O`zbekiston

СУРХОНДАРЁ ЎРМОНЛАРИДАГИ ТАБИИЙ ЮЛҒУНЗОРЛАР ПАЙҲОН ҚИЛИНМОҚДА

Сурхондарё дарёси қирғоқбўйи минтақаси дарё қирғоғидан 50 метгача бўлган ҳамма ер майдонлари давлатимизнинг ўрмончиликни ривожлантириш ва дарё қирғоқбўйи минтақаси ўсимлик ва ҳайвонот дўнёсини муҳофаза қилиш мақсадида 2004 йил 12 январдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15-сонли қарорига асосан  ўрмон хўжаликларига ўтказилиб берилган эди. Бу ҳақда вилоят ва туман ҳокимлари ҳам қарор қабул қилишган эдилар. Орадан 14 йил вақт ўтиб вазият қандай ўзгарди?

Шўрчи тумани ҳудудидан юқоридаги қарорга асосан Сурхондарё дарёси қирғоқларидан 190,72 гектар ер майдонлари Сурхондарё вилоят Ўрмон бошқармаси Сурхондарё Давлат ўрмон хўжалигига ўтказилиб берилди.  Бу ерлар Сурхондарё Давлат Ўрмон хўжалигининг “Сурхон соҳили” бўлимига бириктирилди.

Шу бўлимда ишловчи ходимлар “Пистамозор” қишлоғи ҳудудига 15 минг  туп жийда, тол каби дарахт қаламчалари ўтқазиб, ҳозирги кунда 500 дан ортиқ жийда дарахтлари ҳосил бермоқда.

Ушбу майдонда табиий ҳолда ўсган юлғунзорлар ҳам яхши ривожланиб баландлиги 3 метрдан ошган.

Ўрмончилар томонидан заҳматли меҳнат ҳисобига ўстирилган дарахт ва бўтазорлар эса аҳоли томонидан чорва молларини боқиш  учун яйловга айлантирилмоқда. Жумладан Сариосиё туманидан Шўрчи тумани тасарруфига ўтказилган “Лайлакхона” маҳалласига қўшилган “Пистамозор” қишлоғида яшовчи аҳоли ўзларига тегишли бўлган 100 бошдан ортиқ қорамол, йилқи, қўй-қўзиларини ўрмончилар муҳофаза қилаётган қирғоқбўйи минтақасига киритишмоқда.

Ўрмон қўриқчилари айтишича, мазкур воқеа юзасидан Сурхондарё Давлат Ўрмон хўжалиги мансабдор шахсларига қўнғироқ қилишган, аммо раҳбарлар ўрмончиларни эшитишни ҳам исташмаган.  Маҳаллий давлат органлари эса ўрмон ерларининг аҳволи қизиқтирмайди. Ўрмончилар кимдан ёрдам сўрашини билмасдан ҳайрон.

Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев 2018 йил 16 апрел куни янги таҳрирдаги “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонунга имзо қўйдилар. Ушбу Қонун 2018 йил 17 апрелда кучга кирган пайтда эса Сурхондарё Давлат ўрмон хўжалигига тегишли “Сурхон соҳили” бўлимида табиий ҳолда ўсган юлғунзор ва ўрмончилар томонидан ўтқазилган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари чорваларга ем бўлмоқда.

Т.Авазов

 

Related Articles

Close