Жаҳон

Чет эл судлари ва арбитражлари қарорларини ижро этиш

Халқаро ҳуқуқда барча ёки кўпчилик давлатлар томонидан тан олинган бир қатор принциплар ва нормалар мавжудки, улар халқаро ҳуқуқнинг умумий нормалари, умумий, универсал принциплари ва халқаро ҳуқуқнинг нормалари деб аталади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари Ўзбекистон Республикаси номидан (давлатлараро шартномалар), Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан (ҳукуматлараро шартномалар), вазирликлар ва идоралар номидан (идоралараро хусусиятга эга бўлган шартномалар) тузилади.

Халқаро шартнома — бу икки ёки бир неча давлатлар ва (ёки) халқаро ташкилотлар ўртасида тузилган битим (конвенция, пакт, декларация, шартнома ва ҳ.к.) бўлиб, иштирокчиларнинг сиёсий, иқтисодий ва бошқа муносабатларида ўзаро мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ва тугатишни назарда тутади.

Чет эл судлари ва арбитражлари томонидан чиқарилган қарорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижро этишнинг хусусияти шундан иборатки, бу жараён нафақат миллий қонунчилик нормалари билан, балки Ўзбекистон Республикаси иштирокчи бўлган халқаро шартномалар қоидалари билан ҳам тартибга солинади. Чет эл судлари ва арбитражлари томонидан чиқарилган қарорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўғри ва аниқ ижро этиш учун нафақат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари нормаларининг талаблари, балки ишитрокчи мамлакатларнинг бир бирига фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи кўп тарафлама, худди шунингдек, икки тарафлама халқаро шартномалар талаблари ҳам ҳисобга олинади.

Чет эл судларининг қарорлари дейилганда, фуқаролик ишлари бўйича қарорлар, жиноят ишлари бўйича ҳукмларнинг жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги қисми, шунингдек агарда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган бўлса, чет давлат бошқа органларнинг ҳужжатлари тушунилади.

Чет эл судлари ва арбитражлари қарорларини ижро этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиштўғрисида”гиҚонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Чет эл судининг қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси суди томонидан берилган ижро варақаси, агарда Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарор кучга киргандан сўнг уч йил давомида ижрога топширилиши мумкин.

Ижро ҳужжатларини ижро этишда шуни назарда тутиш керакки, чет давлатга қарашли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган мол-мулкни хатлаш ва унга нисбатан даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни қўллашга, хўжалик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш тартибида ундирувни шу мол-мулкка қаратишга, агар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тегишли давлатнинг ваколатли органлари розилиги билангина йўл қўйилади.

Чет эл судининг қарорини ижро этишдан аввал, у тан олиниши керак. Чет эл судининг қарорини тан олиш ва ижро этиш тартиби миллий қонунчилик ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинади.

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси Ф.Мирзақулов

Related Articles

Back to top button