O`zbekiston

Олиб борган тўртта нонини пеш қилиб, ногиронни хижолатга қўйиб бўлса-да, суратини интернетга жойлаган беюз мутасадди ҳар ерда бор!

"Фейсбук" ижтимоий тармоғидаги "Халқ билан мулоқот" гуруҳи саҳифасида эълон қилинган мулоҳаза кишини ўйга толдиради. Сизга ушбу мақолани тўлиқлигича ҳавола қилмоқдамиз.

Ёзмоқчи эмасдим…
Сўз бошида «фарзанд -энг ширин неъмат, кўз қувончи, ҳаёт мазмуни; топган-тутганимиз шуларники; «чўрт» кесилсаям эгилмаган бош, керак бўлса, боласи учун тиз чўкиши ҳам мумкинлиги, улар эртамиз, давомчиларимиз, бугун асосий эътибор уларга қаратилган» тарзидаги жумлаларни қайта-қайта тердим, ўчирдим, ёздим, аммо ўхшамади. Ҳаммаси ёлғондек туюлди. Чиройли жумлаларнинг ҳаётда исботи йўқдай, бу гаплар сиз учун эмасдай.

Шароитдан, ислоҳотдан бонг ураётган тв, қарсиллатиб қасида ўқийдиган қизча, «каттакон» келишига боғчасини созлаб қўйган мудира-ю, асфальт ётқизган ҳоким; оборган тўртта нонини пеш қилиб, ногиронни хижолатга қўйиб бўлса-да, суратини интернетга жойлаган беюз мутасадди, мажлисдан бери келмаётган бошлиқ — ҳаммангиз у гапларга тупургансиз, ўша иплос тупук билан барини яшириб, жамият кўзини шамғалат қилмоқ бўласиз.

Юқоридан келаётган ислоҳот халққача етиб бормайди, чунки йўлда Сиз бор, тўсасиз, бўғасиз, сизнингча, ҳаммаси шундоғам ОК!

Таълим тизими қоғоз тўлдирувчи улкан конвейерга айланганини қоралаб, юқорига шикоят қилганни жамоа ичида нақ «халқ душмани»дай кўрсатган ҳам Сиз, у энди шикоят қилмай қўйди, йўриғингизга юради. Нафратомуз нигоҳлар чарчатди уни.

«Битирувчиларни бир ойга бўлсаям, ишга олинг, кейин ўзингиз биласиз, отчёт берволайлик», дея очилмаган иш ўрнидан лоф урганам Сиз.

Ҳая, кўкрагингизга муштлаб мақтаган саломатлик лойиҳаларингиз нега кўринмаяпти ё мен кўрмадимми? Боламни судраб зир югурганимда, рўпарамдан нега чиқмади, боринг ана, қидириб ҳам топмадим? Ёки ҳамма яхши нарсалар бола учун деганингиз аскиямиди? Ишонибман, узр. Тез-тез алданишим рост, эҳтимол, айб ўзимда.

Далил келтиришимни сўрайсиз-да-а, ҳмм… Сўз қуруқ, абсурд бу замонда.

Ўша куни иситмадан қизим ўтдек ёнди. Лицейи совуқ, шамоллабдимикин? Дори бердим, тушмади, алаҳлай бошлади.
Шошилинч тез тиббий ёрдамга югурдим. Соат 15.10. Педиатр хонасига навбат узун. Кутдик. Кирдик. Текширди-грипп. Уколлар қилишди, иссиғимиз тушгандек бўлди. Уйга рухсат берди, қайтдик.

Бирор соат ўтдими, йўқми, иситма яна авж олди. Дори бердик, нам сочиқ билан «растирания». Ҳарорат ўчакишгандай, ўлчагични тешиб чиқай дейди. Тағин бордик. Тағин текширди-грипп. Тағин ўша укол. Йўқ, бу сафар иситма тушмади. Ичим торайди.

-Дўхтир, ренген қилайлик.

-Қилаверамизу, ренген ўқийдиган врач йўқ-да. Ренгенолог душанба келсин. Унгача симптоматик даволаб турайлик.

-Вой-бўў, эрта якшанба бўлса. Дўхтир, ўпкани бир кўриб қўяверинг.
Ренген қилайлик, ўқийдиган топилиб қолар…

Ренген қилдик, ренгенолог йўқ.
Душанба куни келади. Иш вақти саккиздан иккигача. Атиги 6 соат. Куннинг қолган ўн саккиз соатида ренгенга муҳтож беморлар бизга ўхшаб сарсон бўлгани ва яна ҳали анчайин сарсон бўлиши кўз олдимга келиб, бадтар эзилдим.

Врач бир компьютерга қарайди, бир ўпкани эшитади.

-Аниқ айтолмайман, чап томон хирароқ. Ренгенолог кўриши керак. Душанба эрталаб келинг, иссиғига ҳушёр туринг.
-Қизиқмисиз, шу ҳолатда уйга кетайми?
-Муолажа ёзиб бераман.

Уйга қайтдик. Болада иситма. Нима қилишни билмайман, умуман, бил-май-ман. Хаёлимда унга бир гап бўладигандай юрагим така-пука. Алаҳлайди, ухлагани қўймайман, худди қайтиб уйғонмайдигандек, ўзи асрасин.
Икки йил аввал тўғри ташхис кеч қўйилгани, муолажа нотўғри бўлганидан ўпкага сув тўлиб, отамни бой берганмиз. Алами, оғриғи кетмаган. Ўпка деса, қалтирайман.

Хаёлимга интернет келди. » Врачи Ташкента» гуруҳига дарҳол ренген суратларини йўлладим. Дақиқаларда ташхис қўйилди — ўткир пневмония. Болани тез стационарга ётқизиш шартлигини тушунтириб, тавсиялар беришди. Гуруҳ админ ва шифокорларига раҳмат!

Қизимни судраб, қайтиб борганимизни англадингиз. Лекин стационарга жойлашолмадик. Жой йўқ.
40 ўринли педиатрия бўлимида 110 бемор бола жойлашган, 4кишилик палатада 7-8 бола ётибди, қаровчиси билан 14-16 киши, сассиқ, дим. Жой етмаганлар ерда, совуқ.
Ота-оналар кўзида мунг, дилбанди тузалиб қолса бўлди, ҳаммасига чидайди, ерда ётса, нима қипти, боласи соғайса бўлгани, майли. Бошқа иложи борми? Ёш болани хусусий олмаса? Олгандаям, худди давлат касалхонасида энг зўрлари ишлайдигандай, хусусийга ишонмайсан.
Томоғим қадалди. Бола уволмасми?! Ерда иситмалаб ётган гўдаклар ҳалиям кўзим ўнгида. Худди ОАВ мақтаётган мамлакат бошқаю, биз бошқа ўлкада яшайдигандек. Камига, шунча бетоб болага ҳатто тунги врач йўқ.

-Инфекция манбаи бу ер, касал кўп. Бир- бирига юқмаслиги имконсиз. Бошқа ташхис билан келиб, бошқаси чиқиб кетади. Бир ҳафта ўтиб қайтиб келгани қанча. Болангизга алоҳида парвариш зарур, бу ерда эса иложи йўқ. Мана муолажаси. Фтизиатр ҳам кўрсин. Шу. Кўнмасангиз, бугунча ерга жой солиб, олиб қолишимиз мумкин.

Педиатр чин дилдан гапирди.
Қизим каттароқмасми, аҳволни кўриб, ҳиқиллашга тушди.

Эрталаб фтизиатр излаб, диспансерга борганимизда, якшанба куни навбатчи шифокор бўлмаслиги маълум бўлди. Куласанми, куясанми?!

Ҳартугул, уйини сўраб сўраб топдик.

-Зудлик билан касалхонага ётқизинг, амбулатор бўлмайди.
-Жой йўқ экан.
-Менга қаранг, ўткир пневмония. Ўпка сувга тўлса ё юрак етишмовчилиги берса, нима қиласиз?..

Туман педиатрия бўлимига яна бордик, сезганингиздек, жойлашиб бўлмади…

Оёғим ости йўқолиб қолди гўё, ҳар қадамда майишиб кетавердим. Дод солгим, ерга ётволгим келди. Нафасим қисилди, аллақаерим симиллаб оғрийверди. Хўрлигим тутди…
Болалар саломатлигига ажратилган маблағ, эътибор, хориждан келтирилган бурди бало ускуналар, чет эл андазасида қурилган касалхона лавҳалари кўз олдимда чарх уриб, миямни қисди. Шу гапларга ишонган ўзимга лаънат ўқидим. Ғижиндим. Йиғлаёлмадим, томоғимга тиқилган нимадир ҳалиям бўғяпти.

Маломат қилишга тоқатим, ҳолим йўқ. Саволим бор, холос.
-Аҳолиси чорак миллионли туманда соат 14дан сўнг ренгенолог ишламаслиги;
-51минг боласи бор ҳудуд педиатрия бўлимида бор-йўғи 40 ўрин мавжудлиги;
-110 нафар беморга бўлимда кечаси навбатчи врач қолмаслиги қайси нормативлар асосида белгиланган?
Халқни қийнаётган муаммога қачонгача кўз юммоқчисиз, нега юқори ташкилот, вазирликни хабардор қилмайсиз, курашмайсиз? Мавжуд ҳолатни ўзингиз беркитасиз, чақиринг, ўрганишсин, муаммо жимлик билан ҳал бўлармиди.

Худога шукр, анча яхшимиз, хусусий сектор ўлмасин.

Соғлиқни сақлаш тизими бошида ўтирганлар, илоё, болангиз оғримасин, анави гўдакдай захда иситмадан алаҳламасин, ўзингиз азобда қолманг! Сизни қарғамайман, зор титраган оналар қарғиши уриб қўйишидан қўрқаман.

Фақат ўтинаман, етказиш имкони бўлса, Президентга айтинг, туманимизга келсин, Ўзбекистонда астойдил ишлаётган раҳбар биргина Мирзиёевлигини халқ билиб бўлди. Қўяверинг, сиз менсимаган бола кимгадир азиз, мен бунга ишонаман!

Дарвоқе, билдирмай келинг, жаноб Президент, зеро, қарсиллатиб қасида ўқийдиган қизча, «каттакон»нинг келишига боғчасини созлаб қўйган мудира-ю, асфальт ётқизган ҳоким, оборган тўртта нонини пеш қилиб, ногиронни хижолатга қўйиб бўлса-да, суратини интернетга жойлаган беюз мутасадди, мажлисдан бери келмаётган бошлиқ ҳар ерда бор!

Дилором Эргашева
Наманган вилояти Чуст тумани

Пс: сурат Чуст туман педиатрия бўлимида олинди. Бола меникимас. Қизим катта.

Related Articles

Close