Kasbim-faxrim

ИИВ МАЪЛУМ ҚИЛАДИ: ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ НОПОК ХОДИМЛАРДАН ТОЗАЛАНМОҚДА

Бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Президентимиз томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида, ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари томонидан олиб борилаётган ишлар талабга жавоб бермаслиги, уларга яратилаётган шарт-шароитларга қарамасдан баъзи ходимлар томонидан хизмат интизомини бузиш ҳолатлари учраётгани кескин танқид остига олинди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси маълум қилишича, Президент ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кадрлар масаласи юзасидан берилган топшириқларни бажариш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигида видеоселектор ўтказилди. Йиғилишда асосий эътибор профилактика инспектори лавозимига муносиб ходимларни тайинлаш, кадрларни жой-жойига қўйиш, ушбу лавозимларни юридик маълумотга эга, малакали ҳамда масъулиятли ходимлар билан жамлашга қаратилди.
Шунингдек, ходимлар ўртасида хизмат интизоми, муомала маданияти, касбий ва жисмоний тайёргарлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар талабга жавоб бермаслиги юзасидан ҳақли эътирозлар билдирилди.

Жумладан, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида интизомий жазога тортилган ходимлар сони ўтган йилга нисбатан 285 тага ошганини, порахўрлик, таъмагирлик ва бошқа жиноятларни содир қилгани учун 177 нафар ходимлар жиноий жавобгарликка тортилгани ва ички ишлар органларини нопок ходимлардан тозалаш келажакда ҳам давом эттирилиши таъкидланди.

Йиғилишда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари кадрлар йўналишига масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди ва камчиликларга йўл қўйган раҳбарларга кўрсатиб ўтилиб, салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилиш сўнгида, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунчилик бузилиши ҳолатлари юзасидан чуқур таҳлил олиб бориш, уни келтириб чиқарувчи сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатларнинг келгусида содир этилишини олдини олиш бўйича профилактик чора-тадбирлар белгиланди.

Related Articles

Close