Madaniyat

ПОРАХЎР “ҲОЖАТБАРОР”МИ?...

Коррупция лотинча "corruptio" сўзидан олинганлигини, бу сўз-бузиш, йўлдан оздириш, сотиб олиш каби маънони билдириши ҳаммага маълум, яъни мансабдор шахсларнинг ўзларига ишониб топширилган ҳуқуқлари ва ҳокимият ваколатидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиши. Порахўрлик ҳам коррупциянинг бир кўриниши.

Деярли ҳар куни матбуотда порахўрларнинг қўлга тушгани ҳақида хабарларни ўқир эканмиз, “Қўлга тушмаганлари қанча?”-деган савол беихтиёр хаёлимиздан ўтади. Порахўрлик ҳақида хабар берган ва уни қўлга туширишда иштирок этган кишининг тергов, суд жараёнида иштирок этиши, ундан кейин порахўрнинг яқинларидан маломатга қолиши сир эмас. Порахўр жазодан қутулиб келгандан сўнг ҳам: “Фалончи мени тутиб берган эди, номард!” деб кўпчиликнинг олдида ўзини мазлум, уни фош этганни эса золим сифатида эътироф этганининг гувоҳи бўлганмиз. Аммо ҳеч ким “Ўзинг қилган жиноятинг учун жазонгни олдинг!” демайди. Бунинг барининг сабаби битта-порахўрлик бизнинг давримизга келиб одатий ҳолга айланиб улгурди. Пора берувчи “ишбилармон”, пора олувчи эса “ҳожатбарор” сифатида онгимиздан жой олди. Порахўрни тутишга ёрдам берган эса “ҳожатбарорга зиён берган сотқин” сифатида кўриладиган бўлди.

Бизнинг онгимизга порахўрлик шунчалик даражада сингиб кетдики, порахўрдан эмас, уни фош этувчилардан нафратланадиган даражага бориб қолдик. Оқибатда порахўрлик авжигандан авжиди. Ана энди коррупцияга қарши курашмоқчимиз, аслида ундан аввал ўзимизнинг онгимизни “порасиз иш битириш мумкин эмас” деган зарарли тушунчадан холос қилишимиз зарур.

Бундан 7-8 йил муқаддам тасодифан туманлардан бирининг ҳокимиятидаги мажлисга қатнашишимиз зарурияти чиқиб қолди. Мажлис бошланиши билан туман ҳокими бир маҳалла раисини турғазиб: “Кўриб қўйинглар, мана шу аҳмоқ Фалончиев акани прокуратура ходимларига тутиб берган, мана шу одамдан эҳтиёт бўлинглар!” деб эълон қилди. Кейин билсак маҳалла раиси бир порахўр бошлиқ ундан пора сўраганда прокуратурага мурожаат этиб, уни қўлга туширишда иштирок этган экан. Орадан сал ўтиб маҳалла раисини ҳоким бобо ишдан олибди, шундан сўнг иш тополмай, охири Россияга ишга кетди. Ҳокимнинг ўзи ҳам ишдан кетди. Лекин ўша ҳоким даврида туманда биронта киши порахўрлар устидан шикоят қилмади, оқибатда туманда порахўрлик роса авжига чиқди.

Коррупцияга қарши кураш тўғрисида қонун қабул қилинди, лекин ҳалигача порахўрлик ва коррупциянинг бошқа кўринишлари давом этмоқда, сабаби эса оддий, бу одатга айланган касаллик.
Кимнингдир порахўрлиги ҳақида шикоят қилинса, аввал исботлаш талаб этилади, агар исботлай олмаса шикоятчининг ўзи жиноий жавобгарликка тортилади. Бундан ташқари пора олувчи пора олаётганини тасвирга туширишга имкон бермайди-ку.
Коррупцияга қарши курашиш механизми мукаммал ишланмаган, боғчадан бошлаб олий ўқув юртларигача порахўрлик учун жавобгарликка тортилмоқда, энг ёмони шундаки, бу иллат жудаям чуқур илдиз отиб улгурган ва бутун халқимиз бу иллатга қарши ҳамжиҳат курашмас экан ундан қутулиш қийин.

Оловжон

Related Articles

Close