Bu qiziq

Яна қуёш портладими?

Айримлар ҳеч бир сабабсиз бош оғриғи, кўнгил беҳузур бўлиши, уйқусизлик, лоҳасликни ҳис қилади, яна бировлар баъзи кунларда иш қобилиятининг пасайиб кетиши, руҳий ва жисмоний ҳолати ёмонлашишидан нолийди. Бу каби нохуш ҳолатлар натижасида қон босими кескин кўтарилиб кетиши, ҳатто инфаркт ва инсульт келиб чиқиши мумкин. Одатда, бунинг боиси организмда қандайдир яширин касалликларнинг юзага чиқиши ёки нотўғри овқатланишдан изланади. Аслида эса бу каби ўзгаришлар магнит бўронлари туфайли юз беради.

МАГНИТ БЎРОНЛАРИ НИМА?

Биз Қуёшни фақат ёруғлик ва иссиқ ҳарорат таратадиган юлдуз сифатида биламиз. Ваҳоланки, унда ҳам вақти-вақти билан ўзига хос жараёнлар содир бўлиб туради. Масалан, Қуёш қаърида юз берадиган айрим ўзгаришлар унинг нурлари орқали ерга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Бу улкан юлдузнинг “Қуёш тожи” деб аталадиган қисмидаги ҳарорат тафти миллион даражага яқин. Бу эса шундан далолат берадики, Қуёш материясидаги зарралар шу ҳароратга яраша тезлик ҳамда қувват билан ривожланади, унинг тортиш кучига бардош бергани ҳолда коинотга секундига 200-300 километр тезликда тарқалади. Бу оқим “Қуёш шамоли” дейилади. Қуёш сиртида эса вақти-вақти билан турлича тезликда чақнаш, яъни портлашлар юз бериб туради. Портлаш вақтида Қуёш материясидан ажраладиган зарралар тезлиги секундига 500 километрдан минг километргача тезлашади ва Қуёш шамоли Ергача 1-3 кунда етиб келади. Бу оқим сайёрамизни ўраб турган магнит майдонига таъсир кўрсатиб, кучли тебранишларни келтириб чиқаради ва биз бу ҳодисани “магнит бўронлари” деб атаймиз. 1859 йилда астроном Ричард Кэррингтон Қуёш сиртида улкан портлаш юз берганини кузатган ва бир неча соатдан кейин Ерга кучли электрмагнит оқими етиб келганини пайқаган. Ҳозирда мутахассислар телескоп ва сунъий йўлдош воситасида Қуёш сиртида юз берадиган жараёнлар бўйича олиб борилаётган кузатувларга асосланган ҳолда магнит бўронлари жадвалини тузиб чиқиш имконига эга.

Кэррингтон аниқлаган бўрон энг шиддатли магнит бўрони сифатида қайд этилган бўлиб, бундай кучли магнит бўронлари кейинчалик ҳам кузатилган. Масалан, 1989 йилнинг 16 августи ва 2001 йилнинг 2 апрелида 20 баллик магнит бўрони қайд этилганди. 2003 йилнинг 4 ноябрида эса астрономик кузатувлар тарихидаги рекорд кўрсаткич – 28 баллга тенг магнит бўрони юз берган.

ФАЗОВИЙ ҲОДИСАНИНГ ЕРГА ТАЪСИРИ

Магнит бўронларини оддий сезги аъзолари ёрдамида олдиндан аниқлаб, билиб бўлмайди. Биз фақат унинг рўй бераётганини сезишимиз мумкин. Кучли магнит бўронлари пайтида ҳатто Қутбдан узоқдаги ҳудудларда ҳам Қутб ёғдуси пайдо бўлади.

Магнит бўронлари телерадиосигналларда шовқинни юзага келтириб, электр қурилмаларини ишдан чиқариши мумкин. Бу ҳодиса Ердаги об-ҳаво билан чамбарчас боғлиқ: шиддатли циклонларни вужудга келтиради, булутли кунларнинг чўзилиб кетишига сабаб бўлади. Шунингдек, айрим вақтларда техноген ҳалокатлар магнит бўронлари туфайли юзага келади. Олимлар транспорт ва саноат тармоқларида юз берадиган бахтсиз ҳодисалар айнан магнит бўронлари билан боғлиқ бўлишини исботлашган.

Ўтган асрнинг 50-йилларида немис олимлари Рейтер ва Вернер мингга яқин автоҳалокатни ўрганиб, Қуёшда портлаш юз берган куннинг эртасига йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ортишига амин бўлишди. 1930-йилларда эса Ницца шаҳрида телефон станцияси ишламай қолган кунларда аҳоли ўртасида инфаркт ва инсультга учраш ҳолати кўп қайд этилаётгани аниқланди. Кейинроқ алоқа узилиши магнит бўронларига боғлиқлиги аниқланди ва шундан сўнг бу ҳодисанинг инсон организмига таъсир ўтказиши мумкинлиги борасида дастлабки хулосага келинди. Бирмунча кейин бу хулосани рус медиги Десятов тасдиқлади: унинг тадқиқотларига кўра, Қуёш фаоллиги ошган даврда ўз жонига қасд қилиш ҳодисалари сони 4-5 мартага ўсган.

Шифокорларнинг кузатувларига қараганда, магнит бўронлари юз бераётган пайтда одамлар бош ва бўғим оғриқлари, юракнинг тез уриши, қон босими кўтарилиши, ҳаётий тонуснинг пасайиб кетишидан безовта бўлишади. Мутахассислар магнит бўронлари вақтида инфарктнинг юзага келиши 2 марта, мияда қон айланишининг бузилиши 1,7 марта ошишини қайд этишган. Ер аҳолисининг 50 фоизидан 75 фоизигача магнит бўронларига таъсирчанлиги аниқланган. 20 ёшгача бўлганларнинг фақат 10 фоизи, кексаларнинг 60-70 фоизи магнит бўронларига нисбатан сезувчан кишилардир.

ДАВО ҚАЕРДА?

Магнит бўронларининг организмга таъсири ҳалига қадар батафсил ўрганиб чиқилмаган. Бироқ мутахассислар ўта таъсирчан ҳамда ваҳимага тез берилувчан кишиларда магнит бўронлари вақтида нохуш ҳолатлар кўпроқ юзага келишини таъкидлашади. Шу билан бирга, ҳар бир киши бу даврни нисбатан енгил ва осон ўтказиш усулларидан фойдаланиши мумкин. Агар одамнинг иммунитети паст, қаттиқ стрессни бошидан кечираётган, зўриққан ёки кучли толиққан бўлса, у магнит бўронларига ўта таъсирчан бўлиб қолади. Кайфияти кўтаринки, қувноқ, тетик кишилар эса бу вақтда ўзларида бирор бир нохуш ўзгариш сезишмас экан.

Шифокорлар таъсирчан кишилар учун махсус тавсиянома ишлаб чиқишган. Унга амал қилган одам магнит бўронлари вақтида азият чекмаслиги, нохуш ҳолатлардан осон қутулиши мумкин.

Магнит бўронлари юз бераётган пайтда (ҳозирги даврда бундай кунлар радио-телевизордан эълон қилинади; қолаверса, интернет орқали аниқлаш қийин эмас) спиртли ичимликлар ва ёғли, шўр, аччиқ овқатларни истеъмол қилмаган маъқул. Чой, қаҳвадан кўра оддийгина сувни кўпроқ ичиш лозим. Валериана, маврак, арслонқуйруқ каби тинчлантирувчи доривор ўтлар дамламасидан ичиш ҳам организмга катта ёрдам беради. Очиқ ҳавода кўпроқ вақт ўтказиш керак, эшик-деразалари зич ёпилган хоналарда камроқ бўлган яхши. Ҳар қандай жисмоний зўриқишлардан бу вақтда сақланиб туриш шарт. Ҳар бир киши ўз артериал қон босимининг ҳолатидан доимо хабардор бўлиб туриши керак. Бундай кунларда ўзаро зиддиятга бормаслик ва жанжал-тортишувлардан узоқроқ бўлиш тавсия этилади. Чунки магнит бўронлари юз бераётган кунларда тана ва руҳиятга бироз дам берганингиз маъқул, шунда мазкур ҳодиса сизга таъсир қилмайди.

Хуллас, магнит бўронлари ҳали тадқиқ қилишга, ўрганишга эҳтиёж сезиладиган ҳодиса бўлиб, унинг юз беришини тўхтатиш инсон измида эмас. Бироқ бу фазовий ҳодисанинг таъсирини камайтириш, нохуш ҳолатларга йўл бермасликнинг уддасидан ҳар бир одам чиқа олади. Соғлом овқатланиш, рисоладаги турмуш тарзи, тетик ва аъло кайфият магнит тебранишлари туфайли юз берадиган нохушликларни тез бартараф қилишнинг энг оддий ва синалган усули эканини унутмаслик лозим.
Mulohaza.uz

Related Articles

Close