O`zbekiston

ЭНДИ ЮКСАЛИШ ДАВРИ КЕЛДИ, ҲАРАКАТ ҚИЛАЙЛИК!

Собиқ иттифоқ даврларида ўрта мактабларда Россия Ўрта Осиёни босиб олишидан аввал ерлик аҳоли бойлар томонидан аёвсиз эксплуатация қилинганлиги, халқ саводсиз, оч-ялонғоч бўлганлиги ва Россия босиб олгач Осиёга саноат, маърифат кириб келганлиги ўргатилар эди. Ҳақиқатан ҳам Осиё, Африка давлатлари Европа давлатларига нисбатан ривожланишдан жуда орқада қолганлиги сабабли уларнинг мустамлакасига айланди. Шу жумладан бизнинг Ўзбекистон ҳудудида яшаган аҳоли ҳам Россия империясининг мустамлакасига айланган эди. Албатта бунга ўша пайтда давлатни бошқарган хонлар ва амирнинг билимсизлиги, уларнинг давлатни бошқаришдаги хатолари сабабли бутун бошли халқ мустамлака гирдобида қолиб кетди. У даврни боболаримиз бошидан кечиришди.

Собиқ иттифоқ даврида эса номига мустақил, аслида куч билан бирлаштирилган ва ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган давлатлардан бири эдик. Лекин тан олишни истаймизми, йўқми аҳолининг яшаш шароити яхшиланди, саводсизлик тугатилди. Бунинг эвазига миллий қадриятларимиз йўқолиш арафасига бориб қолди, буюк Орол денгизини қурбон қилдик. Яна қанча моддий ва маънавий бойлигимиздан жудо бўлдик. Ҳақиқатни гапирган, халқ озодлиги учун курашганлар отилди, осилди, қамалди. Бўйсунганлар тинч яшади. Шундай қилиб оталаримиз шўро даврини ҳам яшаб ўтди.

Мустақилликдан кўп нарса кутгандик. Узоқ шарқ мамлакатлари каби юксак ривожланган давлатлар қаторидан жой оламиз, оламшумул янгиликлар яратамиз деб орзу қилгандик. Орзуларимиз орзулигича қолиб кетди. Ишсизлик ёшларимизни ўзга юртларга кетишга мажбур қилди. Нақадар аччиқ бўлса ҳам айтиш керак: Ибн-Сино, Бухорий, Термизий , Амир Темур, авлодлари мардикор бўлди. Бунга эса ўзимиз айбдормиз. Эркинликни суиистеъмол қилдик. Ёлғон гапирдик, таклифимизни айтишга андиша қилдик. Бизнинг собиқ иттифоқ пайтида онгимизга сингдирилган “Билмасанг ўргатамиз, истамасанг мажбурлаймиз!”деган шиор ўз кучини кўрсатди. Қийналсакда фарзандларимизни ўқитиш учун эмас, муҳташам уй, дабдабали тўй, кўзни қамаштирувчи машина олиш илинжида Россия ва бошқа давлатларга болаларимизни эргаштириб иш излаб кетдик.

Умр эса оқар дарё, ўтяпти. Гоҳ қувонч билан, гоҳ ташвиш билан кунларимиз ўтиб бормоқда. Энди дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрсак ҳеч нарсага эришмабмиз. Президентимиз бу аччиқ ҳақиқатни ўзлари айтмаганда, ҳалиям маддоҳлик қилиб мақтаниб юраверардик. Худди Амирлик ва хонликлар давридагидек, Чор Россияси давридагидек, Собиқ иттифоқ давридагидек.

Президентимиз айтганидек: мақсадимиз – иқтисодиётимизни илм билан ҳамоҳанг қилиш. Барча соҳаларда ишнинг сифатини таъминлайдиган, натижадорлигини оширадиган асос илм, олимлар бўлиши керак.
Энди юксалиш даври келди, ҳаракат қилайлик! Вақт кутиб турмайди…

Оловжон

Related Articles

Close