Kasbim-faxrim

Вилоят ҳокимига мурожаатдан сўнг...

Жорий йилда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши халқимиз учун айни мудао бўлди. Жорий йилда кўплаб муаммолар ўз ечимини топди, кўплаб ноҳақликларга барҳам берилди, лекин шунга қарамасдан ҳали ҳам баъзи бир тармоқларда ўз вазифаларига совуққонлик билан қараш мавжуд. Шу боис ҳам ўзбекистон Республикаси Президенти ва вилоят ҳокими қабулхонасига келиб тушаётган мурожаат ва шикоятларнинг оқими тўхтамаяпти.

Навбатдаги шикоят вилоят ҳокими Э.Турдимовга Денов тумани “Буюк келажак” маҳалласи Вахшивор кўчаси 30-уйда истиқомат қилувчи фуқаро, Денов тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби Миллий кураш бўйича собиқ мараббийи, айни дамда фаррош Тоирова Жамила Шукуровнадан келган. Муаллиф биринчи бор мураббийлик ҳуқуқини берувчи сертификатнинг муддати тугаганлигини ва ишсиз қолганлигини, қайта топширишга оилавий шароити оғирлиги, бир хонадонда беш оилада 17 нафар киши истиқомат қилаётгани, оилада ногирон борлиги ва оилани тебратаётган янгаси ва ўзи эканлиги эканлигини айтиб, ўз фаолиятига қайтишликда амалий ёрдам сўраб мурожаат этган.

Вилоят ҳокимлигидан мурожаат тегишлилиги бўйича вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитасига юборилган. Энг катта чигаллик ана шу бошқармадан бошланган десак асло муболаға бўлмайди. Бошқарма мутасаддилари мурожаатни текшириш учун бориб ўрганишни ўзларига эп кўрмаганда ўтирган идорасининг ўзида ҳал қилиб қўйишган.
Денов туман Болалар ва ўсмирлар мактаби директорига “Шу ёзувчини тинчит!” қабилида топшириқ берилган ва 0,5 ставка бирлигида, яъни ярим штат фаррошликка ишга олишган-у, бир энлик далолатнома билан ёпиб, вилоят ҳокимлигига бу мурожаат ўрганилиб, ижроси таъминланди деб ҳисобот берилган.
Амалдачи? Аслида ҳеч ким мурожаатчи билан учрашмаган ва суҳбатлашмаган.
-Сиз менга телефон қилганингиздан кейин ҳаммаси мендан сўраб қолишди, кейин Сиз менга ташлаб бердингиз, “телеграммдан”, кейин мен ўқиб кўрсам “Ариза ёзишдан бош тортди” деб ёзишган экан. Лекин ҳеч ким менга бу ҳақда айтмаган. Шунинг учун мен вилоят ҳокимига мурожаат этдим. Эртаси куни Алишер Қиличев келиб мен билан гаплашди, менга айтдики: “ишонганинга айт, ҳеч нима қилолмайди!”деди. Мен шу ерда 2008 йилдан бери ишлайман. 2013 йилда мана шу зал қурилди, шу залда биринчи биз ишлаб бошлаганмиз,-дейди суҳбатда Жамила Тоирова, 27 апрел куни ўзим ариза ёзиб чиқиб кетганман, чунки 5 май куни сертифат муддати тугарди. Ўқувчиларим орасида чемпионлар бор, фақат вилоят миқёсидаги мусобақаларга қатнашганмиз, республикага бюормаганмиз, чунки давлат томонидан бизга маблағ ажратилмаган.-деди у суҳбат чоғида.
Вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Алишер Қиличев, бошқарма ходимлари Нусратилла Усмонов, Абдулазиз Менгтўраев ва жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси Денов тумани бош мутахассиси Баҳодир Муқимовлар томонидан имзоланиб, вилоят ҳокимлигига юборилган 2017 йилнинг 1 декабр кунида ёпилган далолатномани фуқаро Жамила Тоирова кўрмаган ва ҳеч ким у бидан учрашмаганлигини ошкор қилгач, Спорт бошқармасининг Денов тумани бош мутахассиси деб таништирилган жанобнинг пайтавасига қурт тушиб қолгандек, ўзини қўяга жой тополмай қолди. Шундан сўнг биз у кишига дафтар бериб, шахсий имзоларини қўйишлигини сўрадик. Уч бор қўйган имзоси ҳам ўхшамагач, далолатномадаги имзо ҳам, далолатнома ҳам сохта эканлигини тан олмай бошқа иложи қолмади.
Ваҳоланки, Баҳодир Муқимов спорт бошқармасининг Денов тумани бўлимида ишламасалиги, ҳеч қандай ҳужжати ҳам йўқлиги бизни таажублантирди.
Мурожаатни чуқурроқ ўрганиш учун вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мутасаддилари ва далолатномага имзо чеккан мутахассислар билан учрашганда ҳам Денов туманига бориб мурожаат ўрганилмаганлиги аниқ бўлди. Далолатномага имзо қўювчилар далолатномани бирга тузиб имзо қўймасдан бирин-кетин имзо қўйишганини, аслида далолатнома ўрганилгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдиришди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бу бошқармада қип-қизил кўзбўямачилик ва қинғир ишлар айни авжида. Биз вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси кадрлар бўйича мутахассисига ушбу шахсларга тегишли ҳужжатларни, яъни ишга қабул қилинганлиги, айримларининг ишдан бўшатилганлиги тўғрисида буйруқларини сўраганимизда “Ҳозир хонамдан олиб келаман” деди-ю, шу билан жуфтакни ростлаб қолди.

Энг ачинарли ҳолат-Жамила Тоированинг шахсияти камситилиб ҳурматсизликка йўл қўйилганлигини фаррошлар иш қуролидан ҳам билса бўлади. Кўкрак белгисига ёзиб қўйиладиган исм ва фамилияси швабрага катта қилиб ёзиб қўйилган.
Жамила Тоированинг яшаётгани уйига бориб ўрганилганда, шу нарса аниқ бўлдики, ҳақиқатан ҳам ушбу оилада ногирон аъзолари борлиги аниқланди, бу оиладагилар барча қийинчиликларни енгиб, шукроналик билан умргузоранлик қилиб келган. “Шукронали бандасини Оллоҳ сийлайди” деганларидек бу оилага шахсан вилоят ҳокимининг ҳокими Эркинжон Турдимовнинг таклиф ва ташаббуслари билан Деновда янги қурилаётган уйлардан бири Жамила Тоированинг ногирон акаси Зоир Тоировнинг оиласига бериладиган бўлди. Вилоят ҳокимининг ташаббуслари билан дастлабки тўлов ҳам амалга оширилди.
Айни кунда вилоят ҳокимлигши томонидан собиқ мураббийнинг сертификат олиш борасидаги мурожаати ўрганилиб, амалий натижага эришиш борасида саъйи ҳаракатлар бошлаб юборилган. Ўйлаймизки, собиқ мураббий ўз ўқувчилари билан севимли машғулотларини бошлаб юборади деган умиддамиз.
Қилинган ноҳақликлар ва йўл қўйилган хатолар тан олинди, лекин ғишт қолипдпн кўчган эди. Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Дилмурод Маматовнинг ҳужжатни қалбакилаштирган вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Қиличев, бошқарма ходимлари Нусратилла Усмонов, Абдулазиз Менгтўраев, Бегали Раимов ҳамда Баҳодир Муқимовлар эгаллаб турган вазифаларидан озод этилиб, улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. Ҳақ қарор топди, элнинг юзига оёқ қўйиб, вилоят раҳбарларини алдашга уринган кимсаларнинг қинғир ишлари фош бўлиб, юзлари шувут бўлди.

Ҳақиқатан ҳам бундай инсонлар тараққиётга тўсиқ бўлиши шубҳасиздир. Зеро бундай қинғир ишларнинг оқибати бошқа масъул мутасадди раҳбар ходимларга сабоқ бўлсин!
Сурхондарё телерадиокомпанияси

Related Articles

Close