Kasbim-faxrim

Қонун ишсизликни камайтиришга замин яратади

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар марказида инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари туради. Шу боис юртдошларимизнинг муносиб тарзда яшаши ва ишлаши учун зарур шарт-шароитларни яратишга, жумладан, аҳолининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Айни мақсадда жойларда янги корхоналар ташкил этиляпти ҳамда бандликда муҳим ўрин тутадиган тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Бу амалда қандай самара бераётгани барчага маълум.

Табиийки, тараққиёт бир нуқтада тўхтаб қолмайди. Шунинг учун ҳам бу борадаги ишларга янгича суръат бериш доимий эътибор марказида бўлиб келаётир. Буни аҳолининг бандлик даражасини янада яхшилишга доир қонунчилик асосини замон талабига мувофиқ такомиллаштиришга катта урғу берилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Яқинда ўтказилган Олий Мажлис Сенати қирқ биринчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун ана шу мақсадга йўналтирилгани билан эътиборга молик.

Қонун аҳолининг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, норасмий бандлик улушини қисқартириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Мазкур қонун билан Солиқ кодекси ва “Томорқа хўжалиги тўғрисидаги” Қонунга тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммаси амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан, эндиликда йиллик базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорида солиқ тўлаши белгиланмоқда.

Шунингдек, киритилаётган ўзгартишга кўра, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар), иссиқхона, паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъий назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланмоқда.

Шу сабабли “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги Қонундан ер участкаси майдонига қўйилган талаблар чиқариб ташланмоқда.

Айтиш жоизки, қонуннинг қабул қилиниши маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандликни қисқартиришга, расмий бандлар сони ошишига ҳамда фуқароларнинг иш стажига эга бўлишига ва пенсия ёшига етганда ўзи учун мақбул пенсиянинг таъминланишига замин яратади.

Кобул ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Сенатининг

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси

раиси ўринбосари.

Related Articles

Back to top button