O`zbekiston

Бозорлар кимнинг даромад манбаи?

Юрт равнақи ва халқ фаровонлигини намоён этувчи бозорларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳиссаси барчамизга бирдек маълум. Президентимизнинг жорий йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида вилоятимизда бозорларнинг меъморий қиёфасини янгилаш, қулай савдо инфратузилмасини шакллантириш, сотувчи ва харидорларга барча қулайликлар яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятимизда фаолият юритиб келаётган 33 та бозор ва савдо комплексларидан 21 тасини деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари ташкил қилиб, уларнинг таркибида туман (шаҳар) ҳокимларининг тегишли қарорлари асосида 24 та чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар сотиладиган филиаллари ташкил этилган.

Вилоят ДСБ томонидан деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари ва уларнинг таркибига кирувчи чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар сотишга ихтисослашган бозорларда жорий йил 26 ноябрда савдо ўрни учун кунлик тўлов ва сотиш учун бозорга олиб келинган ҳар бир бош йирик ва майда шохли чорва моллари учун тўланадиган нақд пул маблағларини мониторинг қилиш тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар давомида бозорларимизда жисмоний шахс сифатида савдо фаолиятини амалга оширганлардан 128 299,8 минг сўм кунлик нақд пул йиғилиб, банкка кирим қилиниши таъминланди. Энди, эътибор беринг, олдинги ҳафтанинг мос куни, яъни 19 ноябрда банк кассаларига 95 421,5 минг сўм нақд пул топширилган. Мониторинг кунидаги тушум олдинги ҳафтага нисбатан 32 миллион 878 минг сўмга ошганини кўриш мумкин. Бир марталик патта тўловлари бўйича тушумдаги энг катта тафовут “Олтинсой деҳқон (озиқ-овқат) бозори” МЧЖга қарашли “Миршоди” ҳамда “Хўжасоат” чорва моллари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бозорларида кузатилди. Мазкур бозорларда 25 ноябрдаги мониторинг давомида 16 309 минг сўмлик патта пуллари йиғилган бўлса, ушбу сумма олдинги ҳафтанинг мос кунига нисбатан 9 миллион 636 минг сўмга ўсганлигини кўрсатади.

Хўш, савол туғилади. Нега назорат тадбирлари давомида бир марталик патта пуллари бошқа кунларга нисбатан кескин фарқ қилади? Банк ғазнасига топширилмай қолаётган миллионлаб нақд пулларнинг манзили қаерда? Бу ҳолатлар хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, нафс қулига айланаётган айрим моддий-жавобгар шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан дарак эмасми?

“Жарқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори” масъулияти чекланган жамияти мансабдор ва моддий-жавобгар шахслари томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар кишини ҳайрон қолдиради. Шу йилнинг 13 ноябрида жиноят ишлари бўйича вилоят судида юқорида кўрсатилган МЧЖ ва унга қарашли “Какайди” ва “Сурхон” филиалларининг бир гуруҳ мансабдор ва масъул шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, “Жарқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори” МЧЖ ва унинг филиалларида моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаган шахслар 2011 йилнинг 15 апрель кунидан 2017 йилнинг 6 мартига қадар бозор ҳудудидаги савдо нуқталаридан бир марталик патта тўловлари учун йиғилган 719.619.800 сўмлик, “Сурхон” ва “Какайди” филиалларида мавжуд бўлган турғун савдо нуқталари эгаларидан ижара ва кунлик патта тўлови сифатида йиғилган 124.693.000 сўмлик, 844 миллион 312 минг сўмлик тўловлар талон-тарож қилинган. Шунингдек, 802.238.500 сўмлик солиқ ва мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келишган.

Мамлакатимиз иқтисодиётига жуда кўп миқдорда зарар етказганликлари учун одил суд томонидан “Жарқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) бозори” МЧЖнинг 11 нафар мансабдор ва моддий жавобгар шахслари айбдор деб топилди ва келтирилган зарарни қоплаш билан бир қаторда уларнинг ҳар бирига нисбатан тегишли жазо чоралари белгиланди.

Қилма топарсан, экма ўрарсан, деган ҳикматни унутмаслик керак. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолади, қабилида иш тутаётган айрим деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари раҳбарлари ва мансабдор шахс лари ҳар бир саволнинг жавоби борлигини унутмасликлари даркор, деб хабар берди ВДСБ жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими.

Related Articles

Close