Hodisalar

Олий суд ижтимоий тармоқларда тарқалган фикрлар бўйича баёнот берди

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди эмас. Айни тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳолига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, бу жараёнда ноқонуний қурилмаларни бузиш юзасидан Олий суд судьялари томонидан қабул қилинган суд қарорларига тушунтириш бериш бўлгани боис Олий суд раҳбарияти ташкилотчи-ишчи гуруҳининг, пресс-тур иштирокчилари бўлган журналист ва блогерларнинг қатъий талабига кўра, иштирок этиш ҳақидаги таклифни (янаям аниқроғи, хабарни) қабул қилди, дея хабар бермоқда Олий суд ахборот хизмати.

Қолаверса, суд ҳужжатларига тушунтириш бериш суднинг тўғридан-тўғри ваколатига киради. Шунга қарамай ҳуқуқий тушунтиришларни гўёки суд органи ижроия ҳокимиятига «адвокатлик қилиш» тариқасида талқин қилиб, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали бонг уриш, юмшоқ қилиб айтганда, масъулиятсизлик ва “оқ”ни “қора” дейишдан бошқа нарса эмас.
Иккинчидан, Бўстонлиқдаги айрим қурилмаларни бузишга оид низолар ўша жойнинг ўзида, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда.

Учинчидан, низоларни биринчи инстанцияда Олий суд томонидан кўриб чиқилаётгани – суд қарорларига нисбатан томонларнинг шикоят бериш ҳуқуқини чекламайди ва бу пресс-тур жараёнида масъул шахслар томонидан алоҳида қайд этилган.

Ниҳоят, тўртинчидан, амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилмасдан эгаллаб олинган ер участкалари ва бажарилган қурилишларни бузишдан ўзгача тартиб белгиланмаган.
Суд қарорлари асосида бузилиши белгиланган қурилмаларга оид ҳужжатлар қалбакилаштирилгани, бунинг ортидан ўнлаб шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, бир қанча шахслар ҳибсга олингани инкор этиб бўлмайдиган фактдир.

Энг қизиқ томони шундаки, бевосита пресс-турда иштирок этган оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан эътироз билдирилаётгани йўқ.
Аксинча, ушбу тадбирда иштирок этмаган шахслар томонидан кўр-кўрона масала моҳияти нотўғри талқин қилинаётгани кишини таажжубга солади.

Яна бир гап, суд қарори билан бузилиши белгиланган иморатларнинг биронтаси одам яшаётган хонадон эмас, балки аксарияти қуриб биткизилмаган қурилмалар, битказилгани ҳам дала ҳовлиларни ташкил этади.

Ушбу қурилмалар қалбаки ҳужжатлар асосида 2019 йилнинг охирига келиб қуриб бошланганига шубҳа-гумон билан қараганлар “Сил касалликлари сиҳатгоҳи”га тегишли ерни талон-тарож қилинишига панжа орқасидан қараётган муассаса раҳбари ёки ўзи ҳам ўзбошимчалик билан уй қуриб олган маҳалла раисидан сўраб юрмасдан, жиноят иши ҳамда фуқаролик иши материаллари билан танишиб чиқишса, бинолар қачон қурилганини аниқ билмоқчи бўлганлар низоли ер майдонинининг интернет тармоғининг “google maps” тизими орқали аниқлаши мумкин (пресс-турда Олий суд раҳбарияти томонидан иштирокчиларга планшетда кўрсатилган йилма-йил маълумот).

Энг афсусланарли жиҳати шундаки, бавтафсил сўраб-суриштирмасдан, масалани ҳар томонлама ўрганмасдан кенг жамоатчиликка нотўғри ва нохолис маълумот берилаётгани ва уларда норозилик кайфиятини юзага келтирилаётганидадир.

Олий суд томонидан ушбу баёнотни беришдан мақсад кимлар биландир матбуотда тортишиш, баҳс-мунозарага киришиш эмас, балки ҳақиқий ҳолатни кўрсатишдан иборатдир.

Related Articles

Back to top button