Madaniyat

Янгисини қурмасдан эскилари бузилди...

Шўрчи туманида 920 хўжалик яшайдиган “Оққўрғон” маҳалласидаги болалар боғчаси муммоси

Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Оққўрғон” маҳалласида 920 та хўжалик истиқомат қилишади. Шундай катта маҳаллада биронта болалар боғчаси йўқ. Маҳаллада яшовчи ота-оналар юқори давлат органларига бир неча марта мурожаат этишига қарамасдан бу муаммо ҳал этилмасдан қолмоқда.
-Маҳалламизда 2 болалар боғчаси бор эди, ҳар иккала болалар боғчаси 2005 йилларда ҳусусийлаштирилиб, иморатлари бузилиб, ер майдонлари хусусийлаштириб олган шахслар томонидан томорқаларга бериб юборилди. Ҳусусийлаштириш жараёнида боғча иморатларига қўшиб ер майдонларини ҳам сотиб юборилганлиги оқибатида янги боғча қуриш учун жой йўқ, эски боғчаларнинг на ўзи қолди ва на ер майдони. Ҳозирги кунда маҳалламизда биттаям болалар боғчаси йўқ, — дейди шу маҳаллада яшовчи Бекмуҳаммад бобо.
Шу маҳаллада яшовчи фуқароларнинг 2017 йил 8 сентябрда Президент виртуал қабулхонасига юборган мурожаатимига Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари А.Амиров томонидан 2017 йил 21 сентябр куни юборилган жавоб хатида “Туман миқёсида мавжуд болалар боғчалари 2017-2021 йилларда капитал реконструкция қилиниши кўзда тутилган бўлиб, болалар боғчаси мавжуд бўлмаган маҳаллаларда манзилий дастур бўйича лойиҳа асосида болалар боғчалари қурилиши режалаштирилган. Ўрганиш давомида “Оққўрғон” маҳалласи ҳудудида ҳам 70 ўринли замоновий болалар боғчаси қурилиши учун таклиф берилган бўлиб, молиялаштирилиши билан “Оққўрғон” маҳалласида болалар боғчаси қурилиши бошланиши режалаштирилганлиги тўғрисида Сиз билан ишчи гуруҳи томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиб далолатнома тузилганлигини маълум қиламиз.” дейилган.
Фуқароларнинг Президент виртуал қабулхонасига маҳаллада бўш турган иморатни боғчага мослаштириб берилишини сўраб юборган мурожаатига Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Менглиев томонидан 2017 йил 10 октябр куни юборилган жавоб хатида “Ҳозирда ушбу бино фойдаланилмасдан турганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2796-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланган тартибда инвестиция лойиҳасига киритилган.” дейилган.
Аслида хусусийлаштириш бошқармаси Шўрчи туманидаги жуда кўп боғчаларни хусусийлаштирилганидан сўнг уларнинг иморатлари ва ер майдонлари тўлиқ талон-тарож қилиб юборилди.
-Маҳалламизда 1000 дан ортиқ боғча ёшидаги болалар бор, аммо маҳаллада биронта боғча йўқ, биз юқори давлат органларидан қишлоғимизда бўш турган иморатни боғча қилиб беришилишини сўраган эдик. Аммо мурожаатимиз ўрганиш Сурхондарё вилоятига юборилмоқда. Вилоятимиздаги маҳаллий давлат бошқарув органлари эса фақат ваъда беришдан нарига ўтишмайди. Президентимизнинг мактабгача таълим муассасаларига болаларни жалб қилиш тўғрисидаги сиёсатига бизнинг туманимизда сансалорлик билан жавоб беришмоқда,-деди шу қишлоқда яшовчи фуқаро.
Биз Шўрчи туманидаги бир қанча болалар боғчаси ҳақиқатан ҳам хусусийлаштирилгандан сўнг бутунлай талон-тарож этилганининг гувоҳи бўлдик, мисол учун туманнинг «Якка боғ» маҳалласидаги болалар боғчаси,«Ок қўрғон» маҳалласидаги «Олмахон» болалар боғчаси, «Жойилма» маҳалласидаги 45-болалар боғчаси, «Октумшук» маҳалласи «Шамоли» кишлоғидаги «Пахта ой» болалар боғчаси,  «Офтобмакон» маҳалласидаги 2 та болалар боғчаси, «Конобод» маҳалласидаги «Ғунча» болалар боғчаси, «Ёруғлик» маҳалласидаги болалар боғчаси, «Беш йиллик» маҳалласидаги «Настарин» болалар боғчаси, «Ижтимоят» кишлоғидаги «Бойчечак» болалар боғчаси, «Гулистон» маҳалласидаги маданият боғи ёнидаги 36-сонли болалар боғчаси ва бошқа бир қанча болалар боғчалари хусусийлаштирилгандан сўнг бинолари бузилиб, ер майдонлари томорқа сифатида тарқатилиб юборилган.
Вилоятнинг бошқа туманларида ҳам аҳвол шу ҳолатда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мактабгача ёшдаги болалар тарбиясига катта эътибор берилганлигига қарамасдан салкам минг хўжалик яшайдиган Шўрчи туманидаги “Оққўрғон” маҳалласида бўш турган иморатни болалар боғчасига мослаштириб беришни сўраб қилинган мурожаатга турли баҳоналар билан жавоб берилиши ачинарли ҳол эмасми?
Бу саволга Сурхондарё вилояти ваколатли давлат органларидан жавоб кутиб қоламиз.

Оловжон

Related Articles

Close