Madaniyat

ДУНЁНИ ФИСҚ-ФАСОД БОСИБ КЕТДИМИ...

Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси директори Шуҳрат Шокиров ўз ҳайдовчиси Асқар Мирзаевга пойабзалини тозалаттирганлиги  ҳақидаги хабар «Xabar.uz» сайтида 2017 йил 28-декабр куни соат 17:26 да «Инсон ўзинг! Ҳайдовчисига оёғини арттирган раҳбар» сарлавҳаси билан эълон қилинди.

Ушбу хабарни ўқидиму ҳайрон қолдим. Наҳотки шу гап рост бўлса! Агар ишонмай десангиз суратини ҳам чиқарибди, аммо суратда пойабзалини тозалаттираётган киши тескари қараб тургани учун унинг кимлигини ва пойабзал тозаловчининг ҳам юзи аниқ кўринмаганлигидан унинг ҳам кимлигини аниқ айтиш қийин. Лекин мақола муаллифи «… Ишончли манбаларимизнинг хабарига кўра, Сурхондарё вилоят телерадиокомпанияси директори Шуҳрат Шокиров ўз ҳайдовчиси Асқар Мирзаевга пойабзалини тозалаттирган» деб иддао қилган.

Агар муаллиф «ишончли манбалари»га аниқлик киритганда ва суратга олувчи орқа тарафдан эмас, олд тарафдан суратга олганда хабар ишончли бўларди. Бу мақола худди «орқадан пичоқ уриш»га ўхшайди. Ҳозирги оддий компьютердан фойдаланиб истаганча сохта суратлар тайёрлаш мумкинлигини мактабнинг бошланғич синф ўқувчиси ҳам билади-ку, тажрибали журналист шу мавҳум суратни асос қилиб (суратга қаранг) дея ўз фикрини исбот қилмоқчи бўлганлиги ачинарли ҳол.

Гап Сурхондарё вилояти телерадиокомпанияси масъул ходими тўғрисида эканлиги туфайли мен бу хабарга бефарқ бўлолмадим, чунки Ш.Шокиров ҳар якшанба куни вилоят телевиденияси орқали жонли эфирда олиб бориладиган «Халқ билан мулоқот» кўрсатувида иштирок этиб, ўзининг билими, хушмуомалалиги ва жонкуярлиги билан вилоят аҳли ўртасида катта эътибор қозонган журналистлардан.

Маҳалламизда бир йигит кўп йиллардан бери қулоғи кар бўлиб қолган отасига эшитиш мосламаси келтириб берди, отаси шу мосламани қулоғига тақиб ҳаммани эшита бошлабди, кечқурун отахонни зиёрат қилиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлиш ниятида борсам, отахон аввалгидек ҳеч нарсани эшитмайди. Бир амаллаб сабабини сўрасам отахон: «Бугунги ғийбатларни эшитгандан кўра кар бўлиб юрай, дунёни фисқ-фасод босиб кетибди!» деди. Ҳа, отахон ҳақ эди.

Ўзбекистоннинг фуқароси, Сурхондарёда яшовчи инсон сифатида ушбу мақолага аниқлик киритилишини «Xabar.uz» сайти ходимларидан сўраймиз.

Related Articles

Close