Madaniyat

«Сиз ҳам жаннатисиз, мен ҳам жаннатиман!»

Кейинги йилларда турмуш қурган ҳар учта оиланинг биттаси бир йил ичида ажралиб кетаётгани ҳаммани ташвишга солмоқда. Маҳалла фаоллари, расмий ҳокимият вакиллари оилалар ажралишининг олдини олиш учун ўтказаётган тадбирлари баъзи оилаларнинг тикланишига ёрдами тегаётган бўлса ҳам, амалда сезиларли ижобий натижалар бергани йўқ.
Тирик етим қолган болаларнинг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши, алимент тўлашдан бўйин товловчиларга нисбатан кўрилаётган чоралар ҳам ўз мевасини бермоқда. Энди яна “куёв” бўлишни қумсаб қолган бойваччалар алимент тўғрисида ўйланиб шаштидан қайтмоқдалар.
Аммо ҳалиям қўли узун ўғилларимиз, тили узун келинларимиз, “қилни қирқ ёриб” келинининг хатосини топувчи қайноналар, ўғлини яна “вечер” қилиб уйлантирувчи оталар, ёшларга ақл ўргатувчи “меҳрибон” опалар ва шу каби ёш оилаларнинг ишларига аралашувчи кишилар бор экан, оилалар ажралиши камаймайди.
Хўш, унда оилалар ажралишининг олдини олиш учун нима қилмоқ керак?
Энг муҳими ёшларимизни сабрли бўлишга ўргатиш керак. Аслида ҳамма оиланинг ажралишининг асл сабаби сабрсизлик. Ахир ота-боболаримиз йўқликка ҳам, қийинчиликка ҳам, бошига тушга қайғуларга ҳам мардонавор чидашган. Аммо оиласига, фарзандларига зулм қилишмаган. Фарзандларнинг кўз ёшларини ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди.

Шу ўринда битта ҳикматли латифани ёдимга келди:

Қадимда бир хунук, қари бойнинг ёш, гўзал хотини бор экан. Хотини ҳар доим эри билан ўтирганда: “Қандай яхши, сиз ҳам жаннатисиз мен ҳам жаннатиман.”-дер экан. Бундан жаҳли чиққан эр: “Тилингни тий! Қандай биласан бизнинг жаннати эканлигимизни, тавба қил!”-деб уришаркан.
Аммо аёли ҳадеб шу гапини такрорлайвергач, бир куни бой бу гапнинг маъносини сўрабди. Шунда хотини: “Сиз ҳар доим мени кўрганингизда қариган чоғингизда мендай гўзал, ёш, ақлли аёлни етказган Оллоҳга шукур қиласиз. Шукур қилувчилар мусулмондирлар, мусулмонлар эса жаннатидирлар, шунинг учун сиз жаннати бўласиз. Мен эса ёш, гўзал бўлсамда сиздек қари, хунук одам билан сабр қилиб яшаб юрибман. Оллоҳнинг собирлар билан биргаман деган ваъдасига биноан мен ҳам жаннати бўламан. Қайғурманг хўжайин, сиз ҳам жаннатисиз, мен ҳам жаннатиман!”-дебди.

Related Articles

Close