Hodisalar

Кўза кунида синади...ми? Ёхуд “аср”га татигулик бир кун ҳақида...

“2016 йилнинг 5 ноябрь куни ишдан қайтаётиб, уйимнинг киравериш қисмида қўшним Бозоров Шавкат мени атайлаб туртиб ўтди, — дея бошлаган деновлик Набиев Бахтиёр таҳририятга йўллаган билдириш хатини. –Бозоров Шавкат билан тортишувимиз, жанжалга айланди. Тортишув вақтида Бозоров Шавкат оёғимга зарб билан тепди. Ўнг тиззамда пайдо бўлган кучли оғриқдан йиқилдим. Оғриққа чидаб бўлмасди, шу сабаб машинада тез тиббий ёрдам пунктига бордим. У ерда биринчи ёрдам кўрсатилди. Шундан сўнг, икки кун ўтиб профилактика инспектори М. Менгдобилов ушбу тан жароҳати юзасидан суриштирув ишларини бошлади ва жароҳат даражасини аниқлатиш учун экспертиза йўлланмасини берди…”

Бахтиёрнинг умр дафтари саҳифасида из қолдириб, қайсидир маънода “ҳаёт сабоқлари мактаби”ни ўтаётган мазкур, асрларга татигулик кун тарихи эса кейинида, “кўза сингуни” қадар шундай давом этди…

Қўш тортар арра “чиноқ”миди?..

Йўлланмани олган Бахтиёр Нуралиев Термиз шаҳрига келиб, вилоят бош травматологи, ренгинологи ва “Ўтан полвон” хусусий диагностика даволаш марказида ўтказилган ўнг тизза бўғими МРТ маълумотномаларини олиб, Денов туман суд-тиббиёт экспертиза бўлимига топширади. Мазкур уч маълумотга асосан 2016 йил 7 ноябрь кунидаги 1789 – сонли тиббий экспертиза хулосаси тақдим этилади. Унда: “Набиев Бахтиёр Баҳрамовичнинг баданида бирон-бир тан жароҳати излари ва уларни бевосита қолдирган излари аниқланмаган, тақдим қилинган тиббий ҳужжатига кўра, бўйин соҳаси, ўнг тизза соҳаси юмшоқ тўқимаси эзилиши, қўшимча травматолог кўриги ва МРТ текширувига кўра, ўнг оёқ ички ёнбош пайини қисман узилиши каби тан жароҳатлари ўтмас қаттиқ жисм таъсирида эзилган бўлиб, оғирлик даражасига кўра “Соғлиқнинг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати” олганлиги кўрсатилгани таъкидланади.

Аммо, мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борётган Денов туман ИИБ ХООБ МТП профилактика инспектори М. Менгдобилов томонидан (бошқа бир маълумотда эса Ш. Бозоров номи кўрсатилган) Денов туман суд тиббий экспертизаси томонидан Б.Набиевга берилган 1789-сонли хулосадан норози бўлиб ёзган аризасига кўра, қўшимча экспертиза тайинланган…

2016 йилнинг 29 ноябридаги № 83 қўшимча тиббий экспертизасини ўтказган вилоят тиббий экспертизаси бюроси эксперти Ж.Курмашева: “Набиев Бахтиёрнинг бўйин, ўнг тизза соҳалари юмшоқ тўқималарининг эзилиши каби тан жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича одатда 6 кундан кўп давом этмайдиган тез ўтиб кетувчи “Енгил” тан жароҳати деб баҳоланган. Худди шу тўхтамнинг 6 – бандига кўра, “…травматолог томонидан қўйилган “ўнг тизза бўғими пайларининг қисман узилиши” МРТ текширувида ўз тасдиғини топмаганлиги учун мазкур хулоса беришда ва баҳолашда инобатга олинмаганлиги” билдирилган.

Хулосадан норози бўлган Набиев Бахтиёр қўшимча кўрик ва экспертизалардан ўтади…

Хусусан, Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги 2-Тошкент тиббиёт академияси клиникаси кўриги, Сурхондарё вилоят бош травматологи ва вилоят бош радиологи берган маълумотлар ҳам Денов туман суд-тиббиёт экспертиза бўлимининг бирламчи экспертизаси хулосаси, “…ўнг тизза бўғими пайларининг қисман узилиши”ни тасдиқлайди.

Вилоят тиббий экспертизаси бюроси эксперти Ж.Курмашева навбатдаги № 91 сонли қўшимча тиббий экспертизаси хулосасида ҳам 29 ноябридаги № 83 хулосасини қатъий туриб таъкидлагач, томонларнинг норозилиги туфайли яна қўшимча тарзда вилоят тиббий экспертиза бюросининг экспертизаси ўтказилади. 2017 йил 31 январь кунидаги № 31 сонли мазкур экспертиза хулосасида ҳам “… ўнг оёқ ички ёнбош пайини ёпиқ қисман узилиши” тан жароҳати мавжуд бўлганлигини, оғирлик даражасига кўра,”Соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати” эканлигини таъкидланади.

Бу каби толиқтирувчи оворрагарчиликлардан оғринган Бахтиёр Набиев 2017 йил март ойида вилоят тиббиёт экспертизаси бюроси эксперти Ж.Курмашеванинг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб вилоят прокуратурасига мактуб йўллайди…

“Қулоқ боши”да бўлсанг ҳам отанг мироб бўлсинми?..

2017 йилнинг 19 апрель куни № 15/93-2017 сонли Термиз шаҳри прокуратураси томонидан йўлланган “Мурожаатга жавоб”да: “Суд экзпертизаси тўғриси”даги 7-моддаси келтирилиб, “…Суд эксперти ўзининг фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимларига мувофиқ ўтказилган текширишлар натижаларга асосланиб хулоса беради”, дея суд тиббий экспертиза бюроси суд амбулатори, олий тоифали давлат эксперти Ж.Курмашева томонидан “…ўтказилган №83 ва № 91 сонли қўшимча экспертиза хулосалари амалдаги меъёрий ҳужжатларга кўра юритилиб, тан жароҳатларининг оғирлик даражаси қўшимча экспертиза ихтиёрига тақдим қилинган, МРТ текширув натижасига ва мутахассис маълумотига асослан баҳоланганлиги қайд этилгани” ва “Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўтказилган 6 апрель 2017 йилдаги № 01-13/573 сонли хизмат текшируви хулосасида Ж.Курмашева “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга зид равишда хулоса берганлиги аниқланмаган” лиги келтириб ўтилганлиги таъкидланган.
Шундан сўнг, Бахтиёр Набиев Ўзбекистон Республикаси суд-тиббиёт экспертизаси бош бюроси томонидан қўшимча экспертизадан ўтиб келади ва № 57 сонли ушу экспертиза хулосаси асосида Ж.Курмашеванинг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб вилоят прокуратурасига навбатдаги шикоят мактубини йўллайди.

Термиз шаҳри прокуратураси томонидан 2017 йил 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси, 2-бандига асосан “…Ж.Курмашеванинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмади”, дея жиноят иши қўзғатишни рад этилгани, “Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 333-моддасига асосан ушбу қарор устидан юқори турувчи прокурорга шикоят қилишга ҳақли экан”лиги билдирилган қарор тақдим этилади…

Соҳа мутахасислари нима дейди?
Ёхуд тарозу палласи қай томонга ён босди?

Бу борада Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 5 августь 2017 йилдаги 07-Н-2102 рақамли хатида:
“…вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази травматологи Т.Рахмоновнинг фикрларини, бирламчи экспертиза жараёнида ўтказилган касаллик тарихи хулосаси ва 2-Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг №3837 сонли маълумотга оид хулосаси, травматолог маслаҳатларини инкор этиб, 09.11.2017 йил кунидаги “Ўтан полвон” хусусий диагностика даволаш марказида ўтказилган ўнг тизза бўғими МРТ (магнит резонанс тамография) хулосасигагина асосланиб сизга етказилган тан жароҳатини “енгил тан жароҳати” деб баҳолаган, ваҳолангки ушбу текширув жараёнининг ўзида остеопороз белгиси, нисбий синовит, супропотелляр бурсит ташхислари қўйилгани кўрсатилган бу ҳолатда синовит (бўғим халтаси яллиғланиши) характери яъни постравматик ёки бирон бир нозологик касаллик асорати эмаслигига аниқлик киритилмасдан хулоса якунланганлигига қўшилиб бўлмайди…” дейилган.

Шу ўринда, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг 5 августь 2017 йилдаги 07-Н-2102 рақамли хатидаги:

“…Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 2-сон тиббиёт академиясининг, вилоят бош травмотологининг, Денов туман тиббиёт бирлашмаси касаллик тарихи текширув хулосаси ва вилоят бош радиолигининг фикрлари бир жойдан чиққанлиги учун “Ўтан полвон” диагностика даволаш муассасаси хулосаси инобатга олинмаган”, бандидаги жумлага тушунмадик. Зеро, эксперт Ж.Курмашева “Ўтан полвон” диагностика даволаш муассасаси хулосасига асосланган ҳолда (вилоят тиббий экспертиза бюросининг 2017 йил 31 январь кунидаги № 31 сонли ва Ўзбекистон Республикаси суд-тиббиёт экспертизаси бош бюросининг № 57 сонли қўшимча кўрик-текширувига қадар) 2-сон тиббиёт академиясининг, вилоят бош травмотологининг, Денов туман тиббиёт бирлашмаси касаллик тарихи текширув хулосаси ва вилоят бош радиолигининг бир жойдан чиққан фикрлари инобатга олинмаётган эмасмиди?..

Худди шундай, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 6 январь 2017 йилдаги № 10-40/ 166886/16 рақамли хатида: “… Ўтказилган суд экспертизалари амалдаги қонун талаблари доирасида ўтказилган. Аммо ўтказилган барча экспертизаларда тан жароҳатлари характерини аниқлаш ва оғирлик даражасини ишончли тарзда баҳолаш учун зарур бўлган тор соҳа мутахассиси (травматолог) кўриги ва инструментал текширувлар (МРТ) натижаларида юзага келган қарама қаршиликлар бартараф этилмаган. Экспертиза жараёнида йўл қўйилган камчиликларни қайта экспертиза тайинлаш йўли билан бартараф этиш мумкинлигини маълум қиламиз” дейилган.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур муаммога оид йўлланган 26 январь 2017 йилдаги № 10-40/YL-7148 рақамли хатида ҳам эксперт Ж.Курмашеванинг фақат диагностика маркази тақдим этган МРТ га асосланган хулосасига нисбатан : “…Инструментал текширувлар натижасида олинган хулоса асос бўла олмаслиги” маълум қилинган.

“Ўтан полвон” диагностика ва даволаш марказининг бош врачи А. Бегимов томонидан тақдим этилган маълумотномада эса шундай дейилган :

“Берилди ушбу маълумотнома шу ҳақдаким, 09.11. 2016 йил фуқаро Набиев Бахтиёр Баҳрамович “Ўтан полвон” диагностика ва даволаш марказининг МРТ аппаратида текширилганда ҳеч қандай ўзгаришлар аниқланмади. Агар бўғимда ўзгаришлар ва узилишлар бўлганида аппарат текширувида аниқланган бўларди…”
Биттаси хатодир, аммо иккинчиси-чи?..

Бу ҳақда эса вилоят суд тиббий экспертиза бюроси суд амбулатори (тирик шахслар) бўлими мудираси, олий тоифали давлат эксперти Ж.Курмашева томонидан ёзилган “Тушунтириш хати” да эса шундай дейилади:

“… Худди ўша куни “Ўтан полвон” диагностика марказидан 36-сонли маълумотнома тақдим қилинган бўлиб, ундан маълум бўлишича, агарда бўғимларда ўзгаришлар ёки узилишлар бўлса МРТ текширувида аниқланиши керак эди, деган мазмунда ёзилган эди” дея “хулосани ўша текширувга асосан берган”лигини таъкидлаши, тушунтириш хати ёзилгунга қадар бўлган вақт давомида, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 2-сон тиббиёт академиясининг, вилоят бош травмотологининг, Денов туман тиббиёт бирлашмаси касаллик тарихи текширув хулосаси ва вилоят бош радиолигининг фикрларини рад этиб, қатъий турган хулосасига вилоят тиббий экспертиза бюросининг 2017 йил 31 январь кунидаги № 31 сонли ва Республика суд тиббиёт экспертиза бюросининг 21.08.2017 йилдаги № 57-сонли хулосасидан сўнг иккиланиши, адолат мезонини аниқловчиси, кўп минг сонли воҳа аҳлининг тақдири ишониб топширилган масъулнинг хос жавобими?..

Ёпиғлиқ қозон, ёпиғлигича қолгани маъқулми…ди?

Хулоса ўрнида: ушбу мактуб борасидаги маълумотларга баъзи бир ойдинликлар киритиш мақсадида Термиз шаҳар прокуратураси томондан фуқаро Набиев Бахтиёрга оид Республика (сўнгги экспертиза натижаси хулосаси) суд тиббиёт экспертиза бюросининг 21.08.2017 йилдаги № 57-сонли хулосаси билан танишиш истагини билдирганимизда, (раҳбарияти билан маслаҳатлашиб чиққач) масъул бунга рухсат йўқлигини, ҳатто бу тарздаги рад жавоби ҳақидаги қонун билан ҳам таништира олмаслигини билдирди…

Худди шунингдек, тиббиёт соҳасига тааллуқли ва “узоқроқ” баъзилар “одамийлик” юзасидан, яна кимлардир эса ҳамкасабалик юзасидандир, мазкур “иш” юзасидан ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолишини, тавсия қилган бўлишди. Қайдам, бу каби тушунча ва юқоридаги қарашлардан маълумки, демак, кези келганда “қозонлар ёпишилига” одатланилган кўринади. Аммо бу каби, “қош-кўзинг”лар токайгача?

Бу саволни эса ҳар бир соҳа вакиллари виждонига ҳавола этган ҳолда, мазкур ҳолатга ойдинлик киритилишида масъул мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз!

Related Articles

Close