Касбим-фахрим

ТИРИКЧИЛИКНИНГ АЙБИ ЙЎҚ…МИ? ёхуд хуфёна бензин постлардан қандай ўтмоқда?

Шу йил ижтимоий тармоқларда Самар­қандда бензин солинган баклажкалар ортилган машина ёниб кетгани тўғрисида шов-шув бўлганди. Хайриятки, ёнғин қурбонларсиз кечган. Бироқ бу каби воқеалар қўлда бензин сотувчиларга сабоқ бўлмаяпти. Зеро, мазкур иллатни йўқ қилишга қаратилган қатор чора-тадбирларга қарамай, туман марказлари, қишлоқ жойлардаги баъзи хонадонларда ноқонуний равишда бензин сотилаётгани сир эмас. Қуйида мухбирларимиз жойлардаги ушбу муаммо билан боғлиқ аҳвол хусусида сўз юритади.

Ғишт борми… Топилади

— Шахсий автоулов билан Андижонга меҳмонга келсангиз, йўл четига тескари «Т» шаклида қўйилган икки дона ғиштга кўзингиз тушса, ўша жойда ноқонуний бензин савдоси ташкил қилинганлигига ишонаверинг, — дея хабар беради вилоятдаги мухбиримиз Нурилло Нўъмонов. — Аммо «қўлдан қуйиладиган» ёнилғининг баҳоси одатдаги нарх-наводан ўртача 25 фоиз қиммат — бир литри 4 минг сўм атрофида. Чўнтагингиз кўтарса бас — бакни тўлатиб олишингиз мумкин. Дарвоқе, ғишт билан боғлиқ қизиқ ҳолат…

Шохобчаларда бензин тақчил кунларда хорижлик сайёҳ Андижонга келибди. Ўчакишгандай меҳмон минган таксининг ёнилғиси тугаб қолибди. Ҳайдовчининг бахтига яқин атрофда ҳудудга хос белги — иккита ғишт турган экан. Дарҳол эҳтиёж қондирилибди.

— Бизда шунақа, сабабини билмайману, ғиштдан «бензин сотилади» деган мазмунни билдирувчи белги сифатида фойдаланишади, — дея хорижликка тушунтирибди ҳайдовчи.

Бироз юришгач, йўл бўйида бир машина ғишт уюми кўринибди. Сайёҳ ҳайдовчига яна савол берибди:

— Нима, бу атрофда нефтбаза борми?..

Бу-ку ҳайдовчилар орасида кенг тарқалган ярим ҳазил, ярим чин латифа. Аммо ноқонуний бензин савдосини ҳар қачон учратасиз. Айниқса, шохобчаларда ёнилғи камайган кунлари шоввозларнинг бозори чаққон.

Масалан, Шаҳрихон туманига кираверишда — чорраҳа ўрнида каттакон айлана бор. Чорраҳага яқин ҳудудда норасмий бекат жойлашган. Бу ерда кўпинча Тошкентга йўловчи ташувчи енгил автомобил ҳайдовчилари мижоз кутишади. Ва, албатта, аксарият ҳолларда улар томонидан бензин савдоси ҳам ташкил этилади.

— Бензин керакмасми? Тозасидан бор, Тошкентдан келтирилган, — деган чақириқ ёнилғи топилмаган кезларда ҳайдовчилар жонига оро киради.

Тўғри, ички ишлар бошқармасининг ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ҳамкор ташкилотлар билан бирга юқоридагидек ҳолатларга барҳам бериш мақсадида қўшма рейдлар ўтказиб келмоқда. Аммо, бизнингча, масъул ташкилотлар мазкур муаммо билан янада жиддийроқ шуғулланиши зарур.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Яқинда Андижон шаҳрида юқоридагидек ноқонуний савдо билан шуғулланиб келаётган ҳайдовчилардан бири А.Т. ўз хонадонида автомобил бакидаги бензинни елим идишларга тақсимлаётган чоғида сигарет қолдиғидан ёнғин келиб чиқди ҳамда танасининг 30 фоиз қисми куйиб жароҳат олди. Даромад топаман деб ўзини турли йўлларга уришнинг мана шундай аянчли оқибатлари ҳам борлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Айни кунларда вилоятдаги аксарият хусусий ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бензин топса бўлади. «АИ-80» маркалиси – бир литри 2 минг 800 сўмдан, «АИ-91» маркадагиси эса 3 минг сўмдан сотилмоқда. Бироқ мавжуд эҳтиёжни мунтазам равишда қоплай олмаслик муаммоси бор гап.

ТанҚислик  сунъийми?

 — Нима қилиш керак? Машина ўзимники, янги, ҳали газ баллон ўрнатмадим. АЁҚШда бензин йўқ. Қўлда сотиладиган бензин сифати ёмонлигини билсам-да харид қилишдан бўлак иложим йўқ, — дея бу ҳолатни изоҳлайди Қўшработ туманида яшовчи Азамат Қўшмуродов. — Вилоят марказидаги айрим АЁҚШ­ларда навбат билан бўлса ҳам бензин олиш мумкин. Бироқ у ергача ҳам етиб олиш керак. Бундан ташқари, ҳар сафар бензин керак бўлганда марказга бориб келавермайман-ку. Тўғрисини айтсам, баъзи мутасаддиларнинг «бензин тақчил, шунинг учун «заправка»да йўқ» деган тушунтиришларига ишонмайман. Агар рост­дан ҳам тақчил бўлганда қўлда ҳам бўлмаслиги керак эди. Хонадонларда бензин сотаётганлар ҳам уни қаердандир олишяпти-ку… Менимча, тақчиллик сунъий равишда вужудга келтирилади.

Дарҳақиқат, бугун А-80 бензиннинг давлат баҳоси 2800 сўм. Ҳар ҳолда пойтахт АЁҚШларидан мазкур нарҳда бемалол ёнилғи харид қилиш мумкин. Бироқ вилоятларда бакалажкада бензин сотиш билан тирикчилик қилаётган «савдогар»лар унинг литрини 3800 дан 4000 минг сўмгача пуллашмоқда. Албатта, олинган даромаддан солиқ, бошқа мажбурий тўлов ва йиғимлар тўланмайди. Чунки бу тартибда ёнилғи сотиш тақиқланган ва аслида, қонун орқали жазоланиши керак. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши, бош­қа зарур шароитлар тўғрисида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Бензин сотаётган хонадон эгалари даромад қиламан деб нафақат қонунларни бузаяпти, балки оила аъзолари ҳаёти ва соғлиғи, мол-мулкини жиддий хавф остига қўймоқда. Қолаверса, айрим бензинфурушлар ёнилғига анчагина миқдорда газолин моддасини қўшиши, бу машинанинг техник ҳолатига зиён етказиши ҳам сир эмас.

Бекободда бензин бор

Мухбиримиз Озода Мамадалиеванинг маълумотларига кўра Тошкент вилоятидаги АЁҚШларда бензин ­танқислиги кузатилмайди.

— Бир неча йилдан буён турли АЁҚШларда операторлик қилиб келаман, — дея мухбиримизга тушунтириш беради Бекобод шаҳридаги «Бек ойл» МЧЖга қарашли шохобчада ишловчи, ўзини таништиришни истамаган оператор. — Ҳақиқатан, илгариги йилларда туманда мазкур масалада жиддий камчиликлар бор эди. АЁҚШлар олдида бир неча километрлик навбатлар пайдо бўларди. Бензин асосан қўлда сотилган. Ҳозир бу камчилик бартараф этилди. Деярли барча АЁҚШлардан бемалол ёнилғи харид қилиш мумкин. Бошқа вилоятларда бензин анқонинг уруғи бўлиб кетгани тўғрисидан кўп эшитамиз. Эҳтимол, биз пойтахтга яқин бўлганимиз учун таъминот яхшидир.

Аммо, не ажабки,  «Бек ойл» МЧЖга қарашли мазкур АЁҚШнинг ўзида бензин бир ярим ойдан буён сотилмаётган экан. Оператор бунинг сабабини корхона ҳисоб рақамида етарли маблағ йўқлиги билан изоҳлаган.

— Пулини тўласак, лимитимиздан келиб чиқиб бизга ҳам ёнилғи  ажратилади, — дея суҳбатни якунлаган оператор.

Қўлдан Қўлга…

Мухбирларимизнинг хабар беришича, қўлда сотилаётган бензиннинг асосий қисми пойтахтга қатнайдиган таксичилар томонидан олиб борилар экан. Хўш, қўлдан қўлга етаётган ёнилғи, дейлик Тошкентдан олингач, чекка ҳудудларгача етиб бориши учун назорат постларидан қандай ўтяпти?

— Тошкентга қатновчи таксичилар машина бакини бензинга тўлдириб қайтишади, — дейди чустлик ҳайдовчи Улуғбек Саримсоқов. — Дея­р­ли барчасининг машинаси газ билан юради. Шунинг учун бакдаги бензинни сотишади. Шунда литрига 500 сўмдан қўшимча даромад олади. Шаҳримизда халқ орасида «Тошкент питак» деб ном чиқарган машиналар тўхташ жойи бор. Бензин савдоси, айниқса, шу ерда қизийди. Ҳайдовчилар «улгуржи харидорлар»нинг идишларига бакдан ёнилғини қуйиб беришади. Яна қизиқ жиҳати, қўлда бензин сотадиган «марказ»ларнинг аксарияти АЁҚШларнинг рўпарасида жойлашган.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ўзини таништиришни истамаган ҳайдовчи эса вилоятларга кетаётганда йўлда ноқонуний равишда бензин ташиётган таксичиларни кўп учратганини, улар «маҳсулот»ларини бирор-бир тарзда яширмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Тошкентдан, мисол учун Термизга бензин олиб кетаётган баъзи таксичилар йўловчи ўрнига, «Нексия»га 500 литргача ёнилғи юклаб олиши мумкин. Бунинг учун ҳайдовчи аввалига Тошкентдаги АЁҚШлардан бирига кириб машина бакини тўлғазиб чиқади. Панароқ жойда ёнилғи бошқа идишга тўкилади ва зарур миқдорда ёнил­ғи жамғарилгунча АЁҚШга шу тарзда қайта-қайта кирилади. Машина юкхонаси, орқа ўриндиқларнинг усти-ости, ҳатто олди ўриндиқларнинг ости ҳам турли ҳажмдаги пластмасса идишларга жойланган бензин билан лиқ тўлади. Қизиғи, «юк» устига шунчаки бирор латта ёки кўрпача ташлаб қўйилади, холос. У бирор-бир айёрона тарзда яшириб қўйилмайди. Шу ўринда бир жиҳат бизни ажаблантиради. Пойтахтдан Термизгача тахминан ўн, ўн иккита пост бор. Унда ноқонуний ёнилғи ушбу постлардан қандай ўтказилаяпти?…

Эҳтиёж нимада?

Энди, барча ҳолатларни таҳлил қилиб кўрайлик. Хўш, айтайлик, ўша пана-пастқамда, ҳаётини хатарга қўйиб бензин ташиётган ҳайдовчи сиқилган газда юрувчи автомобилига шунча миқдорда хавфли ёқилғи ортишнинг ҳаёт учун нақадар хавфли эканини билмайдими?! Кўпи билади. Иккинчидан, агар республиканинг барча ҳудудий АЁҚШларида бирдек, ўзгармас нархда бензин сотилса, ғайриқонуний ташишлар ўз-ўзидан барҳам топмайдими — топади, албатта. Учинчидан, кузатилган айрим АЁҚШлар ўз лимитлари доирасида келтирилган бензинни «йўқ»қа чиқариб, хилватда қўлда сотувчиларга қимматга пулламаса янаям олам гулистон бўлади. Бу гапнинг исботини, нархига тортишиб, бир-икки бор «қўл»дан бензин олсангиз, соддагина «бензинфуруш» айтиб қўя қолади…

Бизнингча, инсонлар ҳаёти, ­соғлиғи, мол-мулкига хафв солувчи, ҳуқуқбузарликка ундовчи бу каби шароитлар вужудга келишида вилоятларимизда эҳтиёжга яраша ёнилғи маҳсулотларининг йўқлиги ёки  «йўқ» дейилиши сабаб бўляпти. Бу масалага тегишли мутасаддилар эътибор қаратишига ишонамиз.

Улуғбек ИБОДИНОВ,

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ, 

 «Ishonch» мухбирлари

 

 

Related Articles

Close