Madaniyat

«Сиёсат билан ишинг бўлмасин, давлат ишига аралашма, тинчгина юр!»

«…Шуни эсингдан чиқарма, князь Андрей: агар сен жангда ҳалок бўлсанг, мўйсафид отанг қайғуга қолади… Аммо Николай Болконскийнинг ўғлига номуносиб бирон иш қилсанг, мўйсафид отанг уятдан ўлади!»— бу князь Болконскийнинг ўз ўғли Андрейни урушга кузатаётганда айтган сўзлари.
Беҳисоб бойликлар соҳиби бўлган кекса князь Болконский ёлғиз ўғлини шу тарзда урушга кузатади. Урушда ўғли ҳалок бўлиши мумкинлигини билса-да, ўғлини урушдан олиб қолишни истамайди, фарзандларига шундай тарбия берган халқ урушда ғалаба қилишга қодир.
«…Отабек бир оғиз сўз айтмай сукут қилди, Юсуфбек ҳожининг эса ўғлининг сўзини тўғрилиғиға, кейиндан юз кўрсататурған кўнгилсиз ишларга ақли етса ҳам, аммо бир мулоҳаза юзасидан истиқболнинг қоронғи ишларини ҳозир унча мулоҳаза қилиб кўрмади:
— Жуда тўғри айтасан, ўғлим; бироқ онангнинг бир мулоҳазасизлигига бошдаёқ мен лабимни тишлаб қолған эдим.
Ҳозирда ҳам шу ҳолда қолмоққа мажбурман, — деди ва: — Биз ҳозир андишанинг бандаси, мен эмас онанг биравни ишондириб қўйған: бизнинг оиладан лафсизлик чиқиши менга маъқул кўринмайдир.»
Ҳар иккала ҳолатда ҳам зодагон оила бошлиқларининг фарзандларига муносабати яққол тасвирланган. Биринчи ҳолатда князь келини ҳомиладор ва касал бўлсада, ўғлини Ватан олдидаги бурчини шараф билан бажаришга даъват этиб қанчалик оғир бўлсада уни урушга жўнатади.
Иккинчи ҳолатда эса ота-она ўз орзу ҳаваси йўлида ўз ўғлининг ҳаётига аралашиб уни ҳалокатга гирифтор этади. Бу ҳам бизнинг фарзандларимизни ҳаддан ортиқ севишимиз, уларга шамолни ҳам раво кўрмасдан ҳар қандай балодан асрашга ҳаракат қилишимиз, уларни ҳаттоки Ватан олдидаги шарафли бурчини ҳам тўлиқ бажаришга сафарбар эта олмаслик даражасига келтириб қўйди. Оқибатда уларни замонавий билимларни чуқур эгаллаш имконидан маҳрум этдик, жамиятда юз бераётган воқеа ҳодисаларга баҳо беролмайдиган даражада чегаралаб қўйдик.
Ҳозиргача бу ҳол давом этмоқда: фарзандларимизни бешикдаёқ оёқ-қўлларини боғлаб ухлатамиз, йиғласа оғзига сўрғич тиқамиз, унда ҳам тинчимаса урамиз, барибир айтганимизни қилдирамиз.
Ота-онани ҳурмат қилишини талаб қиламиз, болалигиданоқ ишлатамиз, фақат биз истаган китобни ўқитамиз, биз истаганимиздек яшашини талаб қиламиз. Умуман мустақил фикрлашига рухсат бермаймиз. Фақат бўйсунишини талаб қиламиз, оқибатда фарзандларимиз ўзимиздек тобе бўлиб ўсади. Мустақил фикрловчи, бошқарувчи эмас, бўйсунувчи, итоаткор бўлиб вояга етган болаларимиз энди фақат хизматкорликдан бошқасига ярамай қолди.
«Сиёсат билан ишинг бўлмасин, давлат ишига аралашма, тинчгина юр!» бу бизнинг фарзандларимизга кундалик тайинлайдиган сўзларимиз. Фарзандларимизга қачон «Сен ҳам ўқи, сен тенгилар оламшумул янгиликлар яратяпти, мол-дунё тўплама, илм ўрган, дунёга илмлилар ҳукмрон бўлади!» деб ўргатамиз?

Related Articles

Close