Kasbim-faxrim

ШЎРЧИ ТУМАНИДА ОИЛАВИЙ ПОЛИКЛИНИКА ҚОРОВУЛИ ЎЗ МАБЛАҒИ ҲИСОБИДАН 300 ТУП МЕВАЛИ ДАРАХТ КЎЧАТЛАРИ ЎТКАЗДИ

Шўрчи тумани “Шалдироқ” маҳалласида жойлашган 94-ҚОП қоровули Баҳодир Эшназаров бундан икки йил аввал полилиника ҳовлисида ўз маблағи ҳисобидан ободонлаштириш ишларини бошлади. У 30 туп ёнғоқ кўчатининг ҳар донасини 10 минг сўмдан, 77 туп олма кўчатининг ҳар донасини 6 минг, 30 туп хурмо, 10 туп қорали, 10 туп беҳи, 10 туп ўрик, 15 туп бодом, 10 туп тут, 5 туп гилос, 10 туп шафтоли ва 6 туп анор кўчатларининг ҳар донасини 5 минг сўмдан, 150 туп атиргул кўчатларининг ҳар донасини 3 минг сўмдан сотиб олиб поликлиника ҳовлисига ўтқазди. Ҳозирги пайтда ёнғоқ, хурмо ва бошқа меваларнинг илк ҳосил нишонасини кўрсатмоқда.

Қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳовлисига киришингиз билан  қип-қизил очилган гулларни кўриб кўзинг яшнаб кетади. Турли рангли қизғолдоқлар, атиргуллар ва бошқа гуллар қийғос очилган.  Поликлиника мулкини кўз қорачиғидай асраб келаётган қоровул Баҳодир Эшназаровдан ҳамма ходимлар миннатдор.

-Жами 3 миллион сўм ҳаражат қилдим,-дейди Баҳодир Эшназаров, қаранг қандай чиройли кўринади. Мевали дарахтлар энди ҳосилга кира бошлади, ҳаммаси шу ерда ишловчи ходимлар учун. Бундан тушқари шу ерга ёз кунлари даволанишга келган кишилар дам олиш учун миллий усулда ясалган сўри сотиб олдим, поликлиникамизга ёрдам сўраб келувчиларнинг ҳаммаси ҳамқишлоқларимизда, баъзи шифохоналарда беморларни кўргани борган қариндошлари ёзда жазирамадан, қишда совуқдан пана жой тополмай қийналишганларини кўрдим, бизнинг поликлиникамизга келган беморлар ҳам шифо топиб, ҳам роҳат қилиб кетсинлар.
Шу ҚОП си қурилгандан бери ўзим ишлайман. Давлатдан ободонлаштириш учун ажратилган маблағидан ёрдам сўрамадим, маблағим етарли. Чорвачилик билан ҳам шуғулланамиз. Фарзандларимиз соғ-саломат ўсишяпти, давлат бизга шунча шароит яратиб бериб қўйибди, биз ҳам халқимиз учун озгина хизмат қилсак қилибмизда,-деди Баҳодир Эшназаров.
Унинг сурхондарёликларга хос соддалиги, самимийлиги ва камтаринлигини кўриб «Бу киши гул эмас, меҳр эккан, эл-юрт учун меваларига қўшиб меҳр, яхшилик тарқатмоқчи» деган фикр хаёлимдан ўтди.

Ҳа, шундай фидойи инсонлар  борки, бугун  юртим учун  нима қилдим деб яшашади, шундай кишилар борки, бугун уйимга нима ундириб келдим деб яшайди, унинг ҳам бунинг ҳам умри ўтаверади, ҳар иккаласига ҳам баҳони халқ беради ва халқнинг олқишидан олий мукофот йўқ.

Оловжон

Related Articles

Close