Kasbim-faxrim

Қишлоқ хўжалиги мутахассислари бюджет ҳисобидан ўқитилади - Президент таклифи

Ўзбекистон аграр соҳасида мавжуд бўлган кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш мақсадида президент ушбу соҳа магистр ва докторларини давлат бюджети ҳисобидан ўқитишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев янги ташкил этилган Қишлоқ хўжалик ходимлари кунида сўзлаган нутқида, аграр соҳасида кадрлар етишмовчилиги муаммосига катта эътибор қаратди ва муаммони ҳал қилиш учун бир қатор таклифлар киритди, деб хабар бермоқда “Sputnik” нашри.

Афсуски, охирги 20 йил мобайнида биз аграр тармоқни илм-фан ютуқлари асосида ривожлантиришга етарлича эътибор бермадик. Эътиборсизлигимиз туфайли мавжуд илмий-текшириш институтлари молиявий муаммолар гирдобига, ночор аҳволга тушиб — “чалажон” бўлиб қолди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази (собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси) таркибида айни пайтда 11 та илмий- тадқиқот институти ва 44 та илмий-тажриба станцияси мавжуд.

Бундан ташқари, бевосита Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида 4 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 3 та филиали, шунингдек, 132 та касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатмоқда.

Лекин Тошкент давлат аграр университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Андижон ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтларининг илмий салоҳияти ва кадрлар тайёрлашдаги мавқеи йилдан-йилга пасайиб бормоқда.

Агар ўтган асрнинг 80-90 йиллари билан солиштирадиган бўлсак, ушбу олий таълим муассасаларида илмий, педагогик ва амалий тажриба борасида салоҳият кескин пасайиб кетган.

Қишлоқ хўжалигида аниқ мезонлар асосида кадрлар тайёрлашнинг ягона тизими мавжуд эмас. Бунга вазирлик ва олий таълим даргоҳлари раҳбарлари ҳам умуман эътибор қаратмаяпти, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бугун олий таълим муассасаси ёки коллежда ўқиётган талаба эртага қаерг

а ишга боради, амалиётда унинг билим ва мутахассислигига айнан қандай талаблар қўйилади, у шу талабларга жавоб берадими-йўқми – буни ҳеч ким билмайди.

Ҳатто шу даражага бориб етдики, аудиторияда талабага бошқа нарса ўқитилади, амалиётда эса ундан умуман бошқа билим ва кўникма талаб этилади.

Аграр тармоқдаги бирор-бир олий ёки ўрта махсус таълим муассасаси ишлаб чиқариш ёки амалиётнинг аниқ буюртмаси бўйича мутахассислар тайёрлаётгани йўқ ва, афсуски, бу бўйича ҳали ҳаракат ҳам бошланмаган. Шундай экан, малакали ва рақобатдош мутахассис-кадрлар тайёрлаш тўғрисида қандай гапиришимиз мумкин.

Тошкент давлат аграр университети ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти таянч ўқув даргоҳлари ва ўқув-методик марказ сифатида белгиланган эди. Лекин ҳар иккала таълим муассасасининг раҳбарияти ҳам бу борада ўз зиммасидаги вазифани тўла уддалаётгани йўқ. Андижон ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтларининг фаолиятини эса қониқарли деб бўлмайди.

Бугунги давр шуни тақозо этмоқдаки, олий таълим муассасаси ва коллежлардаги ўқув дастурлари ишлаб чиқариш, фирма ва компанияларнинг аниқ талаб ва буюртмалари асосида тузилиши ва рақобатдош кадрларни тайёрлаб бериши керак.

Агар талаб бўлса, олий таълим муассасаси ва коллеж мутахассис тайёрлаши керак, муайян йўналиш бўйича битираётган кадрларга эҳтиёж бўлмаса ёки кадрнинг билим савияси ва илмий даражаси паст бўлса, бундай ўқув муассасаси ёпилиши зарур.

Бу борада бир мисол келтираман. Фарғона водийсида бир неча йиллардан буён зарарли ҳашаротлар пахта майдонларига сезиларли даражада зиён етказяпти. Лекин водийдаги бирорта ўқув даргоҳида олим ва мутахассислар бундай касалликларга қарши курашиш ҳақида жиддий бош қотираётганлари йўқ.

Соҳада илмий кадрлар етишмовчилиги туфайли тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш мақсадида, президент қуйидагиларни таклиф қилди:

  1. Янги ўқув йилидан бошлаб докторантлар стипендияларини сезиларли даражада ошириш.
  2. Янги ўқув йилидан бошлаб қишлоқ хўжалигининг тор мутахассисликлари бўйича магистратурада кадрлар тайёрлашни тўлиқ бюджет грантлари ҳисобига ўтказиш таклиф этилади.
  3. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий дастурларни молиялаштиришга Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни 2017 йилдаги 39 миллиард сўмдан 2-3 йилда 150 миллиард сўмга етказиш топширилади.
  4. Агросаноат комплекси таркибидаги 14 та илмий-тадқиқот институтини кейинги 2 йилда Давлат бюджетидан базавий молиялаштиришга ўтказиш лозим.
  5. Буларга қўшимча равишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий муассасаларни замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлашга 20 миллион доллар ажратиш Молия вазирлигига топширилади.

Бундан кўзланган мақсад – илмий-тадқиқот институтлари ва уларнинг илмий-тажриба станцияларини замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналари билан таъминлашни тубдан яхшилашдан иборат.

Қарор лойиҳасида қишлоқ хўжалигида илмий изланишларни молиялаштириш ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган махсус жамғарма тузиш ҳақида таклиф назарда тутилсин. Жамғарманинг манбаи сифатида айрим маҳсулотларга солинадиган акциз солиғининг қатъий белгиланган ажратмаларини белгилашни таклиф этаман, — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ушбу борада Молия вазирлигига, керакли муассалар билан биргаликда бир ой муддат ичида таклиф тайёрлашни топширди.

Президент нутқининг тўлиқ матни билан қуйида танишинг.

 

 

Related Articles

Close