Kasbim-faxrim

Ноёб ҳайвонлар маскани

Бугун Термиз ҳайвонот боғи аҳолининг севимли масканига айланган. 1934 йилда вилоят ўлкашунослик музейининг табиат бўлими таркибида ҳайвонларнинг сони ва тури тобора кўпайиб бориши эвазига 1936 йилга келиб алоҳида ҳайвонот боғи сифатида фаолият кўрсата бошлаган.

Дунёда нодир саналган Амур йўлбарси, Осиё шерлари, Қор барси, Бухоро Буғуси каби кўпгина жониворлар бу ошёнда эркин яшаб келаётгани ҳам воҳамиз иқлимининг турли ҳайвонлар кўпайишига мослигини исботлайди. “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларимиздан денгиз тошбақаси 38 йилдан буён яшаб келаётган бўлса, Ҳиндистон буқаси 25 ёшга тўлди. Бундай ҳайвонлар жуда кўп. Сабаби, яхши яшаши ва иқлимга қараб мослашиши учун қўриқхона ва махсус сунъий жойлар тайёрлаб бормоқдамиз. Айни пайтда бу ерда 133 турдаги 421 бош камёб ҳайвонлар, паррандаю даррандалар мавжуд бўлиб, улар 5 та асосий: йиртқичлар, туёқлилар, қушлар ва судралиб юрувчилар бўлимларига ажратилиб, алоҳида парвариш қилинмоқда. Муҳими, боғ-роғга айланиб бораётган масканимизда ҳайвонлар ўзларини табиат қўйнидагидай эмин-эркин сезишади.

Эътиборлиси, яқинда боғимизда Африка шери 2 бошга, Амур йўлбарси 3 бошга, Қўнғир айиқ 1 бошга, Тоғ бўрилари 3 бошга, Австралия туяқуши 2 бошга, Морхур (Яъни бурама шохли кийик) 1 бош, Архар 2 бошга кўпайди.

Бундан ташқари, баъзи томошабинлар ҳам ҳомийлик тариқасида нодир парранда ва судралиб юрувчи жониворларни олиб келишаётганлиги таҳсинга лойиқ. Шу боисдан боғга ташриф буюраётган ҳар бир томошабин катта таассурот билан қайтмоқда.

Ҳайвонларни яхши парваришлаш ва томошабинларга қулайлик яратиш мақсадида махсус дастурга асосан ҳайвонот боғида реконструкция ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ҳайвонлар маскани замонавий кўриниш касб этмоқда. Бу ерга ташриф буюрган болажонлар, ўқувчи-талабалар ва фуқаролар ўзларини сўлим табиат бағридагидек ҳис қилиб, бир олам таассурот билан кетишларига ишончимиз комил.

Related Articles

Close