Kasbim-faxrim

“Долзарб ўн беш кунлик биоҳимоя” тадбири давом этмоқда

Республикада фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, табиат биофондини ривожлантириш ва зараркунандалар кенг тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши биологик кураш ишларини ташкиллаштириш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан 2022-йилнинг 1-апрелидан 25-апрелига қадар “Долзарб ўн беш кунлик биоҳимоя” тадбири эълон қилинди. Ушбу кечиктириб бўлмас ва муҳим бўлган тадбирлар доирасида зарарли организмларга қарши кураш  ишлари изчиллик билан  давом этмоқда.

Биргина ғаллачилик тармогини    олиб қарайдиган булсак, дунёда ушбу сохани ривожлантириш  ва ҳосилдорликни    янада    оширишда    интенсив технологиялар ва биологик химояни   қўллаш  орқали  эришиш  мумкин . Бунда,  етиштирилаётган  бошоқли  дон  экинларини турли касалликлардан ҳимоя қилиш, уларни тарқалиши меъзонини  аниқлаш  ва  самарали  кураш  чораларини қўллаш  ўта  муҳим  ҳисобланади.  Бошоқли  дон экинларини  ўсув  даврида  фитосанитар  ҳолатини доимий  назорат  қилиш,  муайян  касалликнинг  кучли тарқалиши ва ривожланиши хавфи мавжуд бўлганида ўсимликларни  ҳимоя  қилиш  бўйича  тезкор  чора-тадбирларни  қўллаш  орқали  катта  миқдордаги  дон ҳосилини сақлаб қолиш мумкин.

Заминимиз саҳовати ила дастурхонларимизни тўлдириб турган ноз-у  неъматлар даладан то дастурхонга етиб келгунига қадар миришкорларнинг заҳматли меҳнатлари талаб этилади. Айни кунларда  далаларда ғалла парвариши, экинларни зараркунанда хашаротлардан химоя қилиш борасида бир қатор амалий чоралар қўлланилмоқда-ки, буларниннг барчаси сифатли тайёр маҳсулот олишга  йўналтирилган. Бундай агротехник чора-тадбирларни қўллашда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг саъй-харакатлари алоҳида аҳамиятлидир. Маълумотларга қараганда, бир қатор мамлакатларда  зараркунандаларга қарши турли организмлар-йиртқич ва паразит ҳашаротлар, каналар, қушлар ва бошқалардан фойдаланилади. Юртимизда ўсимликларни биологик усулда ҳимоя қилишда олтинкўз, трихограмма ва бракон энтомофаглари кенг қўлланилмоқда. Ҳозирги пайтда ўсимликларни биологик ҳимоя қилишда кенг қўлланилаётган энтомофаглар орасида олтинкўз алоҳида ўринни эгаллайди.

Олтинкўз ҳашаротидан самарали фойдаланиш учун аввало бу кушанданинг биологик хусусиятлари ва қўллаш технологиясини чуқур билиш лозим. Ўзбекистон шароитида асосан оддий олтинкўз ва етти нуқтали олтинкўз кўп қўлланилади.

Таъкидлаш муҳимки,  биомаҳсулот етиштиришнинг ҳам ўзига яраша машаққатли томонлари бор. Хонадаги ҳарорат талаб даражасида бўлмаса биомаҳсулотлар сифатига салбий таъсир қилади, — дейди биз билан суҳбатда Музробот туманида фаолият олиб бораётган биолабаратория ходими Зухра Ҳамдамова. — Масалан, олтинкўз етиштириш хонасидаги ҳарорат 22-25 градусдан ошмаслиги керак. Агар жуда иссиқ бўлса, “эркак”олтинкўз сони ортиб, уруғ кўпайиши камайиб кетади. Тозаликка риоя этиш, озуқа захирасини яратиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб биолабораториямиз 15 тонна арпа, 494 килограмм шакар, 61 килограмм мерва (асалари уяси), 53 килограмм маргарин билан таъминланган. Ҳозирда тумандаги 55 та фермер билан шартнома тузганмиз. Уларга керакли миқдордаги биомаҳсулотлар етказиб берилиб, ходимларимиз томонидан белгиланган меъёр асосида далаларга тарқатилмоқда. Мато тасмаларига қўйилган олтинкўз тухумлари ҳар 2-3 кунда олиниб, тоза мато тасмаларига алмаштирилади. Олтинкўз имаголари ҳар куни тоза банкаларга учириб олинади ва юқоридаги усулда озиқлантириб борилади. Олтинкўз бир ойгача тухум қўя олади. Зарарланган арпадан олтинкўз имаголари тўлиқ учиб чиқа бўлгач, арпалар янгиларига алмаштирилади. Олинган олтинкўз тухумларини қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тадбиқ этилади ёки яна олтинкўз кўпайтиришда қўлланилади. Олтинкўз энтомофагидан қишлоқ хўжалигида фойдаланишда 3-4 кунлик тухумлари ёки личинкалари қўлланилади. Биолабараторияда кўпайтирилаётган олтинкўз энтомофагидан яхши самара олиш учун табиий шароитда ривожланган яъни дала экинзорларида еғиб олинган оддий олтинкўздан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Биологик кураш усули ҳам экологик ҳам иқтисодий томонидан самарали ҳисобланади.

Маълумки, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда биологик усулнинг аҳамияти ортмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усул табиатдаги кушандалардан унумли фойдаланиш , энтомофагларни биолабораторияларда кўпайтириб, далага мавсумий чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратлар қўллашга асосланган. Бугунги кунда вилоятимиздаги ана шундай биолабораториялар фаолият кўрсатиб,    фермер хўжаликлари  учун пахта ва ғалла майдонларига биомаҳсулотларни  етказиб бермоқдалар.

— Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишда кимёвий кураш усулидан фойдаланиш ҳам бор. Аммо турли кимёвий воситаларнинг ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари майдонларига ишлатилиши туфайли теварак-атрофга катта экологик зарар етказилади, шу билан бирга атроф-муҳит, сув ва сув ҳавзаларининг ифлосланиши, табиатдаги фойдали ҳашаротларнинг қирилиб кетиши, биологик мувозанатнинг бузилиши содир бўлади.Инспекциянинг вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан биомаҳсулотлар сифати ва ундан самарали натижага эришиш қоидаларига амал қилиш бўйича мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда, — дейди Ўсимликлар карантини  ва  ва ҳимояси бошқармаси Музработ тумани бўлими бошлиғи Мансур Суламонов. — Энг муҳими, бугунги кунда фермерлар томонидан биомаҳсулотларга ва биологик усулда зараркунандаларга қарши курашишга қизиқиш янада ортган. Бу эса ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларини зарарли ҳашоратлардан сифатли ҳимоя қилиб, келгусида мўл ҳосил олишга замин яратиши билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда аҳоли хонадонларида ҳам қишлоқ хўжалиги экинлари учун фойдали биомахсулотлар етиштирилмоқда. Бу жараёнда асосан, личинкаларни етиштириш технологияларига қатъий амал қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда,  дастурхонларимиз кўрки саналган табиат  неъматларини етиштириш, истеъмолга яроқли холатга келтириш учун миришкорларимиз, фермер хўжаликлар ходимлари, бободеҳқонларимиз  тинимсиз  меҳнатда ва  ҳаракатдалар.

Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини  ва  ва ҳимояси бошқармаси ички карантин бўлими бошлиғи.

Максуд Тўраев, журналист.

Related Articles

Back to top button