Madaniyat

ЙЎЛЛАРИМИЗНИНГ БУЗИЛИШИГА КИМ САБАБЧИ: ТАЪМИРЛОВЧИМИ, ФОЙДАЛАНУВЧИ?...

Бугун йўлимиз тушиб Олтинсойнинг Миршоди маҳалласидан Шўрчига йўл олдик. Йўл кўп вақтлардан бери таъмирланмаганлиги сабабли бу йўлдан бир ўтган йўловчи бошқа ўтмасликка ҳаракат қилади, ҳар қандай ҳайдовчини “дод!” деб юбортирадиган йўлдан биз ноилож юрдик. Йўлда йўл таъмирловчиларга дуч келдик. Улар йўлдаги катта-кичик чуқурларни тупроқ билан тўлдириб келаётган экан.
-Бу чидаёлмасликдан, нима қилайлик. Асфальт йўқ, ҳеч бўлмаса ёмғир ёғгунича сақлаб туради-да!-деди йўлсозлардан бири.

Йўлни давом эттирдик. Йўлда яна асфальт йўлни таъмирлаётган кишиларни учратдик. Йўл четида ариқларни тозалаш пайти йўл четида тўпланиб қолган лой уюмларини грейдер ёрдамида текислаётган экан.
-Аҳоли ариқни тозалаб, лойни йўл четига уюб кетишади. Оқибатда сув кўчада тўпланади ва кўл ҳосил бўлиб, асфальт қопламасининг емирилишига олиб келади. Кўпинча лой уюмларини биз тозалаб оламиз. Шу маҳаллада яшайдиган аҳоли шу йўлдан фойдаланади, лекин кўчани сақлаш ўрнига бузади-да,сўнг юқори органларга кўчани таъмирлаб берилишини сўраб мурожаат этишади. Кўчани таъмирлагач, уни сақламаса, рисоладагидек фойдаланмаса, яна бузилиб қолаверади-да!-деди йўл таъмирловчиларнинг бошлиғи,-илгари Шўрчи туманида битта асфальт заводи ва иккита асфальт тайёрлайдиган цех бўларди, биз асфальт қоришмасини Шўрчидан олардик. Ҳозир вилоят бўйича тўртта асфальт заводи қолди. Йўлларнинг аҳволини кўриб турибсиз, биз ҳам тинмай ишлаймиз, лекин асфальт бўлмагач ноилож, борича эплаб турибмиз. Энг муҳими йўл носозлиги туфайли бахтсиз ҳодиса рўй бермасин!

Йўлни таъмирловчиларнинг эътирози ўринли, йўлнинг ҳар иккала тарафидан ариқдан чиқарилган лой билан тўсилган. Ёғин-сочин пайти сув асфальт йўлда тўпланади ва асфальтни емиради. Шуниси ачинарлики, бу ҳолдан маҳалла раиси ва фаоллари хабардор бўлса-да, ҳашар йўли билан кўчани тозалашмаган.
Ҳалиям “Давлат барибир йўлларни таъмирлаб беради” деб ўйлайдиганлар жуда ҳам кўп, агар “Шу йўл меники, уни ўз мулкимдай асрашим керак”-деган ақидага амал қилганимизда, йўлларимиз бу аҳволга тушиб қолмасди. Чунки қишлоқдан чиққач, йўлнинг бу қисми унчалик бузилмаган, таъмирталаб эмас эди.

Оловжон

Related Articles

Close