Kasbim-faxrim

Талабалар гарданидаги “йиғим-терим”ларнинг охири борми ўзи?

Ҳар оралиқ назоратларда, айниқса, сессияларда айрим ўқитувчилар томонидан “мажбурий-ихтиёрий” сотилаётган китоблар, ўқув қўлланмаларни ҳам ҳисобга киритиш лозим.

Сарлавҳани ўқиган талаба мақолада қандай мавзуга тааллуқли муаммо назарда тутилганини бир қарашдаёқ тушунгани аниқ…

Бугун мамлакат Президенти таълим тизимини ривожлантириш борасида жон куйдираётган бир вақтда Олий ўқув юртларидаги талабалар ўртасидаги ҳар хил “йиғим-терим”лар авж олмоқда. Тўғри, бундай “йиғ-йиғлар” нафақат олий таълимда, балки халқ таълими муассасалари, ҳатто мактабгача таълим муассасаларида ҳам кўплаб учраши ҳеч кимга сир эмас. Энг қизиғи, бу каби ҳолатлар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бироқ бу “анъана”ни яна қанча давом эттириш мумкин?

Маълумки, ҳар бир университет ва институт талабалари учун олган баҳоларига қараб стипендия белгиланади. Жумладан, “3” баҳога ўқийдиган талабалар 270 минг, “4” баҳо олувчилар 380 минг , “5” баҳо олувчилар 505 минг сўмлик стипендия олади.

Бу стипендия уларнинг йўл ва тушлик харажатлари учун сарф этилади, одатда. Дейлик, талабанинг йўл харажатига бир ойда 32 000 (автобус ва битта транспорт воситасидан фойдаланган ҳолатда), тушлик харажатлари эса ўртача 200 минг сўм кетади. Демак, “3” баҳога ўқувчи талабалар стипендия режасини йўл ва тушлик харажатлари билан бажаришар экан-да. Шундай экан, йил давомидаги турли “йиғим”лар улар учун ортиқчалиги аён. Нафақат улар учун, балки “4” ва “5” баҳога ўқийдиганлар учун ҳам ортиқча харажатларнинг кераги йўқ. Айниқса, улар шартнома асосида ўқисалар…

Харажатлар ҳақида гап очдикми, демак, уларга тўхталиб ўтишимиз зарур. Бизга олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олаётган талабалардан бирининг мурожаат қилишича, ҳар ой хонанинг тозалиги учун ҳар бир гуруҳдан ўртача 50 минг сўм йиғилар экан. Бундан ташқари, курс хонасини таъмирлаш, безаш ва бошқа мақсадларда яна ўртача 30–50 мингдан, турли тадбирлар учун яна 20–30 мингдан тўланади.

Бу ҳали ҳолваси…

Ҳар оралиқ назоратларда, айниқса, сессияларда айрим ўқитувчилар томонидан “мажбурий-ихтиёрий” сотилаётган китоблар, ўқув қўлланмаларни ҳам ҳисобга киритиш лозим.

Биринчидан, тозалик ходимлари, хонани таъмирлаш ва турли тадбирлар учун олий таълим муассасаси томонидан пул ажратилади-ку?!

Ҳисоботда бор (амалда эса талабалар гарданига юкланадиган) маблағлар қаерда?

Нега шундай бўлса ҳам талабалардан қўшимча пул йиғилмоқда?

Иккинчидан, ўқитувчилар томонидан ўзлари чоп этган китобларнинг зўрма-зўраки сотилиши қанчалик тўғри?

Албатта, китобнинг ортиқчаси бўлмайди. Бироқ шундоқ ҳам кутубхоналардан ўрин олган дарсликлар ва асосийси, таржима бўлган китобларни сотиб олиш қанчалик зарур? Бунинг ўрнига талабалар ўзлари истаган китобни харид қилишлари тўғри эмасми?

Энг ёмони, бу талабаларнинг баҳосига таъсир қилади. Яъни китоб сотиб олганлар билими қандайлигидан қатъий назар аъло баҳо олишлари, сотиб олмаганлар эса, аксинча, қониқарли баҳони бағирларига боси-и-и-б юришади. Бундай адолатсизликка тезроқ чек қўйиш керак!

Тўғри, ўқитувчининг баҳоси 2–3 карра оширилиб сотилаётган китобини сотиб олаётган талабаларнинг аксарияти ўзининг асосий вазифаси — таълим олишни хушламайди. Уларнинг кўпчилигига дарс тайёрлашдан кўра “кутубхонасини бойитиш” афзалроқ. Бироқ сидқидилдан ўқиётганларга қийин! Уларнинг кўпчилиги “ошиб-тошиб кетган” оилалардан эмас…

Бу каби йиғимлар талабаларни ўқишдан чалғитиб, пул топишга ундаши турган гап. Ёки энг катта жабрни яна ота-оналар кўради.

Ахир, ўқиш сарф-харажатдан иборат бўлиши керак, дегани эмас-ку. Наҳотки, юқоридаги сабаблар туфайли кўпчилик ота-она ва талабаларда шундай таассурот уйғонишига қўйиб берсак.
Qalampir.uz

Related Articles

Close