Hodisalar

“АЛИ”НИНГ ДЎППИСИ КИЙДИРИЛГАН “ВАЛИ” ЕТТИ ЙИЛДАН СЎНГ ОҚЛАНДИ

Гап шундаки, 2022 йилда Батир ўзига керакли маълумотномани олиш учун давлат хизматлари марказига боради. Аммо маълумотномани бериш асносида марказ масъул ходими унга кутилмаган “янгилик”ни, яъни 2016 йилда ўғирлик жинояти бўйича судланганлигини айтади.

Рости бу гапни эшитиб, эсанкираб қолади Батир.

– Қанақасига? Ахир мен жиноятга қўл урмаганманку?! – деб сўрайди бироз ўзига келгач.

– Билмадим. Мана, ички ишлар бош­қармаси ахборот марказида шундай қайд этилган, – дея тушунтиради марказ ходими.

Хуллас, Б. Адамов оёқ-қўли бўшашиб, марказдан чиқади. Сўнгра ҳимоячиси билан бирга ишга киришади. Маълум бўлишича, аслида ахлоқ тузатиш иши бўйича жазосини ўтаётган Дмитрий Иванус 2016 йилда ўғирликка қўл уради. Аниқроғи, 2016 йил 23 март куни соат 22:30 ларда Фарғона шаҳрининг Мус­тақиллик кўчасидаги 116/31-уйнинг 4-қавати йўлагида, темир панжарага қулф­ланган ҳолда турган, фуқаро Х. Шариповга тегиш­ли нархи 650 000 сўмлик “Bluschke” русумли велосипеднинг қулфини бузиб, ўғирлаб кетади.

Орадан 2 ойча ўтгач – 2016 йил 30 май куни эса соат 23:45 ларда шаҳарнинг Соҳибқирон Темур кўчаси 31-уй йўлагидан фуқаро З. Хусаинованинг нархи 800 000 сўмлик велосипедини ўғирлаётган маҳали қўшниси Ғ. Якубов томонидан тўхтатиб қолинади ва ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жазо ўташ мобайнида янги жиноятни содир этгани галдаги жазони оғирлаштирувчи ҳолат эканлигини ўғри йигит яхши биларди. Бинобарин, у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига ўзини Батир Адамов сифатида таништиради. Негаки, оғайниси ҳақидаги барча шахсий маълумотлар унга маълум эди.

Фуқаролик паспортини йўқотганлигини айтиб, баҳона қилади. Оқибатда юқоридаги ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, барча ҳужжатлар Б. Адамов номига расмийлаштирилади.

Шундан кейин мазкур ўғирлик жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилади. Суднинг 2016 йил 6 октябрдаги ҳукми билан “судланувчи” Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми ва 25,169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 57, 59-моддалари тартибида 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

Шу тариқа, “судланганлиги” аён бўлгач, Батир Адамов ўзининг айбсизлигини исботловчи далилларни илова қилган ҳолда Фарғона вилоят судига апелляция шикоятини беради.

– Мен 2011 йил 12 апрелда Россия Федерациясининг Москва шаҳрига кетиб, 2017 йил 20 май куни Ўзбекистон Республикасига қайтиб келганман. Шундай экан, қандай қилиб бу ерда ўғирлик қилган бўлишим мумкин? – дея кўрсатма берди Б. Адамов апелляция суди мажлисида.

Бундан ташқари, жиноят ишида мавжуд фотосуратлар ҳам ўғирликни содир этган шахс Батир Адамов эмас, айнан Дмитрий Иванус экалигини тасдиқлади. Ҳаттоки, иш ҳужжатларида Б. Адамовнинг тилга олинган ўғирлик жиноятига алоқадорлигини кўрсатувчи далиллар ҳам мавжуд эмас.

Жиноят-процессуал кодексининг 464-моддасига биноан, судланувчига қўйилган айблов иш ҳолатлари батафсил текширилгандан кейин ишонарли тарзда ўз тасдиғини топмаса, суд ушбу модда биринчи қисми 3-бандида назарда тутилган асосга кўра судланувчини оқлаши шарт.

Кодекснинг 22-моддасида эса иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланган. Лекин биринчи босқич суди Б. Адамовни айб­лашда мазкур қонуний талабларга риоя қилмай ҳукм чиқарган. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 6 октябрдаги ҳукмини бекор қилган ҳолда, Б. Адамовни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу билан бирга, оқланувчи ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоп­лаш юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Жиноят-процессуал кодексининг 470-моддасида судланувчи содир этилган жиноятга дахлдор эмаслиги сабабли оқланган тақдирда, оқлов ҳукмининг қарор қисмида жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун иш прокурорга юборилиши қайд этилган. Бинобарин, жиноят иши Д. Ивануснинг жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун Фарғона вилоят прокуратурасига юборилди.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

Фарғона вилоят судининг судьяси

Related Articles

Back to top button