Kasbim-faxrim

ТЎЛАМУРОД БОБО: МОЛЛАРИМИЗНИ ПИЁЗ БИЛАН БОҚАЯПМИЗ!

Бу йил Сурхондарёда полиз экинлари ҳосили мўл бўлди. Карам, изидан картошка, пиёз. Навбатда помидор, бодринг, қовун-тарвуз изма-из пишмоқда. Меваларни айтмайсизми, ўрик, гилос, олча, олма бозорларни тўлдириб турибди.
Ўтган йили уйма-уй юрувчи раҳбарларнинг “Полиз экинлари экинглар, кимки полиз экинлари экмаса, томорқасини олиб қўямиз.”деган гапига ишониб мен ҳам 20 сотих ерга пиёз экдим. Пиёзнинг меҳнати жуда оғир бўлади-сентябрнинг охири октябрнинг бошида пиёз кўчатларини эгатларга битталаб ўтқазиб чиқилади. Ҳар 5 сантиметга кўчат қадалади. Ундан кейин ўтоқ қилинади, тополган гербицид ишлатади, тополмаган куннинг совуғида бегона ўтни битталаб юлиб чиқади. Изидан суғорилади, ўғитланади. Пиёз нақ 8 ой давомида пишиб етилади. Пишар-пишмас имконини топганлар Тошкентга олиб боради, имконини тополмаганлар харидор кутади. Харидор эса йўқ…
Бу йил Шўрчига, Қумқўрғонга давлат томонидан вагон қўйилибди. Вагонга топширувчи кўп, ҳар маҳалладан 7-8 хўжаликдан 700-800 кг дан пиёзини қабул қилишини айтиб рўйхат қилиб кетишди. Мен ҳам 7 тонна пиёзимнинг 700 килосини вагонга топширдим, ҳар килосини 1200 сўмдан олишди. Қолганини қариндошларга, таниш-билишларга текин тарқатдим. Бозори касод бўлган пиёзни текинга ҳам олишмас экан. Қолганини уйдаги молларга бераяпман. Мол жонивор ейверади экан. Эссиз, пиёзнинг ўрнига маккажухори экканимда анча ҳашак бўларди. Раҳбарлар маккажухори экишга рухсат бермади. Лекин пиёз еган мол анча соғлом бўларкан, пиёзнинг ҳидига кана келолмаскан, фақат соғин сигирларга камроқ пиёз бериш лозим, акс ҳолда сутдан пиёзнинг ҳиди келиб қоларкан.
Ҳашак камлигидан бир кило қатиқ нархи 12 000 сўмгача кўтарилди. Деҳқон бу йил куйди, карамнинг ҳам, картошканинг ҳам, пиёзнинг ҳам ҳузурини мол кўрди.
Телевизорда эса реклама изидан реклама, машҳур артистларимиз чиқиб деҳқонларни полиз экинлари экса бой бўлиб кетишини қайта-қайта таъкидлайди. “Умрингдан барака топкур, ўзинг Сурхондарёга келиб деҳқоннинг аҳволини кўр, нима қиласан ёлғон гапириб?…” деганим билан улар эшитармиди. Шундоқ ёнимиздаги раҳбарларимиз эшитмаяпти-ку!
Болам тур ўрнингдан молларнинг охурига пиёз сол, ярим челакдан беравер!
Оловжон

Related Articles

Close