O`zbekiston

“Сарой жавоҳири” Бандихонда...

Албатта, сарлавҳага кўзингиз тушгач, машҳур корейс сериали “Сарой жавоҳири” фильми ёдингизга тушган бўлса, ажаб эмас. “Бандихон” қўрғонидаги кимгадир маълум, кимгадир эса номаълум бўлган “Сарой”да кечмиш мазкур воқеани (андак муболаға бўлса-да) ўша машҳур сериалга қиёслагимиз келди…

Негаки, Қизириқ туман “Бандихон” қўрғони, “Сарой”
маҳалласида яшовчи Баҳриддин Жўрабоевнинг шикоятини ўрганиш жараёнида “Сарой”даги ана шундай “жавоҳир”ларга гувоҳ бўлдик.

“Сарой” машмашалари нимадан бошланди?..

Бу ҳақда Баҳриддин Жўрабоевнинг тоғаси Саидаҳмад Соҳибқулов шундай ҳикоя қилади:
-Томорқада ишлаётган эдим, “Баҳриддин жиянингизни уришаяпти” деган хабар келди. Шошганимча воқеа жойига бордим. Жияним уй ичида юз тубан ётар, унинг устида куймаланишиб, бақир-чақир қилаётган хонадон соҳибларидан ажратиб олиб, (маҳалла нуронийси ҳисобланган Ботир Норманов эса томошабин сифатида бир четда қўл қовуштириб турган экан) уйига жўнатиб юбордим. Орадан чамаси бирор соатлар вақт ўтиб, ҳол сўрагани унинг уйига бордим. Маълум бўлишича, ўша жанжал бўлган хонадон соҳиблари унинг қўл телефонини зўравонлик билан тортиб олишмоқчи бўлишган. Табиийки, Баҳриддин бунга қаршилик кўрсатган ва натижада ўртада можаро келиб чиққан.

Бу ҳақида Баҳриддин Жўрабоев эса шундай дейди:

-2017 йилнинг 14 январь куни жиянимни Термиз шаҳридаги шифохонага олиб бормоқчи бўлдим. Бир кун олдин маҳалладошим Гулбаҳор (қизнинг исми ўзгартириб келтирилди) кечқурун уйимга келиб, “қўшни, мана шу почтани йўл-йўлакай Музработга ташлаб ўтасизми, сизни йўлда кутиб олишади”, дея қўлидаги салафан пакетни тутқазди.
Иккиландим… Унинг ота-онаси бу ҳақда хабардорми-йўқми, суриштириб, илтимосини рад этдим. Аммо маҳалладош қиз одамгарчилик, қўшничиликни рўкач қилиб, ҳоли жонимга қўярда – қўймай илтимос қилгач, унинг райъини қайтара олмадим. Аммо, ҳар эҳтимолга қарши унинг розилиги билан гапларини қўл телефоним диктофонига ёзиб олдим. Хуллас, почтани Музработ-Термиз йўналишидаги катта трасса бўйида бир йигит ва аёл киши қабул қилиб олди.
15 январь куни уйимизга маҳалладошим Ботир Норманов келиб, мени Гулбаҳорнинг уйига бошлаб борди. Маълум бўлишича, Гулбаҳорнинг ота-онаси менинг устимдан Ботир Нормановга шикоят қилишган экан. Ҳамма гап, Гулбаҳорнинг илтимоси билан Музработ туманида ташлаб ўтилган почта билан боғлиқ. Қисқаси, қизни ота-онаси ўша, яъни почтани қабул қилиб олган музработлик йигитга унаштирмоқчи. Қиз эса унга турмушга чиқишдан бош тортиб, аҳдлашиб қўйган йигити борлигини “почта” орқали маълум қилиб қўймоқчи бўлган. Ажабланарлиси, қиз бу мактубни менга ўзи берганлигини рад этаётган эди. Ўз-ўзидан маълумки, ота-онаси мени қизларининг бўлажак фотиҳа тўйини бузишда айблаша бошлашди. Мен фикримнинг исботи сифатида қўл телефонимдаги қизнинг овози ёзилган гапларини эшиттирдим. Шунда, Ботир Норманов, “Мана кўрдиларингиз. Ҳамма гап қизингизда, йигитда айб йўқ экан! Уни энди тинч қўйингизлар” деди. Хонадон соҳиблари эса уни эшитмай, ўша ёзувни ўчириб ташлаш мақсадида қўлтелефонимни тортиб олиш учун менга ташланишди. Агар, қўлтелефонимдаги ушбу ёзув ўчириб ташланса, далил, исботимдан маҳрум бўлиб, улар бор айбни менга юклашларидан, эл олдида ёмонотлиқ бўлиб қолишдан хавотирда қаршилик кўрсатдим. Натижада, ўртада катта мажоро келиб чиқди. Қўл телефонимни эса кўпчилик бўлиб тортиб олишди. Орадан бир оз вақт ўтиб, телефонимни қайтариб олиб келиб беришди, аммо ундаги қизнинг гаплари ёзилган маълумотлар ўчирилган эди…

“Қатиқни ҳам “пуф”лаб ичадиган бўлдим”…

Бу “ҳангома” шу билан якун топмади. Орадан икки кун ўтиб, уйимга маҳалламиз раиси Тўлқин Холтўраев, котиб Ихтиёр Ашуров, профилактика инспектори Сафар Бойқулов ва мажоро сабабчиси бўлган қиз ота-онаси билан кириб келди. Яна почта билан боғлиқ машмаша бошланди. Мени икки ёшнинг бўлажак тўйини бузишда айблаша бошлашди. Менга ва оиламга қўпол муомалада бўлишиб, ҳақорат қилишди, профилактика инспектори эса оилавий, шахсимизни тасдиқловчи барча ҳужжатларимизни, менга ва турмуш ўртоғимга тегишли бўлган “Айфон-4” ҳамда “Самсунг” русумли мобиль аппаратларимизни тортиб олди. Табиийки, адолат посбонининг бу хатти-ҳаракати мени таажжубга солди. Бунга изоҳ сўраганимда эса қўполлик қилиб, мени “Бандихон” қўрғони ИИБ га олиб кетишди. Одатда, кишиларга қилинган холис хизмат учун миннатдорчилик билдириларди, мен эса емаган сомсамга пул тўлаб, таъна, дашном ва ҳақоратларга кўмилиб кетдим. Ҳақоратлари ҳолва экан…

“Раҳмат” ўрнига ҳақорат ва калтак?..”

“Бандихон” қўрғони ИИБ да менга профилактика инспектори Сафар Бойқулов томонидан ИИБ нинг вақтинча бошлиғи дея таништирилган кишига рўбару қилишди. Бошлиқ эса қўрқув, хавотир ва тавозеда берган саломимга жавоб ҳам бермай, ҳеч бир сўроқсиз, навбатчилик постидаги ходимига дубинкаси билан хонасига келишини буюрди. Кейинги воқелик эса кўз очиб, юмгунча содир бўлди. Эшик очилиши билан орқа томонимдан кимдир зарб билан урди. Мен йиқилдим. Бошлиқ дубинкани олиб, мени ура кетди. Бошқалар ҳам қўшилишди. Яхши ҳам эгнимда чопоним бор эди… Обдон калтаклашгач, мени бир хонага олиб бориб, қамаб қўйишди. Шу тариқа ИИБ нинг қоронғу хонасида тун яримига қадар ўтирдим. Профилактика нозири қўлимга қоғоз ва ручка бериб, мен нима десам, шуни ёзиб, имзо қўясан, деб менга дўқ урди. Мен саводим йўқлигини, ёзишни билмаслигимни айтдим. Кейин у ёза бошлади. Нима деб ёзганини билмайман, у айтган жойга қўл қўйишга мажбур бўлдим. Соат, тунгги иккиларда эса мени қўйиб юборишди. Уйга пиёда, вақт алламаҳалда етиб бордим. Қаттиқ калтакланган эдим, белим зирқирар, чап тиззамда турган оғриқдан зўрға юриб борардим…
Саидаҳмад Соҳибқулов:- Мактабдан қайтганимда болаларим қўшни болаларнинг “амакингни мелисахонага олиб кетишди” дейишганини айтишди. Жиянимнинг ўша хонадон билан можораси давом этаётганидан хабарим бор эди ва рости, кейинида аралашмаётган эдим. Эртаси куни, тушдан сўнг дарсдан қайтгач, жияндан бир хабар олай, деб “Бандихон” қўрғони ИИБ га борганимда, Аҳмад ака навбатчи экан. Аҳмад ака “Жиянингизни кеча тунда, соат иккиларда қўйиб юборишди”, деб айтди.
Уйга қайтганимда Баҳриддин бир аҳволда ётарди. Тоға, қаранг, улар мени не куйларга солишди, деб аввал кураклари орасидаги кўкариб кетган қонталаш доғларни, кейин чап тиззасидаги шикастланган жойларни кўрсатди…

“Замона зўрники, томоша кўрники экан!..”

Баҳриддин Жўрабоев:- Эртаси, 18 январь куни Бандихон туман марказий шифохонасига кўрикдан ўтиш учун бордим. Ҳамшира ва фельдшерлар юз ўгиришиб, кўрикдан ҳам ўтказишмай, “сиз соғломсиз, уйингизга боринг, бизнинг ишимиз кўп” дея шифохонадан ҳайдаб чиқаришди. Сездим-ки, профилактика инспектори бу ерга келсам, қабул қилмасликларини тайинлаб қўйган.
Бу ердан чиқиб, Қизириқ туман марказий шифохонасига бордим. У ерда ҳам “Биз сизни шифохонага ётқиза олмаймиз”, деб ортимга қайтариб юборишди. Маҳалла раиси, ёрдамчилари, ИИБ ходимлари ва профилактика инспекторининг қилмишлари ҳақида Қизириқ туман прокурорига мурожаат қилдим…
Шундан сўнг, калтакланганимдан икки кун ўтиб, Денов туман марказий шифохонаси тез тиббий ёрдам ёрдам бўлимига мурожаат қилдим. У ерда травматолог шифокор мени кўрикдан ўтказиб, ётиб даволанишим учун рухсат берди. Аммо даволаниб қайтган куним маҳалла раиси Тўлқин Холтўраев, котиб Ихтиёр Ашуров, Ботир исмли маслаҳатчиси, ўша куни мени бош бўлиб калтаклаган “Бандихон” қўрғони бошлиғи ва профилактика инспектори Сафар Бойқуловлар келишди.

“Саводсизлигим қўл келди…ми?”

Исмини билмаганим бошлиқ, “нега устимиздан ёздинг? Олдимга борсанг, келишиб олардик!”, деди. Мен эса “қандай қилиб сиз билан келишиб бўлади, ўша куни мени эшитмасдан роса дўппосладингиз-ку” дедим. Бошлиқ, “Участка нозири билан маҳалла раиси сен ҳақингда менга нотўғри маълумот беришибди. Мен ҳам уларга ишониб, суриштирмасдан сени урибман”, деб номига кечирим сўраган бўлди ва мана бу қоғозга имзо қўй, кейин келишиб оламиз, дея менга тоза қоғоз узатди. Мен унамадим. Улар чиқиб кетишаётганда профилактика инспекторидан ҳужжатларим ва мобиль телефонларимни қайтаришини сўраганимда у “Сен қачонки биздан даъвоинг йўқлиги ҳақида, ҳаммасига ўзим айбдорман” деб ёзиб берсанг, ўшанда оласан, деди…
Шу ўринда бизни бир ҳолат ўйга толдиради: Баҳриддин “Бандихон” қўрғон ИИБ да, камерада профилактика инспектори Сафар Бойқобилов томонидан ёзилган қоғозга мажбуран имзо қўйдирган бўлса, кейинида уйига келган “бошлиқ”нинг ҳам тоза қоғозга имзо қўйдирмоқчи бўлганини қандай изоҳлаш мумкин?
Ўтган 10 ой (январь-ноябрь) давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳамда ўтказилган икки, Жиноят ишлар бўйича Музработ туман ва вилоят судида сўралганда ҳам профилактика инспектори Сафар Бойқулов Бахриддин Жўрабоевга тегишли шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни “олмаганман, кўрганим йўқ, менга туҳмат қилаяпти”, дея тонган. Ноябрь ойининг бошларида вилоят “Маҳалла” фонди раиси Абдурашид Ортиқов Сафар Бойқуловни чақириб олиб, гаплашгач, орадан бир неча кун ўтиб ҳужжат ва телефонларни “Олим” исмли фермердан эгасига қайтарилишига уриниш тартиб посбонининг ҳақлигига нисбатан барчада бирдек шубҳа туғдирмайдими?
Шу масалага оид, ҳақиқий аҳволни ўрганиш учун 18 ноябрь куни тушдан сўнг, Қизириқ тумани ИИБ бўлимига кириб, раҳбариятдан мазкур ташрифимиздан хабардор қилиш ва баъзи маълумотларга эга бўлишимизда амалий ёрдам бериши учун вакил ажратишларини сўраб қилган мурожаатимизга, чамаси ярим соатлардан кейин, ўзини бошлиқ ўринбосари деб таништирган ИИБ ходимидан “Бошлиқ йўқ. У киши билан телефонда гаплашдим, “Бандихон” қўрғонида сизларни кутиб олишади”, деган мужмал жавобни олдик. Туман ИИБ га қилган ташрифимиз ва мурожаатимиз албатта ўз самарасини берди, 122 сонли таянч пунктида профилактика инспектори Сафар Бойқуловни ҳарчанд излаштирмадик, топа олмадик. У ерда бизни туман 5-сонли бўлинма бошлиғи Ботир Хўжамбердиев қарши олди. Биз муддаомизни маълум қилдик. У бу воқеадан куни кеча хабар топганини, жабрланувчи билан гаплашганини, ўзининг эса мазкур лавозимга бундан тўрт ой бурун ўтганлигини таъкидлади. 10 ой мобайнида ушбу машмашалар гирдобида юрган Баҳриддин Жўрабоевнинг сўнгги уч ярим, тўрт ойни Тошкент шаҳрида (тирикчилик илинжида) мардикорчиликда ўтказганлигини (жабрланувчи бу борада Ботир Хўжамбердиевга мурожаат қилмаганлигини таъкидлади) инобатга оладиган бўлсак, ҳақиқатга яқин.
Хуллас, “Сарой” маҳалла раиси Тўлқин Холтўраев ва профилактика инспектори Сафар Бойқуловни кутиб беҳуда ўтказган ярим соатдан ошиқроқ вақтдан сўнг, Ботир Хўжамбердиев “тайинладим, улар ўша манзилга боришади”, дея Баҳриддин Жўрабоевнинг хонадони сари йўл бошлади. Йўлда бизга маҳалла раиси ҳамроҳ бўлди, аммо “ҳозир келади” дейилаётган профилактика инспекторидан ҳануз дарак йўқ эди. Бир соатдан ошиқроқ вақт давомида Баҳриддин Жўрабоевга муаммосига оид талай тафсилотларга эга бўлдик, қош қорайиб, қоронғу тушди ҳам-ки, на профилактика инспекторидан ва на бошқа маҳалла фаолларидан хабар бўлмади…
Шу ўринда яна бир ҳақиқат, Жиноят ишлар бўйича Музработ туман судида, “ҳуқуқбузар” Баҳриддин Жўрабоевнинг “Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40-моддаси билан айбли деб топилиб, МЖтКнинг 21-моддасига асосан огоҳлантирилиб, маъмурий жавобгарликдан озод қилинган”и ва Жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан ҳам шу йил 6 июнидаги “Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг Жўрабоев Баҳриддин Ҳамроқуловичга оид маъмурий иш юзасидан 2017 йил 10 март куни чиқарган қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилсин” дея чиқарилган (Иш № 254-ми-2017) қарорида Баҳриддин Жўрабоевнинг иштирок этмаганлиги, аниқроғи чақирилмагани бизни Музработ туман Жиноят ишлари бўйича суди томон етаклади…

Хулоса ўрнида:
Музработ туман Жиноят ишлари бўйича судьяси Муротали Абдумўминовдан Баҳриддин Жўрабоевнинг суддаги иштирок билан боғлиқ ҳолатни ўрганганимизда, унга ҳеч қандай чақирув хати йўлланмаганлиги, бу ҳақда профилактика инспектори ёки маҳалла раиси томонидан ҳам ҳеч қандай кўрсатма ва билдириш хати тақдим этилмаган маълум бўлди. Суд раиси “Шикоятчи судга келмаса ҳам ўтказдик, чунки бу иш учун қонуний ваколатимиз бор”, деган бўлса-да, суднинг қароридаги “Суд ҳуқуқбузарнинг кўрсатмасини тинглаб…” жумласини асоссиз равишда қандай қилиб киритди экан? Янада ажабланарли жиҳати, биз Муротали Абдумўминовдан мазкур иш юзасидан чиқарилган суд қароридан нусха сўраганимизда, нусхага муҳр босиб берилишидан маълум бўлди-ки, улардаги асл нусха муҳрсиз, яъни юрдик асосга эга бўлмаган ҳужжат сақланган! Қизиқ, Жиноят ишлари бўйича вилоят суди Музработ туман судининг қайси ҳужжатига асосан мурожаатчининг “иши”ни ўзгаришсиз, кассасация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди экан?..

Эркин НОРСАФАР,
“Сурхон тонги” мухбири,
Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Қишлоқ ҳаёти” мухбири

Related Articles

Close