Bu qiziq

ИСЛОМИЙ АМАЛЛАРНИНГ ТЎҒРИЛИГИ ЯНА ЎЗ ИСБОТИНИ ТОПДИ

Ислом динида яқин қариндошларга, қўни-қўшниларга, таниш ва нотанишларга, ҳаттоки ўзга дин вакилларига ёрдам бериш, улар билан аҳил яшашга даъват этилади. Бу анъаналарга ота-боболаримиз қаттиқ амал қилишган.

Бундан нима фойда деб ўйловчилар ҳам кам эмас, лекин Ислом дини ҳақ дин эканлиги яна бир марта илмий асосланди.
Нель университети олимлари Clinical Psychological Science журналида илмий изланиш натижаларини эълон қилди деб ёзади www.runyweb.com сайти. Тадқиқотлардан маълум бўлишича дўстларга, танишларга, ҳатто бегона кишиларга ёрдам бериш ҳам кундалик руҳий зўриқишни юмшатиб уларнинг организмга салбий таъсирини камайтирар экан.

Масалан, арзимаган ёрдам бирон киши эшикдан чиқаётганда унга эшикни очиб туриш ҳам одамга ўзини яхши ҳис қилишга ёрдам бераркан.

18 ёшдан 44 ёшгача бўлган 77 киши иштирокида ўтказилган тажрибалардан аниқланишича, ўзгаларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш одам руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиб, инсоният руҳиятини кўтарар экан ва соғлиқни мустаҳкамлар экан.

Ўзгаларга ёрдам бериш, қариндошларга силаи раҳмда бўлиш, ёмонликдан, зўровонликдан, босқинчиликдан ўзини сақлаш, харом амаллардан ўзини тийиш инсониятнинг соғлигига ҳам, руҳиятига ҳам фойдали эканлиги бундан салкам бир ярим минг йил илгари Ислом таълимотида, Қуръони каримда, ҳадисларда қайта-қайта таъкидланган, мусулмонлар унга амал қилганлари учун руҳий касалликлар жуда кам бўлган. Ҳозир эса ҳар қадамда невроз ва бошқа руҳий касалликдан азоб чекаётганларга “Ўзгаларга, атрофингиздагиларга яхшилик қилинг, шунинг ўзи ҳамма дардингизга шифо бўлади!” дегингиз келади.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: «Кимни Аллоҳ ризқини кенгайтириши ва ажали кечиктирилиши хурсанд этса, силаи раҳм қилсин» (Бухорий ва Термизий ривояти).

Оловжон

Related Articles

Close