Hodisalar

Оқибатсизлик оқибати

Халқимиз юксак даражада қадрлайдиган гўзал бир туйғу борки, унинг номи – МЕҲР-ОҚИБАТ. У бор жойда оила файзли, у бор жойда маҳалла обод, мамлакат тинч ва барқарор.

Шунинг учун миллатимизга хос бу фазилат бугун қадрият даражасига кўтарилиб, унинг кучи ва имкониятидан кенг фойдаланишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ҳар биримиз истиқомат қиладиган, Ватан ичра кичик ватан бўлган маҳаллаларга оид ислоҳотларда одамлар орасида меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш вазифаси қўйилмоқда.

Зотан, қаерда шу қадрият унутилган бўлса, ўша ерда нохушликлар, ҳатто бир-бирининг жонига қасд қилишдек мудҳиш жиноятлар содир этилмоқда.

…Оилада кетма-кет бир қиз ва бир ўғил фарзандлар дунёга келди. Бундай бахти тўкисликдан мамнун ота-она уларни боқиш, катта қилиш кўйида тиним билмай меҳнат қиларди. Четдан қараганда ҳаммаси рисоладагидек эди. Лекин опа ва уканинг катта бўлган сари бир-бири билан чиқишмай қолиши, тез-тез жанжаллашиб туришини ота-она болалик шўхлигига йўйишар, буни бартараф этиш, уларни бир-бирига меҳрли, оқибатли қилиб тарбиялаш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмасди.

Юлия ва Сергей улғайгач уларда бир-бирини ёмон кўриш кучайса кучайдики, асло камаймади. Опа-укада катталашиб бораётган адоватнинг оқибатидан қўрққан ота-она кейинчалик улардаги нафратни жиловлашга уриниб кўрди. Бироқ энди кеч эди.

Вақти-соати етиб, аввал ота, кейин она вафот этди. Бир дарёнинг икки қирғоғига айланиб бўлган, лекин бир уйда истиқомат қилишга мажбур бўлган икки жоннинг бир-бирига тоқат қилиши қийинлашиб борарди.

Ҳаёт ўз йўлида давом этар, лекин бу хонадондан эшитилаётган шовқин, ўзаро уруш-жанжалга ҳеч ким парво қилмасди. На қўни-қўшни, на маҳалла газак олган бу масалага эътибор қаратмади. «Икки жигар урушса, менга нима», «Биров билан нима ишим бор?» каби ниқобларни кийган лоқайдлик бунда ҳукмрон эди.

Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, уканинг опага кўтарилган қўллари бу сафар уни маҳв этмасдан қўймади. Сергей Бондарев опасининг дуч келган жойига уриб, кейин унинг бўйнидан бўға бошлади. Опанинг кўзларидан оқаётган ёш, илтижолари уканинг тош бағрини юмшатай демас, аксинча ундан қутулишга бўлган истаги устунлик қилди… Аммо у бу лаҳзаларда дунёда шу жигаридан бошқа яқин одами йўқлиги ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмади…

Профилактика куни муносабати билан мазкур жиноят иши опа-ука яшаган Яшнобод тумани Яшнобод маҳалласида муҳокама этилди.

– Бондаревлар оиласи тинч эди, – дейди маҳалла раиси О.Жовлиева. – Қўшнилардан улар ҳақида ҳеч қандай шикоят тушмаган.

Ҳа, бу оилага аслида ҳеч ким кириб бормаган. Ундаги шарт-шароит ва муҳитдан мутасаддилар бехабар бўлган.

Бошқа ҳудудларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоатчиликнинг уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиши натижасида жорий йилнинг 10 ойида 22 минг 370 оиланинг нотинчлигига барҳам берилган.

Бундай хайрли иш Бондаревлар хонадонига ҳам етиб келганида эди, бу ердаги келишмовчиликнинг ечими топилар, 28 ёшли аёл жувонмарг бўлиб кетмасди.

Related Articles

Close