Madaniyat

“Болалар” огоҳлантирувчи белгилари қачон қўйилади?

Биз Шўрчи тумани марказидаги бир қанча таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида таълим муассасалари жойлашган кўчаларда ўрнатилган йўл белгилари ҳақида қизиқдик.
Жумладан Шўрчи тумани Мустақиллик ва А.Темур кўчаларини боғловчи Ж.Жумаев кўчасида жойлашган 3-ўрта талим мактаби ёнида мактаб жойлашганлиги тўғрисида ҳеч қандай белги қўйилмаган. Кўча Навоий ва “Бўстон” маҳаллалари орасида жойлашган бўлиб, кейинги йилларда бу кўча умуман таъмирланмаганлиги сабабли асфальт қопламалари ўйилиб, катта-катта чуқурлар ҳосил бўлганлигидан кўчада ҳаракатланувчи транспорт воситалари чуқурларни айланиб ўтиши пиёдаларнинг ҳаётига баттар хавф туғдирмоқда. Худди шу кўчада болалар боғчаси ҳам жойлашган бўлиб бу муассасада ҳам мактабгача ёшдаги фарзандларимиз тарбияланади.
Шунингдек, туман марказидаги “Кўклам” маҳалласида жойлашган болалар боғчаси ҳам серқатнов Мустақиллик кўчасида жойлашганлигига қарамасдан бу кўчада ҳам 1.21 “Болалар” огоҳлантирувчи белгиси қўйилмаган.
Шуниси қизикки, баъзи юқори тезликни чекловчи 3.24 таъқиқловчи белгиси кўпинча йўл таъмирланаётган қисмига қўйилсада, йўл таъмирланиб бўлгандан сўнг ҳам тураверади ва бундай белги қўйилган жойга фото радар билан жиҳозланган камералар ҳам тез-тез ўрнатилади. Аммо болалар муассасалари атрофида огоҳлантириш белгилари қўйилмаганлиги ЙПХ йўл назорати бўлимлари ходимларини умуман қизиқтирмаётганлиги ачинарли ҳолдир.
Биз фақат тумандаги баъзи таълим муассасалари жойлашган кўчалардаги салбий ҳолатлар тўғрисида ўз мулоҳазаларимизни билдирдик, туманда мавжуд 59 та мактабнинг 4 таси туман марказида, қолганлари қишлоқларда ва тумандаги 30 га яқин болалар боғчаларининг ҳам асосий қисми қишлоқларда жойлашганлигини, туман марказида жойлашган таълим муассасалари ёнида огоҳлантирувчи белгилар қўйилмаган бир пайтда, қишлоқлардаги аҳвол ҳақида ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг.
Оловжон

Related Articles

Close