O`zbekiston

Фермерлар кенгаши раиси: Одамлар пахтани қўл билан териши керак деган фикрдан узоқлашмоқдамиз

19 октябрь куни Халқаро пресс-клубда фермер хўжаликлари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Daryo.uz» хабар бермоқда.
Йиғилиш спикерлари адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов, Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Баҳодир Тожиев, Қонунчилик Палатаси аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари эгалари кенгаши раиси Баҳодир Юсупов, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси ўринбосари Мақсуд Рўзиметовлар бўлди.

Фермерлардан бири анжуман чоғида спикерлар саволларга тўлақонли, қониқарли жавоб қайтармаётганидан нолиди:

«Кеча мен таниш фермерлар билан телефонлашдим, уларнинг хўжаликларида нималар бўлаётганини сўрадим. Кўпчилик дон ва пахта режаси каби масалалар устида ўйламоқда. Улар тақдим этилган пул етмаётганини айтди. Бир неча гектарга 500 килограмм миқдорида ишлатиладиган селитра ва бошқа ўғитлар кўпинча керакли миқдорда етиб келмаяпти, баъзан ҳатто улар умуман йўқ. Трактор топиш қийинлашиб бормоқда. Нега ҳеч ким бу ҳақда сўрамаяпти? Ҳокимиятларга бу мақсадларда пул ажратилади, лекин фермер ресурслар тақсимотини шахсан назорат қила олмайди. Бу ишни ҳокимият қилади. Сиз кўп фермерлар бугун яхши натижаларга эришаётганини айтасиз — уларни кимдир қўллаб-қувватлайди.

АҚШда, статистика бўйича, аҳолининг бор-йўғи 3,7 фоизи қишлоқ хўжалигида банд. Бизда аҳолининг ярмидан кўпи аграр секторда, нега биз улардан кучли ортда қолмоқдамиз? Биз ҳалигача кетмон билан ер чопамиз. Ривожланган мамлакатларда аллақачон техникадан фойдаланилади, секторни ривожлантириш учун барча шароит бор».

Саволларга Баҳодир Юсупов жавоб берди:
«Биз барча ишсизлар фермерга айлансин деган фикрни назарда тутганимиз йўқ. Бизнинг мақсадимиз — аҳоли эътиборини чет элга кетиб, мардикор бўлиш ўрнига уйдаги ер участкаларидан фойдаланишга қаратиш.

Сиз айтган муаммолардан бохабармиз. Тендердан ўтмай, бошқанинг техникасидан фойдаланиб, ўз меъёрини бажармаётган тракторчилар бор. Айрим воситалар тўлиқ берилмаётган пунктлар бор — бу масъулиятсиз ва саводсиз одамларнинг айби. Улар эртанги кун ҳақида ўйламайди.

Механизация соҳасида ҳукумат ҳар қандай ёрдамни тақдим этмоқда. Масалан, Тошкент туманининг Қуйичирчиқ туманида, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида пластик карталардан фойдаланишга юз фоизга ўтилган. Маълумки, Президент 1 килограмм пахта учун окладни ошириш ҳақида фармон имзолади, ҳосил йиғиш натижалари ҳам кўтарилди. Энди биз одамлар пахтани қўлда териши керак деган фикрдан узоқлашмоқдамиз. Биз имкон қадар аҳоли учун қулай турмуш шароитлари яратишга кўмаклашиб борамиз».

Related Articles

Close