Madaniyat

ИСТЕЪДОДЛАРНИ “ТИРИКЧИЛИК” ЮТИБ ЮБОРАВЕРАДИ...МИ?

Бундан ўттиз йиллар аввал институтда сиртдан ўқиб юрган пайтларимда иш жойимда ойлик маошим камлиги учун рўзғорни фаровонлигини таъминлаш мақсадида дуродгорликни ўргандим. Шу-шу кўп йиллар дуродгорлик қилдим. Ўз соҳам бўлган механизация мени қизиқтирсада, мен фақат дастгоҳларга тегишли қисмини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилардим.
Ўша пайтлар ёз кунларининг бирида қишлоғимиздаги канал ёқалаб келаётганимда 3-4 синфларда ўқийдиган болакай каналга кичкина кемачасини суздираётганини кўриб қолдим. Уни масофадан бошқарарди, кемача сувда бир текис сузарди. Қизиқишим туфайли боланинг отасининг уйига бориб суҳбатлашдим, боланинг техникага бўлган қизиқиши мени лол қолдирди: бола рус, ўзбек тилидаги турли китоб ва журналларни тўплаб ўқир экан. Отаси уни Россиядаги кемасозлик ўқув юртига юбориш нияти борлигини айтиб қолди.
-Шу ўғлимни деб турли дастгоҳлар сотиб олдим, ҳаммасини ишлатишни билади, бўш пайтлари ўзим ўргатаман, -деди отаси фахрланиб.
Орадан йиллар ўтиб ўша болани яна кўрдим… мардикор бозорида.
Ишга олиб кетувчиларни кутиб турарди.
Мен ундан мактабни битиргандан сўнг қаерда ўқиганлигини сўрадим.
-Отам вафот этганига тўрт йил бўлди, ўқишга бордим. Имтиҳонлардан ўтдим. Контрактни тўлашга имконимиз етмади. Ўқий олмадим. Ҳозир уйландим. Тирикчилик, кун ўтяпти. Энди ўқишга имконим етмайди.
Мени шундан бери бир савол қийнайди: юртимизда қанча истеъдодларни тирикчилик ташвиши ютиб юбораяпти?
Олий ўқув юртига ўқиш имкони бўлмаган қанча истеъдодлар тирикчилик кетидан қувиб ўз истеъдодини завол қилмоқда.
Ҳамма нарсага пул керак. Фарзандларимизни ўқитиш учун катта пул керак. Пули бор пулини кўпайтириш ғамида, пули йўқ пул топиш ғамида. Келажакда илм-фанни ким ривожлантиради?
Чет эл телеканалларида одамлар бекорчиликдан саёҳатга борганию, ғалати машиналар ясаганларини намойиш қилишади. Бизда эса ёшлар Россияга, Қозоғистонга, имкони етгани Кореяга шошилишади, албатта саёҳатга эмас.
Сабр қилинглар, ҳаммаси яхши бўлади!
Аммо менинг умрим поёнига етай деб қолди, олтмишни қораладим, фарзандларим ҳам ўттизга етай деб қолди. Невараларим мактабга қатнаяпти. Улардан ҳам буюк ихтирочилар ёки оламшумул кашфиётчи чиқишига ишонмайман, чунки уларга дарс бераётган фан ўқитувчилари фақат назарий билимларни ўргатмоқдалар, худди бизга собиқ иттифоқ даврида ўргатишганидек.
“Назария амалиётсиз-ўлик, амалиёт назариясиз-кўр!” А. Суворовнинг бу фикрини ким инкор эта олади?
Ана энди охирги фикримни айтмоқчиман: ҳар бир қишлоқларда бўшаётган коллежларда истеъдодли мактаб ўқувчиларини қизиқиши бўйича текин ўқитиб, назарий ва амалий билимлар чуқур ўргатилса, мустақиллигимизнинг эллигинчи йилларида Ўзбекистондан турли соҳаларда минглаб буюк кашфиётчи олимлар етишиб чиқиши мумкин.

Оловжон

Related Articles

Close