Bu qiziq

2018 ЙИЛ 14 НОЯБРДАГИ 913-СОН ҚАРОР 2018 ЙИЛ 28 ФЕВРАЛЬ КУНИ ЎЗ КУЧИНИ ЙЎҚОТДИ

Интернетда дизел ёқилғисининг нархи оширилганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб, хабарнинг асл манбасини излай бошладим. Охири LEX.UZ да 2018 йил 28 февраль куни эълон қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 149-сонли қарорини ўқидим. Роса ажойиб қарор қабул қилинибди. Қарорда ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг думолоқ муҳри ҳам қўйилган. Демак асл нусха!

Лекин ўша асл нусхада бир тушунмовчилик бор- яъни шу Қарорнинг 15-бандида  шундай жумла мавжуд: “15. Қуйидагилар ўз кучини йўкотган деб ҳисоблансин:

Вазирлар Маҳкамасининг “Аммиакли селитрани ишлаб чиқариш, ташиш ва сотишни назорат қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2004 йил 30 апрелдаги 204-сон қарори;

Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурслари билан ўз вақтида таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 14 ноябрдаги 913-сон қарори 1-бандининг бешинчи ва олтинчи хатбошилари.”

Агар менинг ақлим панд бермаган бўлса 2018 йил 28 февралдаги 149-сонли қарорга асосан 2018 йил 14 ноябрдаги 913-сон қарори 1-бандининг бешинчи ва олтинчи хатбошилари ўз кучини йўқотган. Адолат билан қаралса ҳали 8 ойдан кейин қабул қилинажак қарор ўз кучини йўқотди.

Мен ҳам аввал бу “технический” хато деб ўйладимда рус тилидаги қарорни ўқиб кўрдим. Қарорнинг рус тилидаги шаклида ҳам 15-бандида шундай дейилган: “15. Признать утратившими силу:

постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан от 30 апреля 2004 года № 204 «О дополнительных мерах по контролю за производством, транспортировкой и реализацией аммиачной селитры»;

абзацы пятый и шестой пункта 1 постановления Кабинета Министров от 14 ноября 2018 года № 913 «О дополнительных мерах по своевременному обеспечению топливно-энергетическими ресурсами».”

Энди ишонмай иложи йўқ. Чунки қарор ўзбек тилида қабул қилиниб, рус тилига таржима қилинган ёки тескариси. Барибир кимдир таржима қилган, кимдир матнни терган. Умуман айтганда бир нечта олий маълумотли, билимдонларнинг қўлидан ўтган. Улар бу хатони сезмаслиги мумкин эмасди.

Ёки ростдан ҳам шундай қарор қабул қилинган бўлса фақирни кечирасизлар, бизлар авоммизда.

Оловжон

Related Articles

Close