10 йиллик аччиқ хотиранинг янгиланишига ва адолатли судловга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Шифокор хато қилса бемор азобланади, учувчи хато қилса самолётдаги йўловчилар ҳаёти хавф остида қолади, ҳоким хато қилса аҳоли қийналиши мумкин, лекин суд хато қилса адолатсизлик ғалаба қилади, бу эса чидаб бўлмас ҳолдир!

Д.Шаманов

Related Articles

Close