Kasbim-faxrim

ҲАЛОЛЛИКДАН БАХТ ТОПГАН ОДАМ

ҲАЛОЛЛИКДАН БАХТ ТОПГАН ОДАМ

Ҳар бир шахс кундалик ҳаётда бирон-бир ҳуқуқий муносабатга киришади. Кимдир меросга эга бўлса, яна кимдир ижара, олди-сотди, ҳадя, кредит муносабатлари билан тўқнашади. Бу каби ҳолатда муайян бир нотариал ҳаракатлар амалга оширилади. Шу боис, мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институт – нотариат тизим фаолият кўрсатмоқда. Шу каби фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг адолатли ва қонуний расмийлаштирилиши келгусида юз бериши мумкин бўлган кўплаб муаммоларга барҳам бериб ортиқча оворагарчиликларга чек қўяди. Ана шундай нозик ва шарафли касбда 45 йилдан буён узлуксиз фаолият юритиб келаётган 75 ёшли натариус Карим Қодиров бугунги ўрганишларга қараганда республикамизда бир соҳада узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ягона натариус.

Қирқ беш йил. Бу саликам ярим аср дегани. Ярим аср бир инсон умрининг эл-юрт хизматига камарбаста бўлиш мумкин бўлган имконнинг ҳаммаси. Аммо, Карим Қодиров фаолиятида бу қоида чекингандек гўё. 75 ёшда бўлишига қарамай ҳамон изланишдан чарчамаган бу инсон замон руҳига мос равишда соҳадаги ўзгаришларни тезда ўзлаштириб хизмат кўрсатишнинг илғор жиҳатларини амалиётга жорий этиш билан банд.
Бир ҳақиқат бор, оиласида ҳаловат бўлган кишининг ишида унум ва барака бўлади. Икки нафар ўғил 4 нафар қизни тарбиялаб элга қўшган Карим Қодировнинг турмушидан фарзандлари тақдиридан кўнгли тўқ.

Халқимизда дарахт бир жойда кўкаради деган нақл бор. Агар шу гап рост бўлса, 45 йил мобайнида ўтқазилган кўчат аллақачон улкан дарахтга айлангани бор гап. Ва унинг соясидан қанчадан қанча ёш ниҳоллар шогирдлар баҳра олишган ва олишмоқда. Зеро, 1975 йилдан токи бугунга қадар битта жойда аниқроғи Музработ туман давлат нотариал идораси катта нотариуси лавозимида ишлаб келаётган Карим Қодиров сингари ўз касбининг фидоийлари фаолияти бошқаларга ўрнак бўлишига шубҳа йўқ. Ҳа яна бир янгилик, архив ҳужжатларини ўрганиш давомида шу нарса аниқ бўлибдики 45 йил давомида Карим Қодиров томонидан расмийлаштирилган бирорта нотариал ҳаракат рад этилмаган ва ноқонуний деб топилмаган. Ана сизга ҳалоллик ва поклик, касбга садоқатнинг яққол намунаси. Одам борки қилган яхшиликларию, эзгу амаллари бесамар кетмайди.

Албатта, Карим Қодировнинг ҳам хизматлари муносиб баҳоланган бўлиб қаҳрамонимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги ПФ-3795-сонли Фармонига биноан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Ҳали яна 45 йил ишлагулик шашти бор бу инсон қанчадан-қанча нотариал ҳаракатларни расмийлаштириб эл-юртимизга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Мақсуд Тўраев

Related Articles

Back to top button