Madaniyat

ЭСИЗ МЕҲНАТ, ЭСИЗ ҲОСИЛ!

Яқинда бир танишим 1 гектар ерни ижарага олиб карам экканлигини ва 80 тоннага яқин карам етиштирганини, аммо етиштирган карамини сота олмай ташлаб кетганини айтди. Деҳқоннинг айтишича 80 тонна карамни етиштириш учун 16 миллион сўм ҳаражат қилибди. 1 кило карамни 300 сўмдан ҳам сота олмабди. “100 сўмдан сўрашди, лекин 100 сўмдан сотиш учун уни йиғиб олиш керак, ишчи ҳақи қопламайди, охири ташлаб кетдим. Ким истаса текин йиғиштириб олаверсин, истаса молига берсин, лекин менга керакмас, барибир сотолмадим. Ҳосил пишиб ўтиб кетди. Сифатини йўқотиб бошлади” -деди.
Яна бир деҳқон 0,8 гектар ерга карам экканини, ҳосили мўл бўлганини, у ҳам харидор тополмасдан, карамларини чорва молларини берганини айтди.
Ўтган ҳафта Деновга бораётганимда катта майдонда пишиб етилган карамни йиғиштириб дала четига чиқариб ташлаб, далани шудгор қилишаётганини кўриб ачиниб кетдим, эсиз меҳнат, эсиз ҳосил!
Бу йил карам ҳосили яхши бўлди, аммо харидор топилмади. Машаққат билан меҳнат қилган деҳқон куйиб қолди. Шу ўринда бир ўринли эътироз пайдо бўлади. Деҳқоннинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган минглаб тонна ҳосил нобуд бўлди. Наҳотки туман ҳокимиятидагилар шу масалага эътибор бермадилар. Ахир бир тонна-тонна карамни етиштиришнинг ўзи бўлмаган-ку!
Маҳаллаий давлат органларида ўтирган мансабдорлар, тўрттала сектор мутасаддилари етиштирилган ҳосилни сотиш масаласида Республика раҳбарларига таклиф киритса бўларди-ку.
Ҳеч бўлмаганда қайта ишлаш цехларига топширишганда, уям бўлмаганда ҳарбий қисмларга, касалхоналарга, интернат, боғча каби муассасаларга, колонияларга арзон нархларда етказиб бериш мумкин эди-ку.
Камида деҳқон ҳаражатини қопларди, мўл ҳосил увол бўлмасди. Ҳар йили мамлакатимиз бўйича минглаб тонна мева ва сабзавотлар нобуд бўлади. Бундан фақат деҳқон зарар кўради. Раҳбарларнинг эса парвойи палак, уларга ҳосил нобуд бўлди нима-ю, сотилди нима. Деҳқон етиштирган карам ғалла ё пахтамиди-ки юқоридагилар ундан режани сўраса.
Президентимиз жойлардаги ҳокимларга ишонади, ҳокимлар юқоридан буйруқ бўлмаса ўзлари ташаббус билан чиқмайди, “Оч қорним-тинч қулоғим” ақидасига амал қилиб ишлашади. Охири зарарни меҳнат қилган боғбон-у деҳқон кўради.

Оловжон

Related Articles

Close