Hodisalar

Шайхонтоҳурда "Ҳизбут-таҳрир" диний экстремистик оқими тарғиботчиси қўлга олинди

Ўттиз ёшни қаршилаётган аёл кўп вақтини «виртуал олам»да ўтказарди. Шундай кунларнинг бирида интернет орқали бир одам билан танишиб қолади. Унинг дин ҳақидаги чиройли гапларига маҳлиё бўлиб аста-секин унинг оламига чуқур кириб бораётганини ўзи сезмай ҳам қолади.

У зимдан олаётган таълим «Ҳизбут-таҳрир» диний экстремистик оқими ғояларини тарғиб қилувчи «Ислом низоми» эди. Орадан анча вақт ўтиб аёлга «энди оқимимизга аъзолик ҳақида қасам ичишинг ва маслакдошларимизни кўпайтириш учун ҳаракат қилишинг керак» мазмунида буйруқ келади. Онги заҳарланган, оқимнинг таъсирига буткул тушган аёл буни сўзсиз бажаради.

Аёл ичган қасамини бажариш учун диний ақидапарастлик ғоялар билан йўғрилган «Мусулмонларнинг ислом тузумини татбиқ қилиш олдидаги масъулиятлари» деб бошланувчи 14 дона варақа солинган конвертни олиб йўлга тушди. Яхшиямки у мақсадини асл дин қарор топган масжидда амалга оширмоқчи бўлди. Гулбозор маҳалласида жойлашган жомеъ масжидга намозга йиғилганлар аёл кўтариб келган конвертни дарров имомга етказишди.

Конвертни очган имом ҳаммасини тушунди. Бу ҳақда тегишли органларга хабар берди. Ички ишлар органлари ва миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида ушбу қилмишни содир этган шахс «Марказ-26» даҳасидаги кўп қаватли уйлардан бирида доимий рўйхатда турган У.Узоқова бўлиб чиқди. 2017 йил 22 ноябрь куни у қўлга олинди. ЎзА хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Related Articles

Close