Jahon

Москва марказида полиция 200 кишини ҳибсга олди

Айни дамда Қизил майдон ва Манеж майдони ҳудудларига кириш қисман таъқиқланган.

Москвадаги Манеж майдонида 200 дан ортиқ миллатчи ташкилот аъзолари ҳибсга олинди, деб хабар қилмоқда маҳаллий ОАВлар.

Хабарда айтилишига кўра, қўлга олинганларнинг аксарияти миллатчи ташкилот вакиллари бўлиб, уларни тинтув қилиш вақтида ёнидан пичоқ, турли травматик қуроллар, газ баллончалари, кастет ва бошқа таъқиқланган буюмлар топилган.

Полиция уларни рухсат берилмаган намойиш иштирокчилари сифатида қўлга олган. Уларнинг ёнидан ушбу буюмлар топилиши – ушбу кишилар полицияга қаршилик кўрсатишни режалаштирганидан далолат беради, дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 3-4 ноябрь кунлари Россия Федерал хавфсизлик хизмати мухолифатчи Вячеслав Мальцев бошчилигидаги “Артподготовка” яширин ташкилотининг 40га яқин аъзоларини ҳибсга олган эди. Суд ушбу ташкилотни “Экстремистик” — деб тан олган.

Улар 5 ноябрь куни Москва, Санкт-петербург, Красноярск ва яна бир неча шаҳарларда ҳукуматга қарши диверсия уюштирмоқчи бўлган. Хусусан, улар бир неча маъмурий биноларга “Молотов коктейли” ёрдамида ўт қўйишни ва полиция ходимларига ҳужум қилишни режалаштираётган.

ФХХ ўтказган тезкор операция «Артподготовка» режаларини бузиб юборган. Мальцевнинг ўзи чет элга қочиб қолишга улгурган, бошқалар эса — ўз уйида ёки йўл-йўлакай ҳибсга олинган. Ушбу воқеага мутахассислар “ФХХ кичик революцияни олдини олди” — деб баҳо беришмоқда.

Related Articles

Close