Madaniyat

Туғилган кун уни зиёфатга айлантириш шартми?

Бу қувончли лаҳза ҳар кимга сурур ва завқ бағишлайди. Эҳтимол, бу санада ҳамма ҳам танишларидан эътибор, табрик кутар, бадавлат хонадондаги тенгдоши каби туғилган кунини ҳашаматли ресторанда ўтказгиси келар…

Туғилган кунида фарзандига машина (компьютер, китоб жамланмаси эмас), қимматбаҳо телефон совға қиладиганларни кўриб турибмиз. Айрим қизлар ота-онасидан ўз туғилган кунида қимматбаҳо либос олиб беришни сўрашади.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир танишим туғилган кунида бўлган тадбирдан кейин унинг хотини совғаларни дўконга топширганди. Ҳатто гулларни ҳам.

Ҳа, тўғри топдингиз, бели оғримай пул топганлар ана шунақа «ибрат» кўрсатишади. Бунинг устига боғчада, мактабда, коллежда ўқитувчи, гуруҳ ёки синф раҳбарининг туғилган кунига айнан уларнинг ташаббуси билан пул йиғилади, қимматбаҳо совға олинади. Демоқчиманки, ёшларни бу салбий одатга ўзимиз ўргатамиз.

Натижада туғилган кунида катта ёшдагиларда ишга келмаслик, талабаларда дарсга бормаслик «анъана»га айланди. Ақлини танимаган боланинг туғилган кунида қуда-анда, оғайнилар тўпланиб, соатлаб базму жамшид қилишни ўргандик.

Яқинда қизиқ воқеани айтиб беришди. Лицей директори ўзининг туғилган кунига ўқитувчилардан 30 минг, ўқувчилардан 15 минг сўмдан пул йиғишни топширади. Ва… тўпланган маблағни олиб, дўстлари билан ўтиришга кетади, жамоанинг табригига ҳам сабри чидамайди.

Аҳвол шу даражага етдики, агар туғилган кунимизда йўқламаса, совға бермаса, энг яқин кишимиздан ҳам хафа бўладиган одат чиқардик. Ишхоналарда эса раҳбарнинг туғилган кунини байрам қилиш одатий ҳолга айланди. Оддий ходимларга эса туғилган кунида битта гул бериш ҳам эсга келмайди.

Йўқ, ҳурматли муштарий, бу иддао эмас. Туғилган кун ҳар бир инсон учун қадрли лаҳза. Бу лаҳза қувончини оила аъзолари билан баҳам кўрмоқ маъқул, демоқчиман, холос. Акс ҳолда, у таъма, миннат, худбинлик ва бошқа салбий кўринишларга айланиб қолиши мумкин. Сиз нима дейсиз?

Фармон ТОШЕВ,
«Зарафшон».

Related Articles

Close