Jahon

Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Бош вазири Бинали Йилдирим иштирокида кеча, 26 октябрь куни икки мамлакат молия ва ишбилармон доиралари учрашуви бўлиб ўтган эди.

Очиқ ва амалий руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Туркиянинг молия ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди, томонларни қизиқтирган аниқ лойиҳалар муҳокама қилинди.

Учрашувда икки мамлакат компаниялари ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланди.

Давлатимиз раҳбари ташриф дастури доирасида Истанбул шаҳридаги машҳур Топкапи саройини бориб кўрди. XV асрда қурилган ва кейинчалик музейга айлантирилган мазкур сарой тарихи, бу ердаги қадимий экспонатлар билан танишди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди. Ташриф давомидаги учрашув ва музокаралар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб берди. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар икки давлат муносабатлари ва қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Related Articles

Close